Click to listen highlighted text!

БУЮК НАВОИЙГА ЭҲТИРОМ

        Сирдарё вилоятида буюк мутафаккир, улуғ шоир Алишер Навоий таваллуд кунига бағишланган ижодий кечалар, учрашувлар, давра суҳбатлари бўлиб ўтмоқда. 

         Вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, Маданият ва спорт ишлари бошқармаси, Гулистон  давлат университети ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир “Алишер Навоий ижоди – миллий, маънавий хазинамиз” деб номланган маънавий-маърифий ва адабий бадиий тадбир бўлиб ўтди. Унда адабиётшунос ва тилшунос олимлар, шоир ва ёзувчилар, маданият ва санъат намояндалари, ўқувчи-ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситаси ходимлари иштирок этди.

         Анжуман аввалида, Буюк шоир, улуғ мутафаккир, давлат арбоби Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйиш маросими бўлиб ўтди.

       Гулистон шаҳридаги 1-сонли мусиқа ва санъат мактабида бўлиб ўтган тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда миллий меросимизни тиклаш, хусусан, буюк аждодларимиз Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини ўрганиш, Буюк мутафаккирнинг ватанпарварлик ва инсонпарварлик ғоялари билан йўғрилган асарлари мазмун-моҳиятини ёш авлод онгига чуқур сингдириш, уларни юртпарварлик, халқпарварлик ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

             Тадбирда сўзга чиққанлар, Алишер Навоий асарларининг ёшлар таълим-тарбиясидаги ўрни, уларда илгари сурилган шарқона одоб, ибо, мардлик ва жасорат, эл-юртга садоқат, ота-онага ҳурмат, муҳаббат ғоялари нечоғлик аҳамиятли эканлиги борасида сўз юритди.

     – Мир Алишер Навоий ҳазратларига Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганларидек, “Ул зотни авлиё десак, авлиёларнинг авлиёси, мутафаккир десак, мутафаккирларнинг мутафаккири, шоир десак, шоирларнинг султони” деган эътирофидан ўтказиб бирор гап айтиш мушкул, – дейди Гулистон давлат университети доценти, филология фанлари номзоди, Халқаро Бобур мукофоти совриндори, навоийшунос олим Ваҳоб Раҳмонов. – Дарҳақиқат, Шарқ, хусусан, ўзбек мумтоз адабиёти тарихида Алишер Навоийнинг ижодий фаолияти ўзининг серқирралиги ва кўламдорлиги билан алоҳида аҳамият касб этади. Ватанига, халқига она тилимизга муҳаббат, унинг беқиёс бойлиги ва улуғлигини англаш туйғуси, халқимиз онгу шуурига, қалбига аввало, Навоий асарлари билан кириб келади. Хусусан, бугунги ўзбек шеъриятида ҳам буюк алломанинг ижоди муҳим аҳамиятга эга. Зеро, Мир Алишер Навоий ҳазратларини англаш, унинг фалсафий, ахлоқий, маданий-маърифий мушоҳадаларга бой асарларини ўқиш ва тушунишнинг ўзи улкан бахтдир.

          Гулистон Давлат университети талабалари, “Сирдарё наволари” ашула ва рақс ансамбили санъаткорлари, иқтидорли ўқувчи ва ёшлар томонидан ижро этилган саҳна кўринишлари, Алишер Навоиий қаламига мансуб айтилган ғазаллар, куйланган мумтоз қўшиқлар тадбирга янада завқ бағишлади.

ВКУТБ маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!