ФАОЛИЯТ ТАҲЛИЛ ЭТИЛДИ
“Сирдарё ҲЭТК” АЖ ва жамият касаба уюшмаси ўртасида 2017-2019 йиллар учун тузилган жамоа шартномасида хозирги кунда 16 та бўлим ва 179 та бандлар мавжуд ва иш берувчи билан ишчи-ходимлар ўртасидаги меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий ва касбга оид муносабатларни тартибга солувчи норматив ҳужжат вазифасини бажариб келмоқда. Яқинда 2017 йил давомида жамоа шартномаси ижросига бағишланган меҳнат жамоасининг умумий йиғилиши бўлиб ўтди. Унда тармоқ республика кенгаши раиси ўринбосари Саидмурод Тўхтаев, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси бўлим мудири Бахтиёр Ҳайдаровлар иштирок этишди.
Дастлаб жамият бош муҳандиси Абдухалил Хайдаров ва бошланғич касаба уюшмаси ташкилотининг раиси Шавкат Мирзабековларнинг ходимларнинг ижтимоий – иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш мақсадида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботлари тингланди. Таъкидланганидек, 2017 йил давомида жамоа шартномасининг бўлим ва бандлари ижросига доимий эътибор каратилиб, уларнинг бажарилиши бўйича жамоат назорати олиб борилган.
Жумладан, иш кунининг давомийлиги, ундан фойдаланиш тартиби, ишнинг бошланиш ва тугаш вақтлари жамоа шартномага илова қилинган ички меҳнат тартиби коидалари билан тартибга солинган.
Ходимларнинг меҳнат таътиллари учун белгиланган тўловлари, таътил бошланмасдан олдинги охирги иш кунларида тўланишига риоя қилинмоқда.
2017 йил давомида мехнат таътилига чиққан ишчи-ходимларга жамоа шартномасида белгиланган асосий таътилга қўшимча равишда берилаётган 7 иш кунлик қўшимча пулли таътилларга тўловлар бериб келинмоқда.
Жамоа шартномасига илова сифатида ҳар йили тузиладиган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича битимга биноан, меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлиги ҳамда ёнғин хавфсизлиги аҳволини яхшилаш юзасидан белгиланган тадбирларга, шунингдек, ходимларнинг ҳимоя воситалари ва хўжалик совунлари билан таъминланган. Ҳар йили бепул тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби амал қилмоқда.
Шунингдек, жамоа шартномаси бандларига мувофиқ, меҳнат таътили даврида ходимларни соғломлаштириш учун лавозим маоши миқдорида моддий ёрдам пули, куз мавсумида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотиб олишлари учун ¬Республикамизда белгиланган энг кам иш ҳақининг 10 баробари миқдорида моддий ёрдам пули тўлаб берилган. Ўтган йилда ходимларнинг 7 нафари ижтимоий суғурта бадаллари, 9 нафари касаба уюшма бадаллари ҳисобидан соғломлаштирилишига эришилди. Ҳар йилгидек тизимга қарашли “Нурафшон” даволаниш масканида йил давомида ходимлар саломатликларини тиклаш имкониятига эга бўлдилар. Маданий тадбирлар давомида ходимларнинг Тошкент шаҳрида ўтказилган концерт дастурларига, вилоят драма театр томошаларига бўлишди. Тарихий шаҳарларга, хусусан, Самарқанд тарихий обидалари зиёрати ташкиллаштирилди, Чимён, Зомин дам олиш масканларида ҳордиқ чиқарилди. Мустақилликнинг 26 йиллиги муносабати билан ходимларнинг кам таъминланган оила фарзандларининг мактаб ва коллежда ўқишлари учун ўқув қуроллари, Янги йил, 8 Март, Наврўз ва Энергетиклар куни муносабати билан совғалар тарқатилди.
Шунингдек, аёллар ва ёшлар меҳнатини тартибга солиш, улар учун белгиланган имтиёз ва кафолатлар, маданий-маърифий, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт ишлари бўлимлари бандлари ижроси ҳақида ҳам маълумотлар ҳисобот матнида акс этди.
Ўтган йилда “Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора- тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони асосида “Ўзбекэнерго” АЖнинг “Штат бирликларини қисқартириш тўғрисида”ги буйруғига асосан корхона 259 та штат бирликлари қисқартирилишга тушган эди. Уларнинг барчасига огоҳлантириш хатлари берилди. Касаба уюшмаси аралашуви ва тавсиясига биноан 129 нафар ходимлар иш ўринларига жойлаштирилишига эришилди.
Умумий йиғилишда касаба уюшма қўмитаси тафтиш комиссияси раиси, ходимлар бўлими бошлиғи ҳисоботлари ҳам тингланди.
Мавзу юзасидан меҳнаткашлар ва касаба уюшма фаоллари сўзга чиқиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Хусусан, сўзга чиққан жамият 2- бўлим бошлиғи Худойберди Давкаров келгуси фаолият учун таклифларини бериб, туманларда жойлашган корхоналар иш жойи, уларнинг жиҳозланиши камчиликларини бартараф этиб, ювиниш ва ҳожатхоналар ташкил этиш масаласига жиддий эътибор бериш лозимлиги таъкидлади. Таклифлар давомида дам олиш хоналарида кутубхона ташкил этиш масаласи ҳам айтиб ўтилди.
Озода МАМАДАЛИЕВА,
“Ishonch” мухбири