БАЙРАМГА МУНОСИБ ТУХФА
Байрам кунлари хушкайфиятда бўлиш, ўзгалар ҳолидан хабар олиш, совғалар улашиш доимий анъанага айланган. Энг улуғ ва азиз байрамимиз Мустақиллик кунини муносиб нишонлаш ҳозирдан бошлаб юборилган. Хусусан, “Касаба уюшмалари хотин-қизларга” акцияси доирасида аёлларга байрам совғалари топширилди. Эътиборлиси, электр маиший техника товарларидан иборат бепул совғалар вилоятнинг чекка туманларида яшовчи 55 нафар эҳтиёжманд аёлларга тақдим этилди.
2 нафар фарзандим бор, тақдим этилган электр жиҳоз менинг каби оналар учун жуда керакли совға бўлди, -дейди Боёвут тумани , Марказ МФЙ, Ҳур ватан кўчасида яшовчи Наргиза Жўраева. – Маҳалладан келиб совға ажратилганлигини хабар беришганда тўғриси, хайрон қолдим. Чунки кўмак сўраб ҳеч кимга мурожаат қилмагандим. Юртимизда ҳеч ким эътибордан четда эмаслиги чин ҳақиқат. Бу кун фарзандларим ва менинг хотирамда сақланиб қолади.
Шунингдек, давлат мустақиллигини ҳимоя қилишда хизмат бурчини бажариш вақтида халок бўлган ҳарбий хизматчилар оилаларининг ҳар бирига манзилли моддий ёрдам кўрсатилди.
Билдирилган изхорлар самимий эканига шубха йўқ. Тадбирга келганларида “шу ерми, адашмадикми” дея минг бир ҳижолатда ташриф буюрган акция иштирокчилари хайрлашув вақтида қаддилари тикланиб, кўнгиллари чоғ бўлганлигини сезиш қийин бўлмади. Шу куни айтилган икки оғиз илиқ сўз ва самимий чеҳралар хурсандчилик сабаби бўлди.
Озода МАМАДАЛИЕВА,
“Ishonch” мухбири