ҲАМКОРЛИКДА ГАП КЎП
Гулистон шаҳридаги “Ёшлар маркази”да “Ички ишлар органларининг намунали таянч пункти” кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлашга бағишланган маросим ўтказилди.
Унда танловнинг туман, шаҳар босқичларида ғолиб бўлган милиция таянч пунктлари профилактика инспекторлари, фуқаролар йиғинлари раислари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирда сўзга чиққан Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, подполковник Мухиддин Жўраев ва бошқалар халқимиз осойишталигини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда ички ишлар идораларининг фаолияти муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади. Бунда тизимнинг энг қуйи бўғини ҳисобланган маҳаллалардаги милиция таянч пунктларининг муносиб ўрни бор. Шу билан биргаликда милиция таянч пунтларининг жамиятимиз фаоллари, нодавлат нотижорат ташкилотлар билан ҳамкорлиги кучайиши туфайли амалга оширилаётган ишлар самара бермоқда.
Бугунги кунда Сирдарё вилоятида 104 милиция таянч пункти фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг аксарияти маҳалла фуқаролар йиғинлари билан бир бинода жойлашгани, профилактика инспекторларининг маҳалла раиси, диний маърифат ва маънавий-аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи, посбон ва фуқаролар йиғини комиссиялари билан ҳамкорликда иш олиб бораётгани ҳудудда осойишталикни таъминлаш, турли нохуш ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда.
Танлов ғолибларини аниқлашда милиция таянч пунктларининг хизмат кўрсатиш ҳудудидаги вазият, профилактика инспекторларининг маҳалла фуқаролар йиғини ва аҳоли билан ҳамкорлиги, билим ва тажрибаси, вояга етмаганлар билан ишлаш борасидаги фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Гулистон шаҳрининг “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 1-сонли милиция таянч пункти биринчи ўринни қўлга киритди ва танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди. Иккинчи ўрин Ховос тумани “Пахтакор” қишлоқ фуқаролар йиғинидаги 104-сонли милиция таянч пунктига насиб этган бўлса, учинчи ўрин Мирзаобод тумани “Оқолтин” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 92-сонли милиция таянч пункти қўлга киритди.
– Ёшларимиз бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун маҳалламизда турли ҳунармандчилик, ижодий, бадиий ва спорт тўгараклари мунтазам ишлаб турганлиги сабаб ҳудудимизда ўтган 2016 йилда вояга етмаганлар ўртасида бирорта ҳам жиноят содир этилмади, – дейди танлов ғолиби, Гулистон шаҳридаги “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғини 1-сонли милиция таянч пункти профилактика инспектори, лейтенант Улуғбек Бийжанов. – “Мактаб – маҳалла – оила” ҳамкорлигининг изчил йўлга қўйилгани ҳам муваффақиятларимизнинг бош омили бўлди деб ўйлайман. Ўтган йили маҳалла фуқаролар йиғинининг замонавий биноси бунёд этилиб, бу ерда таянч пункти ҳам самарали ишлаши учун шароит яратилгани фаолиятимизда ўз натижасини бермоқда. Бу борадаги ишларни жорий йилда янада кенг кўламда давом эттириш юзасидан чора-тадбирлар белгилаганмиз.
Танловда “Энг маҳоратли профилактика инспектори”, “Ёш авлод ҳимоячиси”, “Фидойи маҳалла посбони”, “Маърифатпарвар маслаҳатчи” каби номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди. Шунингдек, Ички ишлар бошқармаси билан қалин ҳамкорликда ишлаган Ширин шаҳар хотин-қизлар қўмитаси, вилоят халқ таълими бошқармасининг бошланғич хотин-қизлар қўмитаси, Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмасининг Гулистон шаҳар Кенгаши, Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмасининг Гулистон шаҳар Кенгаши ва бошқалар Ички ишлар бошқармасининг дипломи ва ҳомий ташкилотларнинг эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Зебо Ҳайдарова