КОНСТИТУЦИЯНИНГ 25 ЙИЛЛИГИГА БАҒИШЛАНДИ
Ўзбекистон Респубоикаси Президентининг 2017 йил 20 июнь кунидаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган асосий тадбирлар Дастури ижросини таъминлашда касаба уюшмаларининг фаол иштироки таъминланмоқда.
Хусусан, шу йил 9 ноябрь куни Гулистон шаҳридаги вилоят Перинатал марказида Бош қомусимизнинг мазмун-моҳиятига бағишланган маънавият соати бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси юридик ҳамда маданий маърифий ва спорт ишлари бўлимлари етакчи мутахассислари Санжар Тоғаев ва Зебо Ҳайдарова, шунингдек, “Саодат” журнали бош муҳаррири Феруза Жалилова ва “Оила ва жамият” газетаси мухбири Дилшод Рустамов иштирок этдилар. Сўзга чиққан Санжар Тоғаев Конституциямизнинг бутун жаҳон ривожланган давлатлари томонидан демократик ҳужжат деб эътироф этилганлиги, унда инсоннинг туғилганидан тортиб бутун ҳаёти давомида ҳақ-ҳуқуқлари, эркинликлари кафолатланганлиги, жамият ва давлат олдидаги бурчи белгилаб берилганлиги, меҳнат қилиш ва дам олиш ҳуқуқи, ота-она ва бола ҳуқуқ ва бурчлари ҳақида батафсил гапириб берди. Шундан сўнг сўз олган Зебо Ҳайдарова касаба уюшмалари фаолияти ҳақида, ишчи-ходимлар учун ташкиллаштирилаётган маданий-маърифий ва спорт тадбирлари, саёҳатлар ҳақида маълумот берди. Тадбир иштирокчилари пойтахтлик меҳмонлар – атоқли журналист Феруза Жалилова ва Дилшод Рустамовларнинг чиқишларини илиқ кутиб олишди. Улар билан савол-жавоблар қилишди. Тадбир сўнггида сўз олган марказ бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Санжар Мусаев маърузачиларга самимий суҳбат учун жамоа номидан миннатдорчилик билдирди.
-Бундай маърифий тадбирлар жамоамизда тез-тез уюштирилиб туриши мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайман, – дейди марказ болалар шифокори Дилором Отажонова. – Бугунги тадбирдан жуда катта маънавий озуқа олдик. Ҳам ҳуқуқий билимларимизни бойитдик, ҳам ижодкорлар суҳбатидан баҳраманд бўлдик. Тадбир ташкилотчиларидан жуда миннатдормиз.
ВКУТБ маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими