УЛУҒ ИШЛАР МАСЪУЛИЯТИ
Сирдарё вилоятида жорий йил бошида оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш ва уйма –уй юриш тизимида аниқланган бир қатор муаммолар юзасидан ҳудуд ҳокимликлари томонидан тасдиқланган чора –тадбирларнинг ижроси бўйича амалга оширилаётган, назоратга олинган ишлар ҳолатини ўрганиш мақсадида вилоятга бириктирилган вакил Саидмурод Тўхтаев билан жойларда бўлдик.
Маълумки, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари” йили доирасида хонадонларни ўрганиш тизимини ҳамкорликда ташкил қилиш бўйича вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, вилоят хотин-қизлар қўмитаси, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими, “Маҳалла” ҳайрия жамоат фонди ва “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ташкилотларининг қўшма қарори тасдиқланган. Ушбу қўшма қарорга асосан вилоят штаби ҳамда барча туман, шаҳар ҳокимликларида жамоат вакилларидан иборат бўлган штаблар ташкил этилган. Ўрганиш жараёнини ана шу штаблар фаолияти, уларнинг иш қоғозлари билан танишишдан бошладик. Ҳақиқатда штабда туман, шаҳар ва вилоят даражасидаги муаммолар бўйича тасдиқланган чора- тадбирлар мавжуд. Бу ерда имкон қадар ўз вақтида вазифалар ижроси бўйича ҳудудлардан маълумотлар олинган ва таҳлил қилиб борилмоқда. Муддатлари келган, аммо бажарилмаётган муаммолар юзасидан вилоят ҳокимлигига мурожаат қилинган. Вилоят ҳокими ўринбосари Отабек Абдуғаниев имзоси билан ҳудудлар ҳокимликларига тадбирлар ижросининг ўз муддатларида бажарилишини таъминлашни назоратга олиш ҳақидаги хатлар юборилгани ишнинг тўғри ташкил қилинганига ва ижобий самарага эришилишига бизни ишонтирди.
Гулистон шаҳридаги ҳолат:
Гулистон шаҳрида 1899 та шаҳар миқёсидаги, 16 та вилоят ва 18 та республика даражасидаги муаммолар аниқланиб, чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган ва тасдиқланган. Ишчи гуруҳ ҳамроҳлигида ижро учун масъул бўлган ташкилотлар раҳбарларининг ишга қай даражада ёндашаётганлари билан қизиқдик. Шаҳар ободонлаштириш бошқармаси раиси Абдиқул Атабоевга тегишли 129 та муаммолар бўлса-да, уларнинг бажарилган ёки бажарилмаганлик ҳолати юзасидан ҳеч қандай маълумот топа олмадик. Бу йил 3 та капитал ва 11 та жорий таъмирлаш ишлари олиб бориладиган кўчалар режага киритилган бўлиб рўйхатга кирмаган кўча номлари чора-тадбирга киритилган бўлса ҳам, буни бажара олмаслигини очиқлади. Тартиб, режа, интизом ҳамма жойда амал қилиниши лозим мажбуриятлар, бироқ, бу вазиятда бошқарма раисининг вазифаси ҳокимлик идорасига муаммо бажарилиш муддатини узайтириш мазмунидаги бир энлик хат йўллашни талаб қилади. Ҳаттоки шунинг ўзи ҳам халқ розилигига етиш йўли номли улуғ ишга бўлган масъулиятни кўрсатади, ахир.
Навбатдаги – шаҳар бандликка кўмаклашиш маркази идорасидаги ҳолат ҳам қизиқ. Марказга тегишли бўлган 67 та муаммоларнинг 31 таси ҳал этилганлиги рўйхати тақдим этилган. Бироқ тасдиқловчи расмий далолатномалар мавжуд эмас.
Ишчи гуруҳимиз билан жараённинг иккинчи қисми – муаммоси ечим топган хонадонларга ташриф амалга оширдик. Бизга ҳамроҳлик қилган Гулистон шаҳар хотин-қизлар қўмитаси бош мутахассиси Зухра Холбекова йўлимизда учраган 17-МТМ ни таъмирлаш ишлари 2 йилдан буён чўзилиб ётганлиги аҳоли билан суҳбатларда муаммо деб қайд этилгани ва бугунги кунда ушбу муаммо деярли якунланиб, охирги таъмир ишлари олиб борилаётгани маълумотини берди.
Йил бошидан 5 дона ногиронлик аравачаси муҳтожларга топширилган бўлиб, фойдаланувчилардан бири – Холида Насирлининг хонадонида бўлдик.
Сайқал маҳалласи Бухоро кўчаси 95 уйга кириб борганимизда “галинизлар” дея бизни хушмуомалалик билан озарбайжон миллати вакили Афак Усенова кутиб олди. “Ўзбекистонда қийналмай, тинчлик, фаровонликда маҳалладошлар билан биродар бўлиб яшаяпмиз. Йил бошида 1 гуруҳ ногирони бўлган қизимнинг янги аравачага эҳтиёжи борлигини ёзиб кетишганди. Кўп ўтмасидан 30 март санасида янги аравача тақдим этишди,”- деган изҳорни эшитиб хурсанд бўлдик.
Шаҳарнинг 3-мавзесида жойлашган “Боғишамол” маҳалласи Қурувчилар кўчасида бўлганимизда йўлнинг текис қилиб асфальт ётқизилганлиги, 5-сонли кўп қаватли уй хонадон эгалари учун янги, намунавий типдаги чиқиндихона қурилганлигининг гувоҳи бўлдик. Қурилиш пухта режа асосида бино бўлганлиги яққол сезилади. Бино майдони, бўлимларга ажратилганлиги, атрофига баланд бўйли дарахт кўчатлари ўтқазилгани ва чиқиндихона хизматчиси учун хона мавжудлиги хулосамизни аниқлаштиради.
5-уй ширкат раиси Шамсиддин Бердиназаров аҳоли мурожаатларига кўра бинонинг том қисми ва подъездлар таъмирдан чиқарилгани, 3 та болалар майдончаси ва 2 та сунъий қопламали ўйингоҳлар янгитдан қурилганини маълум қилди. Шунингдек, аҳоли томонидан уйларнинг олди қисмига урилган тўсиқлар, ноқонуний қурилишлар бузиб олиб ташланган. Одамлар билан суҳбатлашдик, уларнинг нолиганини учратмадик. Аксинча, “мавземизга тоза ҳаво кириб келди”, – дейишди.
-Маҳалладошларим тўғри гапни айтишди, уйлар, дарахтлар кўриниб қолди,- дейди пенсионер Бобомурод Тўхтамишев, – янги кўчатлар ўтқаздик, ўсишни бошлади.
Гулистон тумани бўйича:
Гулистон тумани миқёсида 692 та, 17 та вилоят ва 2 та Республика миқёсидаги муаммолар аниқланиб, чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган ва тасдиқланган. Гуруҳ бирлигида туманнинг “Юлдуз” маҳалласида ўрганиш олиб бордик. Ҳудудда 2527 та аҳоли истиқомат қилади ва 367 та хонадонлар мавжуд бўлиб, аҳолининг 24 та муаммолари аниқланган, шундан 2 таси жарроҳлик амалиёти учун моддий ёрдам кўрсатиш, 7 таси ишга жойлаштириш, 1 таси нафақа белгиланиши тўғрисида, 2 таси паспорт олиш, 3 таси кўчани асфальтлаш, 3 таси ичимлик суви, 2 таси электр столбалар ўрнатиш, 1 таси ногиронлик араваси, 1 таси арзонлаштирилган уй олиш, 1 таси шифокор кўригидан ўтиш ва 1 таси ажрим масаласидаги муаммолардир. Лекин ўрганиш кунида 12 та муаммоларнинг муддатлари ўтган бўлса-да, таҳлил қилинмаганлиги ҳамда муаммолар бажарилмаганлиги аниқланди. Шунингдек, “Юлдуз” маҳалла қўмитаси биноси авария ҳолатида эканлиги, янги бино қуриш бўйича бир неча маротаба туман, вилоят ҳокимлигига мурожаат қилинганлиги билан натижа бўлмаётганлиги аниқланди. Шундай шароитда ишлаётган бўлса-да “Юлдуз” маҳалласига 2014 йилда “Энг яхши маҳалла” танловининг Республика босқичида фахрли 1-ўрин берилган. Маҳалла қўмитаси учун маҳалла ҳудудидаги бугунги кунда фойдаланилмаётган, бўш турган, ҳашар йўли билан қурилган масжид биносини бериш юзасидан туман ҳокимлигига оғзаки таклиф киритилди. Муаммолар мазмунига эътибор берсак, айримлари фуқароларнинг ўз фаолликлари билан ҳам ҳал этилиши мумкинлигини сезамиз. Ахир нафақа белгиланиш, паспорт олиш учун белгиланган рўйхатдаги ҳужжатлар тартиби тақдим этилса бўлгани-ку! Шунинг учун ҳам маҳалла фаолларидан тортиб туман ҳокимлиги ходимларигача овора қилиб, чора-тадбир белгилаб қўйиш энди бизнинг дангасалигимиздан бошқаси эмас.
Мирзаобод тумани бўйича.
Вилоятнинг Мирзаобод тумани ҳолати ўрганилганда аниқланган муаммолар бўйича туман ҳокимлиги қабул қилган чора-тадбирларининг электрон нусхалари тегишли ташкилотларга етказиб берилгани маълум бўлди. Шунингдек, 12 май куни ҳолатига бартараф этилиши белгиланган 498 та муаммолардан 479 таси бажарилгани, 19 таси муддати келган бўлса-да ижроси таъминланмаганлиги аниқланди. Ижобий ишлардан туман электр тармоқлари корхонаси томонидан “Деҳқонобод” маҳалласи Истиқлол ва Ниҳол кўчаларидаги электр узатиш ҳаво тармоғининг эскирган 90 дона ёғоч таянчларини 90 та янги темир-бетон устунларга алмаштирилган, шу билан биргаликда худуддаги мавжуд 139-трансформатор ўрнига катта қувватли 160 кВА трансформаторга алмаштирилиб, қўшимча равишда яна бир дона 100кВА трансформатор ўрнатилган. Ушбу икки трансформатор пунктидан чиқувчи 0.4 кВли ҳаво тармоғининг барчаси СИП 3*25 турдаги замонавий кабелли симлар билан тортилган, натижада ушбу кўчаларда яшовчи 160 дан ортиқ хонодонларда электр энергиясига бўлган муаммолар бартараф этилган.
Бундан ташқари вилоят “Сувоқова” давлат унитар корхонаси Мирзаобод туман филиали томонидан тумандаги Деҳқонобод маҳалласи Найман қишлоғига 1 дона янги тик қудуқ қуриш, 1 дона сув минораси, 1.5 км полиэтилен қувурлари тортиш ишлари учун ҳисобланган нархи 356.4.млн сўм, Ҳақиқат маҳалласи Солин қишлоғида 1.5 км полиэтилен қувурлар тортиш, хисобланган нархи 212.4 млн сўм, Дўнгариқ маҳалласи Чолжувут қишлоғида 1 дона тик қудуқни таъмирлаш, 1.8 км полиэтилен қувурлар тортиш нархи 235. млн сўмлик, Дўнгариқ маҳалласи Пахтаобод қишлоғига 1 дона тик қудуқни таъмирлаш, 1.0 км полиэтилен қувурлар тортиш, нархи 143.5. млн сўмлик, Янгихаёт маҳалласи Янгиовул қишлоғига 1 дона тик қудуқни таъмирлаш, 1.1 км полиэтилен қувурлар тортиш нархи 227.5. млн сўмлик ишлари молиялаштирилган, лекин муаммолар тўлиқ бартараф этилмаган. Янгиовул маҳалласи Шўразак қишлоғи, Деҳқонобод маҳалласи Қурилиш қишлоғи, Боғистон маҳалласи Ҳайдар қишлоғи, Боғистон маҳалласи Фарғона қишлоғи, Наврўз маҳалласи 8-март-Бешқўш қишлоқлари, Ҳақиқат маҳалласи Чинобод қишлоқларига жами 2286.4 млн сўмлик ишлар, Наврўз маҳалласи Сайқал кўчаларига электр симёғочлар ўрнатиш муаммоларини ҳал этиш инвестиция дастурига киритишга тақдим этилганлиги аниқланди.
“Агробанк” АТБнинг Сирдарё вилоят бошқармаси Мирзаобод туман филиали томонидан Мирзачўл ҚФЙда 83 нафарга, Тошкент ҚФЙдан
137 нафарга, Навбахор ҚФЙ дан 29 нафар фуқарога жами 1770.05 минг сўм кредитлар ажратган, шулардан 50 нафари кам таъминланган оилага мансуб бўлиб, уларга 150,0 млн. сўм маблағ ажратилган.
Тинчлик маҳалласида яшовчи фуқаро Пардаев Тўрабекка март ойидан кам таъминланган оилалар нафақаси тайинланган.
Амалга оширилаётган ишлар билан бирга ўз ечимини кутиб турган муаммолар ҳам мавжуд. Масалан, чора-тадбирлар дастурига киритилган Наврўз маҳалласи Форобий кўчасини асфальт қилиш, Йўлдошобод маҳалласида яшовчи фуқаролар Шакаров Миролим, Зиёбов Карим, Хайдаров Мирзааҳмадларга уй-жой учун ер майдони ажратиш муаммолари, Йўлдошобод маҳалласидаги канализацияларни таъмирлаш ва ишлатиш, М.Улуғбек маҳалласига электр симёғочларини ўрнатиш каби масалалар муддатлари келган бўлсада бажарилмасдан қолмоқда.
Хулоса:
Вилоятда тасдиқланган чора-тадбирларнинг ижроси бўйича олиб борилаётган ишлар таҳлил қилинганда, туман, шахарлар штаблари тузилганлиги, масъуллар бириктирилганлиги гувоҳи бўлдик, аммо яратилган тизим тўлиқ иш олиб бормаяпти. Худудларда “Камолот” ЁИҲ, Нуроний жамғармаси, Маҳалла хайрия жамоат фонди бўлимларининг фаоллиги сезилмаётганлигини пайқадик. Халқ розилигига эришиш, унинг корига ярашни улуғ иш деб атадик. Табиийки, бундай ишнинг масъулияти ҳам ҳаминқадар бўлмаслиги лозим.
Озода МАМАДАЛИЕВА,
“Ishonch” мухбири