Click to listen highlighted text!

ЭНГ АЗИЗ ВА ЭНГ УЛУҒ БАЙРАМГА БАҒИШЛАНДИ

       Юртимизда Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги байрамига катта тайёргарликлар кетаётган бир пайтда, вилоятимизда фаолият юритаётган байрага катта-кичик меҳнат жамоаларида “Ким эдигу ким бўлдик?” мавзусида маънавият соатлари ўтказилмоқда.

          Маънавият соатларида Гулистон Давлат университети профессор-ўқитувчилари, ёзувчи ва шоирлар,  Олим Хўжаев номидаги вилоят мусиқали драма театри актёрлари, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси масъул ходимларидан иборат маънавият-тарғибот гуруҳи иштирок этиб, ишчи-ходимларга Истиқлол йилларида мамлакатимизда рўй берган янгиланишлар ва эришган ютуқларимиз ҳақида маълумотлар беришмоқда.

        Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси фаоллар залида бўлиб ўтган маънавият соати ҳам ана шу мавзуга бағишланди. Тадбирни бирлашма Кенгаши раиси ўринбосари Қаршибой Эшназаров очди ва олиб борди. Тадбирда Олим Хўжаев номли вилоят мусиқали драма театри актёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Адҳам Абдуллаев маърузаси билан иштирок этди.

         Маърузачи ватанимиз тарихи, ўтмиши ва бугунига тўхталар экан, Истиқлол йилларида маданият ва санъат йўналишида ҳам рўй берган ўзгаришлар ҳақида сўзлади. Буюк бобокалонларимиз тарих саҳифаларида қолдириб кетган ёрқин излар ҳар биримизнинг кўксимизни ҳақли равишда фахрга тўлдиради. Актёр ижросидаги Алишер Навоий монологи тадбир иштирокчилари томонидан қарсаклар билан кутиб олинди. Шу билан бирга театрнинг янги репертуаридан “Тўй”спектаклидан парча ижро этилди. Ушбу парчада жамиятимизда учраб турган салбий ҳолатларнинг оқибатлари ҳақида  намойиш этилиб, фуқаролар огоҳликка чорланди.

     – Маънавий озуқа ҳар бир инсон учун муҳим аҳамиятга эга бўлиб, жамиятимиз ривожида маънавиятли, маърифатли  аъзоларнинг  алоҳида ҳиссаси бор, – деди ВКУТБ раиси ўринбосари Қ.Эшназаров маърузачига меҳнат жамоаси номидан миннатдорчилик билдирар экан. – Насиб этса, Истиқлолимизнинг 25, 50, 75, 100 йиллик тўйларини нишонлайдиган ёруғ кунларимизни маърифатли жамият билан қаршилаймиз. Фуқаролари мустаҳкам эътиқодли, маънавиятли, буюк аждодларию замондошлари билан чинакам ғурурланадиган элнинг келажаги порлоқ бўлиши шубҳасиз.

        Тадбир сўнгида, шунингдек, бирлашма ходимлари ҳам маърузачига ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.

      – Байрам арафасида албатта, меҳнат жамоаларининг театрга ташрифини ташкиллаштиришни кўнглимга тугиб қўйдим, – дейди соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси вилоятдаги масъул ташкилотчиси Раъно Абдалимова. – Бу ташриф  касаба уюшмаларининг меҳнаткашлар учун муносиб байрам совғаси бўлади.

 

Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!