Click to listen highlighted text!

ЯНГИ ЙИЛНИ МУНОСИБ ҚАРШИЛАДИК

Юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Сирдарё вилояти аҳолиси ҳам кириб келган янги -2016 йилни кўтаринкилик руҳида кутиб олди.

Юртдошларимизга қулайликлар туғдириш мақсадида Гулистон шаҳри ҳамда барча туман, шаҳар марказларида янги йил ярмаркалари фаолият юритди. Ушбу ярмаркаларда янги йил дастурхони учун харид қилинадиган барча маҳсулотлар бозордагидан арзон нархларда, нақд пул ҳамда нақд пулсиз пластик карточкалар орқали сотилди.

– Байрам дастурхонига   гўшт ва  қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, мева ва ширинликлар, турли салқин ичимликларни Гулистон шаҳридаги байрам ярмаркасидан харид қилдик, – дейди ЎзТелеком АК Сирдарё филиали ишчиси Дилдора Саримсоқова. –Асосийси, сифати ҳам яхши, нархи ҳам арзон, бизга айниқса, нақд пулсиз ҳисоб-китоб қилингани маъқул бўлди. Янги йилни шоҳона безатилган дастурхон атрофида кутиб олдик, биз учун қулайликлар яратган барча-барчага мингдан минг раҳмат!

Олим Хўжаев номли вилоят мусиқали драма театри майдонида безатилган арча атрофи байрам кунлари ёшлар, фарзандларини ва невараларини етаклаган шаҳарликлар, туманлардан ташриф буюрган меҳмонлар билан гавжум бўлди. Айниқса, Янги йил байрами қаҳрамонлари – Қорбобо ва Қорқизлар билан суратга тушган, турли ўйинларда иштирок этган болажонлар олам-олам таассуротлар билан қайтишди уйларига.

– Мана юртбошимиз томонидан эълон қилинган 2016 йил «Соғлом она ва бола йили»ни ҳам қаршиладик, эндиликда бор куч-ғайратимизни озод ва фаровон юртимизнинг тараққиёти учун сарфлаймиз, – дейди  фарзандлари билан олис Сардоба туманидан вилоят марказига ташриф буюрган Соҳиба Пирматова.

Байрам қатнашчилари шунингдек, арча рўпарасига ўрнатилган баланд саҳна атрофида вилоят маданият бошқармаси томонидан ташкиллаштирилган концерт дастурларини томоша қилдилар ва шўх-шўх рақсга тушдилар.

 

Зебо Ҳайдарова

 

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!