Click to listen highlighted text!

ҲАР БИР МУРОЖААТ – ЭЪТИБОРДА

         Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2017 йилнинг мамлакатимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши замирида ҳам барча соҳада инсонпарвар, демократик тамойиллар устуворлигини мустаҳкамлаш, инсон шаънини улуғлаш, айниқса, давлат органларининг халқ олдидаги ҳисобдорлигини кучайтириш мақсадлари мужассамлашган.

   Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Конституциямиз қабул қилинганлигининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси ҳамда шу йилнинг 14 декабрида Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиши муносабати билан ўтказилган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида Асосий Қонунимиз негизида қабул қилинган 400 га яқин яхлит қонунлар ҳаётимизнинг барча соҳасини ҳуқуқий тартибга солиш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга хизмат қилаётганини таъкидлар экан, қонунларнинг тўлиқ ижросини кафолатлаш механизмларини кучайтиришга оид ўткир муаммони кун тартибига қўйди. Халқ билан доимий ва очиқликка асосланган мулоқотларнинг, одамларни ўйлантираётган муаммоларга ечим топишда янгича механизмларнинг йўлга қўйилиши лозим деб таъкидлади давлатимиз раҳбари. Шундагина ҳақиқий демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини барпо эта оламиз.

    Демократик жамиятнинг муҳим шарти – инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя қилиш тамойилининг таъминланишидир. “Инсон ҳуқуқлари” кенг қамровли тушунча бўлиб, у дунёга келишдан тортиб, жамият ҳаётининг барча соҳаларида фуқаронинг эркин иштирок этишгача бўлган ҳуқуқларига тааллуқлидир. Халқаро даражада, бир томондан, фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар ва иккинчи томондан, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар фарқланади. Айни пайтда инсоннинг барча ҳуқуқлари универсал, бўлинмас, ўзаро боғлиқдир. Мустақил юртимизда инсон манфаатлари, унинг ҳуқуқлари ҳимояси давлатимиз ички сиёсатининг асосини ташкил қилади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси  Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман)нинг Сирдарё вилояти бўйича Минтақавий Вакили томонидан  тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан,  2016 йил давомида Ўзбекистон Республикаси  Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман)нинг Сирдарё вилояти бўйича Минтақавий вакили номига турли хил мавзуда 51-та мурожаат келиб тушди, улардан 18 таси ёзма, 33 таси оғзаки мурожаатлардан иборат. Мурожаатларнинг мазмунини таҳлил этадиган бўлсак, улардан иккитаси яшашга, эркинлик ва шахсий дахлсизликка, инсоний муомала ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга бўлган ҳуқуқи камситилганлиги, меҳнат ҳуқуқи, яъни ишдан бўшатилиш (қисқартирилиш) ва бошқа ишга ўтказилишдан норозилик тўғрисида, ижтимоий ҳимоя қилиш ҳуқуқи, ёки   имтиёзлар олиш масаласи бўйича, коммунал хизмат кўрсатиш ва уй-жойни таъмирлаш масалалари  ҳамда бошқа масалалар бўйича тушган  бўлиб,  бугунги кунга келиб, 51 та мурожаатнинг ҳаммаси қонуний  ҳал этилди. Ушбу мурожаатларнинг кўпчилиги асосан Гулистон шаҳри ва Ховос туманидан берилган.

       Шунга кўра 2016 йил давомида Ўзбекистон Республикаси  Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман)нинг Сирдарё вилояти бўйича Минтақавий Вакили томонидан  фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ва ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари кўп бўлган жойларда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига риоя этилиши, меҳнатни муҳофаза қилиш ва инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси моҳияти  ҳамда «Одам савдосига қарши кураш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни тарғиботи бўйича жойларда  35 маротаба семинар, давра суҳбатлари ва маърифий тадбирлар ўтказилди. Ушбу тадбирларда   нафақат фуқаролар, балки ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари ва корхона, ташкилотлар раҳбарлари,  нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари иштирок этдилар.

         Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, семинар ва давра суҳбатларида ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларни ичкиликбозлик ва гиёҳвандлик иллатлари ҳамда бошқа турли таҳдидлар, диний ва экстремистик таъсирлар, тубан “оммавий маданият” хуружларидан ҳимоя қилиш мавзуларига ҳам батафсил тўхталинди.

   Мулоқотлар жараёнида маҳаллада, бир жойда яшовчи қўни-қўшни, оғайни-қариндош ёки таниш-билишлар хориждан қайтиб келганида тиббий кўрикдан ўтиш кераклиги тўғрисида, бундай текширувлар ҳеч қандай харажатларсиз амалга оширилиши ва ҳар қандай тиббий кўрик инсоннинг ўзи учун фойдали эканлиги, қолаверса, инсоннинг саломатлигини тиклаш масалалари ҳал этилиши,   шунингдек, чет элларга ноқонуний чиқиб кетишга барҳам бериш зарурлиги яна бир бор уқтириб ўтилди.

К.Акбутаев Ўзбекистон Республикаси  Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман)нинг Сирдарё вилояти бўйича Минтақавий Вакили

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!