Click to listen highlighted text!

МИРЗАОБОДДА ХАЙРИЯ СУННАТ ТЎЙЛАРИ

       Шу йилнинг апрел-май ойларида Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар томонидан бутун мамлакатимиз бўйлаб ташкиллаштирилаётган хайрия суннат ва никоҳ тўйлари Сирдарё вилоятида ўзгача кўтаринки руҳда ўтказилди.
Вилоятнинг Сирдарё, Гулистон, Мирзаобод туманлари ва Гулистон шаҳридан кам таъминланган оилаларнинг 22 нафар ўғил фарзандларининг хатна тўйлари Мирзаобод тумани Наврўз шаҳарчасидаги “Орзу” тўйхонасида катта шодиёнага айланиб кетди. Карнай-сурнай садолари остида тўй болалар ва уларнинг яқинлари кутиб олиниб, шоҳона безатилган дастурхон атрофига ўтқазилди. Зарбоф тўну бошларидаги қуёшдек ярқираган саллалари билан тўй болалар кечанинг ҳақиқий шаҳзодаларига айланишди. Фарзандларига бўлган бундай эътибор ва ғамхўрликдан уларнинг ота-оналарининг қувончлари чексиз бўлди.
– Ўзбекистонимизда ҳеч ким эътибордан четда қолмаган, қолмайди ҳам. Мана бугун бизнинг Мирзаобод туманидан 7 нафар кам таъминланган оилалар фарзандларининг суннат тўйлари ўтказиб берилди, албатта, ота-оналаримизнинг бундай эътибордан боши осмонда, – дейди “маҳалла” хайрия жамоат фондининг туман бўлими диний-маърифий ва маънавий-аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Зайнаб Абдужалилова.
– Боғистон маҳалласида истиқомат қиламиз, ўғлим Исмоилжоннинг суннат тўйи ўзи каби бахтиёр болалар билан биргаликда, шундай ажиб даврада, кўпнинг дуосини олиб ўтаётганидан жуда хурсандман. Бунинг учун тадбир ташкилотчилари, авваломбор, Сирдарё вилоят ҳокимлиги ва касаба уюшмаларига мингдан минг раҳмат, – дея хурсандчилигини изҳор этди Нилуфар Тўраева.
Тўй болалар жажжи велосипедларини ғизиллатиб, кўпнинг кўзларини қувнатиб, шоду хуррам бўлишди, уларнинг ота-оналарига ДАТ “Халқбанк” бўлимларида фарзандларининг номига очилиб, 1 млн сўмдан маблағ қўйилган омонат дафтарчалари ва “Камолот” ЁИҲнинг совғалари – китоблар тўплами ҳам тақдим этилди.
Тадбирда ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича вилоят ҳокими ўринбосари Отабек Абдуғаниев, Мирзаобод тумани ҳокими Ботир Мирзоқулов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Ҳаётхон Ортиқбоева, шоир Ҳаёт Шодмон ва бошқалар сўзга чиқдилар ва тўй болаларга энг эзгу тилаклар билдирдилар. О.Хўжаев номли вилоят мусиқали драма театри актёрлари ҳамда “Сирдарё наволари” халқ ансамбли хонанда ва раққосалари ижросидаги саҳаналаштирилган томошалар, дилрабо куй-қўшиқлар шўх рақсларга уланиб кетди.
– Оқолтин, Боёвут ва Мирзаобод туманларидаги тўйхоналарда вилоятимизнинг барча ҳудудларида истиқомат қилувчи кам таъминланган оилаларнинг жами 50 нафар ўғиллари учун хайрия суннат тўйлари ўтказилди. Тўй болаларимизнинг ҳар бирининг номига шахсий ҳисоб варақаси очилиб, омонат қўйилди, – дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси ўринбосари Қаршибой Эшназаров. – Шу билан биргаликда 7 жуфт йигит-қизларимизнинг никоҳ тўйлари ҳам ўтказиб берилди. Муҳими, ёшларимизга нафақат барча удум-анъаналаримизга мос равишда тўйлар қилиб берилди, балки улар доимий иш билан таъминланди, келажаги учун замин яратилди.

Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!