Click to listen highlighted text!

СОҒЛОМ БОЛА – ЮРТ КЕЛАЖАГИ

Ёз мавсумини Зомин тоғлари бағрида жойлашган «Гулистон» оромгоҳида яйраб ўтказаётган сирдарёлик болажонлар учун ҳар куни турли қизиқарли тадбирлар, спорт мусобақалар ташкил этилмоқда.

Хусусан, болаларнинг бўш вақтларини кўнгилли ўтказиш ҳамда болаларни спортга жалб этиш орқали улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида  “Гулистон”  ва “Сирдарё” оромгоҳларининг биринчи сменасида  17 июнь куни  “Соғлом бола – юрт келажаги” шиори остида турли спорт мусобақалари ўтказилди.

– Футбол, шахмат ва шашка, стол тенниси ва бадиий гимнастика бўйича ўтказилган мусобақаларда 80 нафар ўғил-қиз иштирок этди, – дейди  “Гулистон ” оромгоҳи спорт тўгараги раҳбари Эркин Чўтанов. –  Мусобақаларнинг энг фаол иштирокчилари  оромгоҳ раҳбариятининг фахрий ёрлиқлари ва ҳомийларнинг совғалари билан тақдирландилар.

– Мен “Гулистон” оромгоҳига ҳар йили ёз мавсумида келаман, – дейди Янгиер шаҳрилик 6-умумтаълим мактаби ўқувчиси Мадина Ҳайдарова. – Оромгоҳда бу йил тадбирлар илгаригидан-да жуда қизиқ ва мароқли ўтяпти. Ҳар бир кунимиз мазмунли ўтиши учун  ҳаракат қилаётган тарбиячи ва етакчиларимиздан жуда ҳам миннатдормиз.

– Бизнинг “Болалар шаҳарчаси” тарбияланувчилари ҳар йили ёз мавсумида “Сирдарё” оромгоҳида мазза қилиб ҳордиқ чиқаради, – дейди  Дурдона Эржигитова.- Бу ерда бизга меҳрибон тарбиячиларимиз ва турли тўгараклар раҳбарлари турли ўйинлар, рақслар ўргатадилар, шеър декламация қилиш каби қизиқарли машғулотларни ўтадилар. Барчамиз шахмат ва шашка, стол тенниси билан шуғулланишни хуш кўрамиз. Мана бугун ҳам бизнинг жамоамиз спорт мусобақаларининг барча турларида фаол иштирок этди.

– Бу йил “Сирдарё” оромгоҳида Болалар шаҳарчамиздан 80 нафар тарбияланувчиси мазза қилиб ҳордиқ чиқаряпти, ўғил-қизларимиз бу ерда нафақат дам оладилар, балки турли тўгаракларда билим ва кўникмаларини оширадилар, дўстлар орттирадилар. Биз барча ҳомийларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз, – дейди Болалар шаҳарчаси директори Покиза Ахмеджанова.

Зебо Ҳайдарова.

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!