Конституциямизнинг 24 йиллиги олдидан! ИНТЕРНАТ УЙЛАРИГА КАСАБА УЮШМА СОВҒАЛАРИ
Мустақил ва суверен Ўзбекистон давлатининг ташкил топиши ва ривожланиши, унинг халқаро майдонда муносиб обрў-эътибор қозониши, мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини қуриш йўлида мустаҳкам замин бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма тўрт йиллигини нишонлашда касаба уюшмаларининг фаол иштирокини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсатининг 2016 йил 21 ноябрдаги 5-23 “с” сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси тасарруфидаги барча ташкилот, корхона ва муассасаларда турли маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Конституциямизнинг 24 йиллиги олдидан “Касаба уюшмалари -фахрийларга” акцияси доирасида Сирдарё туманидаги “мурувват” ногиронлар интернат-уйида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Дастлаб тадбирда интернат уйида истиқомат қилувчи аёлларга вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг ҳомийлик совғаси – “Артель” русумли телевизор совға қилинди.
– Давлатимизга, қолаверса, барча давлат ва нодавлат ташкилотларига, шу жумладан, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасига ҳам мингдан минг раҳмат, – дейди интернат уйи бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Абдуғани Рашидов. – Бизнинг интернат уйимизда истиқомат қилаётган, тақдир тақозоси билан интеллектуал чекланган юртдошларимизга ҳар томонлама эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиб келмоқдалар. Эътироф этиш жоизки, касаба уюшмалари бу борада ҳамиша илдам, байрамларда бизларни доимо йўқлаб туришади. Бу йил ҳам байрамлар арафасида эшигимизни қоққан илк қалдирғоч бўлишди. Эътибор ва совға учун шу даргоҳда истиқомат қилувчилар номидан ташаккур билдираман.
Сўнгра меҳнат жамоаси билан бўлган давра суҳбатида “Конституция ва сайлов қонунчилиги доирасида ишчи-ходимларнинг ҳуқуқий маданиятини шакллантириш”, Ўзбекистон Республикасининг жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари тўғрисидаги Қонуни моҳияти, Одам савдосига қарши курашиш тўғрисидаги Қонун ҳамда Халқаро Меҳнат ташкилотининг Ўзбекистонда ратификация қилинган Конвенциялари ҳақида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси юридик бўлими мудири Ширин Умаралиева ҳамда маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими масъул ходими Зебо Ҳайдаровалар маъруза қилдилар.
Шунингдек, давра суҳбати иштирокчилари Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси масъул ташкилотчиси Раъно Абдалимованинг жамоа шартномалари ва уларнинг ишчи-ходимлар ҳуқуқлари муҳофазаси учун аҳамияти тўғрисидаги маърузасини қизиқиб тингладилар.
Тадбир сўнгида сўзга чиққан интернат-уйи директори вазифасини бажарувчи Шаҳодат Турдиева маърузачиларга жамоа номидан миннатдорчилик билдирди.
ВКУТБ маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими