Click to listen highlighted text!

БИР САБОҚ ИП ВА ИГНА ҲИКМАТИ

           Яқинда теливизорда қўлларида игна – ип тутиб кўрпа қавиб ўтирган бувижонни кўрсатишди. Лавҳадан хотирам  ярқираб кетди.

               Мактабдан келсам, энажоним ё қўлмашинада, ё  игна – ипда тикиш қилаётган бўлардилар. Бир кун ҳам узилиш бўлмасди. Ёзги таътил кунлари бўлса, ҳовлига ўрмак ўрнатиб, гилам тўқишни бошлардилар. 80 дан ошсалар ҳам чоклари эгрилашмаган. Онажонимнинг эса узун қиш кечалари қўллари тўқишдан бўшамасди…Бир учрашувда вилоят хотин – қизлар раиси Дилфуза опа Ўролова ҳам : “ Бир сабоқ ип- игнада гап кўп, аёл киши бир кунда бир марта бўлса ҳам тикиш тикиши керак.  Сабри синалади, руҳияти  сокинлашади,  диққати ошади. Буларнинг ортидан оиладаги ҳамма муаммоларга ечим топилаверади “, – деган эдилар. Бир тарихий сериалда ҳам аслзода ёш хонимларга  кашта тикиш  илмини эгаллаш,  ҳар кунлик миқдорда игнани юргизиш жоизлиги  уқтирилади. Бу аёлларни назокатли тарбия топишларида асосий кўмакчи эканлиги айтилади.

              Онажоним биз уч фарзандга мактабга чиққунимизгача уйда ўзлари  машғулотлар ўтганлар. Сира эринмасдан, асабийлашмасдан. Ҳарфларни, сонларни, ўқиш – ёзишни билиб борганмиз мактаб даргоҳига. Қоғозга аввал ҳарф расмини солардилар, картон ёпиштириб қаттиқ қилиб берардилар.  Ушлаб, уларни бирлаштириб сўзлар ҳосил қилиб турли ўйинлар ташкил этардик. Ҳозирги замон тили билан айтганда интерфаол услублар.  Бу услублардан волидамда кўплаб бор эди. Бугун баъзан ёлғиз фарзандимга қараб чарчаб кетаман. Машғулот ўтиб янги нарсани ўргатишгаку, сабрим чидамай кетади. Тенгдошларимда ҳам шу ҳолат.  Доим вақт етишмаслиги, кунлар калталик қилаётганидан шикоят қилишади. Эҳтимол, онажоним иш режаларини айни тўқиш жараёнида тўғри тақсимлаб олгандирлар.

              Замонамиз шу даражада тараққий топганки, тикишни билган катталар ҳам оддий чокни тикувчига кўтариб юрибмиз.  Бир чиллалик келинчакни тўғри чоки  кетган кўйлагини тикувчига бериш учун ёлғон ишлатиб турмуши дарз кетишига бир баҳя қолганини  эшитгандим. Қиз узатиб, келин олаётган оналаримиз ҳам сеп аталмиш кўрпа – тўшакни “заказ”га тиктиради.  Эмишки, чиройли, бир хил бўларкан.    Баъзида кўрпаларни ҳам тайёрини, чет элникини олиб, ўзимиз тикишдан  воз  кечиб қўя қоляпмиз. Яқинда алоҳида уйга ўтган дугонамни кўргани бордим. Фарзандимнинг кўйлак тугмачаси  илиниб қолганини кўриб игна – ип сўрадим. “Биласанку, унақа ишларга йўқман. Шунинг учун бизни уйда бунақа нарсалар тополмайсан”-, дейди кулиб.  “Тугма ҳам тушмайдими сизларда?” – деб кулиб қўйдим мен ҳам. Дарвоқе, халқ қўшиқларида айтилганидек, игнадан ип ўтмаса,  кўз нечун даркор экан?

                                                                               Озода МАМАДАЛИЕВА,                                                                                                                                                                                                                     “Ishonch” мухбири

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!