Click to listen highlighted text!

СИРДАРЁ ВИЛОЯТ КАСАБА УЮШМАЛАРИ ТАШКИЛОТЛАРИ БИРЛАШМАСИНИНГ ВИЛОЯТ АҲОЛИСИГА МУРОЖААТИ

Ризқ-насибамиз файзу баракаси, фаровонлик мезони!

Мустақиллик берган имкониятлар,  Президентимиз бош-қошлигида халқимизнинг юртимизда давом этаётган истиқболли ислоҳотлар ижросини таъминлаш йўлидаги фидокорона саъй-ҳаракатлари натижасида  мамлакатимизда мисли кўрилмаган даражада ютуқларга эришилмоқда. Бу муваффиятларимизни халқаро ҳамжамият тан олиб, ривожланишнинг «ўзбек модели» дея эътироф этаётгани она юртимизда яшаётган ҳар бир инсоннинг бир ғайратига минг ғайрат қўшиб, уларни янги марралар сари ундамоқда.

Бу жараёнда яратилаётган имкониятлардан фойдаланиб, Ўзбекистонимиз заминида меҳнат қилиб, халқимиз фаровонлгига баракали ҳисса қўшиб келаётган миришкор деҳқонларимиз  ҳимматидан элу-юри мамнун. Бу ўринда аҳоли ва деҳқон хўжаликлари томорқаларида турли маҳсулотлар етиштирилиб, дастурхонимизга тақдим этилаётгани, яъни юртдошларимизнинг тадбиркорона меҳнати, куч-ғайрати алоҳида ўрин тутади. Шуни ҳам мамнуният билан таъкидлаш жоизки, мўъжаз шахсий хўжаликларда етиштирилган турли хил маҳсулотлар мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг каттагина қисмини ташкил этади.

Муҳтарам Президентимиз таъбири билан айтганда, ерни қанчалик эъзозласак, у бизга шунча кўп рисқу-насиба бераверади. Республикамизда шахсий томорқа хўжаликларида қишлоқ хўжалик ва бошқа турдаги маҳсулотларни етиштиришга алоҳида эътибор қаратилиб, ушбу йўналишда кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилаётгани бежизга эмас.

Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози даврида, озиқ-овқат танқислиги дунё ҳамжамиятини ташвишга солиб турган шароитда ўз томорқаларида юқори ҳосилдорликка эришиб, шунингдек, яна гўшт, сут, парранда маҳсулотлари тайёрлаб, эл маъмурчилиги ва тўкинчиликни таъминлаб келаётган юртдошларимизга тасаннолар айтиш жоиз. Уларнинг меҳнатлари  муносиб баҳоланмоқда. Зеро, кўпчилик унчалик назарига илмайдиган томорқа ерларида мамлакатимизда етиштирилаётган ялпи ҳосилнинг залворли қисмини етиштириш мумкинлиги бугун ортиқча исбот, далил талаб қилмайди. Аммо, барча томорқа соҳиблари ҳам яратилаётган имкониятлардан масъулият билан унумли фойдаланмоқда, деб бўлмайди. Таёқни суқса ҳосилдор дарахтга айланадиган саҳий еримизнинг умри зое кетказилаётган ҳоллар ҳам афсуски, учраб турибди.

Шу боис, каттами, кичикми, ҳар бир томорқа эгасини ҳар қарич ердан оқилона фойдаланиб, эл дастурхонини янада тўлдиришга муносиб ҳисса қўшишга чақирамиз!   Доно халқимиз «тома-тома кўл бўлур» деганларидек, нафақат мамлакатимиз, балки хорижий ўлкаларга ҳам ўзбек халқи ва Ўзбекистон заминидан қувват олган, олтиндек товланувчи ҳар хил мевалар, дармондориларга бой сабзавотлар, ширин-шакар полиз маҳсулотларини экспорт қилиш  орқали салоҳиятимизнинг янада юксалишига муносиб ҳиссамизни қўшайлик!

Азиз ватандошлар!

Халқимизнинг «Сен ерни боқсанг-ер сени боқади» деган пурмаъно нақли бекорга айтилмаган. Бугунги кунда инсон саломатлигини мустаҳкамловчи, экологик тоза маҳсулотларни етиштириш учун имкониятимиз ҳам, салоҳиятимиз ҳам, шарт-шароит ва имтиёзлар етарли. Бу эса айни пайтда моддий эҳтиёжимизга хизмат қилиш билан бир қаторда ёш авлод вакилларини соғлом ва бақувват қилиб ўстириш, соғлом турмуш тарзини шакллантиришнинг моддий негизини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга.

Шундай шароитда ўз ҳовлимиздаги, деҳқон хўжалигимиздаги ерларимизнинг ҳар қаричидан унумли ва самарали фойдаланиш, сабзавот ҳамда полиз экинлари экиш ҳамда мўл ҳосил етиштириш орқали файзу барака ва тўкин-сочинликнинг янада ортишига муносиб ҳисса қўшиш ҳар биримизнинг халқпарварлик, ватанпарварлик ишимиздир.

Ушбу хайрли ишларда кенг жамоатчиликнинг, хусусан, маҳалла фуқаролар йиғинлари, хотин-қизлар қўмиталари, ёшлар ташкилотлари, нуронийларимиз, тадбиркорлар, барча ташкилотлар  фаоллари ҳамда аъзоларининг жипсликда ва ҳамжиҳатликда фаоллик кўрсатишлари айни мудда бўларди

Азиз дўстлар!

Барчамиз биргаликда ўз томорқаларимиздан унумли фойдаланиб, оиламиз, туман, шаҳар, вилоят ва республикамиз аҳолиси дастурхонини ноз-неъматлар билан тўлдириб, маъмурчилик ва тўкин-сочинликни таъминлашга муносиб ҳисса қўшайлик! Ернинг ҳар бир қаричи инсонларга хизмат қилишини таъминлайлик. Мўъжазгина томорқамизда етиштирилган ажойиб ноз-неъматларимиз билан ҳам дунёни янада ҳайратга солайлик.

Шахсий хўжаликнинг энг сердаромад соҳаларидан бири бўлган чорвачилик, паррандачилик кабиларга эътибор бериш ҳаётимизга янада фаровонлик, рўзғоримизга барака киритишини ҳам ёддан чиқармайлик. Зеро, халқимиз бу соҳани ҳақли равишда «етти хазинанинг бири»  деб атайди.  Чорвачиликда гўшт, сут етиштириш  йўналишида бўладими, паррандачилик йўналишидами –қай бирига меҳр қўйсангиз ҳам афсусланмайсиз. Оилангизда гўшт, сут мўл-кўл бўлиши билан бирга элу юрт дастурхонига шу неъматларни баҳоли қудрат етказиб бериш имконияти бисёр.

Шуни алоҳида айтиш жоизки, бугун ҳар бир туманда оилангиз эҳтиёжидан ортиқча маҳсулотларни улгуржи харид қилувчи агрофирмалар фаолият юритмоқда. Ушбу агрофирмалар орқали маҳсулотингизни томорқангизнинг ўзидан  сотиб юбориш имконияти мавжуд.

Бугун  томорқасини гуллатиб, шахсий хўжалигида уй ҳайвонлари боқиб, ўзини ва юртдошларини  сабзавот ва мевалар, гўт-сут ва парранда маҳсулотлари билан таъминлайман деб бел боғлаган ҳар бир юртдошимизни ҳукумат даражасида ҳар тарафлама қўллаб-қувватланмоқда.

Шу ўринда юртбошимиз топшириқларига кўра Сирдарё вилояти аҳолисига  барча тижорат банклари томонидан ушбу мақсадлар учун 59 миллиард 471 миллион сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилиши белгиланганини  таъкидламоқчиман. Маблағларнинг 9 миллиард 278 млн сўми уруғлик ва кўчатлар сотиб олиш, ва  қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш учун, 50 миллиард 193 млн сўми уй ҳайвонлари (қорамол, қўй, эчки, парранда, қуён) сотиб олиш учун ажратилади. Оилангиз  фаровонлиги – юрт фаровонлигининг асоси эканлигини унутманг, ушбу имкониятлардан ўз вақтида фойдаланинг! Зеро, асл деҳқон «вақтинг кетди-нақдинг кетди» мақолини яхши билади.

Шуни ҳам алоҳида айтиш зарурки, сизлар учун янада қулайлик  яратиш мақсадида барча жойлардаги маҳалла фуқаролар йиғинлари қошида ташкил этилган  кўчма дўконлардан уруғлик ва кўчатларни харид қилишингиз мумкин.

Ён-атрофингизда деҳқончилик ёки чорвачиликдан барака топган шахсий хўжаликлар оз эмас. Улардан ўрнак олинг ва Ватанимиз озиқ-овқат заҳирасини бойитишга турмушимизнинг бундан ҳам фаровон бўлишига муносиб ҳиссангизни қўшинг. Биргалашиб эл маъмурчилиги ва юрт фаровонлиги йўлида янги марраларни забт этайлик.

АЗИЗ  СИРДАРЁЛИКЛАР!

Бугун вилоятимиз қишлоқ туманларидаги  ҳар бир хонадон ўз томорқасига эга. Ана шу мўъжазгина ерга меҳрини бериб, қалб қўри билан меҳнат қилаётганлар кам бўлмаяпти. Томорқадан олинган фойда эвазига фаровон яшаётган, енгил автомашина сотиб олаётган, тўйлар қилаётган хонадон соҳибларини ҳар бир кўчада, маҳаллада, қишлоқда кўплаб учратиш мумкин. Элу- юрт фаровонлигига муносиб ҳисса қўшаётган бундай юртдошларимиз ташаббусини қўллаб-қувватлайлик!

Ана шунда хонадонимиз файзига файз қўшилиб, дастурхонимизга барака ёғилади.

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!