Click to listen highlighted text!

ОИЛА ҚУРИШ –ЎЙИНЧОҚ ЭМАС

Худди шу мавзуда вилоят хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан “Маънавият ва маърифат маркази”да вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, вилоят прокуратураси ва Фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди, шунингдек, вилоят жоме масжиди ҳамда “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими билан ҳамкорлигида давра суҳбати ўтказилди.
Эътиборлиси, ушбу давра суҳбати мутлақо ўзгача услубда, ўзгача йўсинда ўтказилди. Ушбу тадбирга туман ва шаҳар хотин-қизлар қўмиталари раислари, ФҲДЁ бўлими мудирлари, “Оила”марказлари раҳбарлари, оилалар ва туман ва шаҳарлардан ажрашишга ариза берган ёш оилалар ҳам таклиф этилдилар.
Давра суҳбатини бошловчилар – О. Хўжаев номли вилоят мусиқали драма театри артисти Мурод Жуманов ҳамда Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи фаоли Севара Мусурмонова олиб бордилар. Дастлаб вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилфуза Ўролова сўзга чиқиб, шу йилнинг 13 апрел куни бўлиб ўтган Президентимиз ташрифи чоғида вилоятдаги ажримлар оилалар нисбатининг деярли 12 фоизини ташкил этаётгани, бу жуда катта рақам ва жамиятнинг мустаҳкам пойдеворига раҳна солиши ҳақида давлатимиз раҳбари куюниб гапиргани ҳақида айтиб, бу борада вилоят хотин-қизлар қўмитаси тегишли ташкилотлар билан қўшма чора-тадбирлар режаси тузиб олгани ва амалий ишларни бошлаб юборгани тўғрисида маълумот берди.
Сўзга чиққан “Нуроний”жамғармаси вилоят бўлими раҳбари Ўтбосар Абдиевнинг фикрича, ҳозирги ажримларни “тўқликка шўхлик” дейиш мумкин.
– Чунки биз фарзандларимизни уй ва керакли жиҳозлар билан тўлиқ таъминлаб беряпмиз, уйланаётган йигитларимиз ва уларнинг ота-оналарида ор-номус қайда қолди, “куёв сепи” қаёқдан чиқди, тўйдан кейин 40 кун “мазар” ташиш қайси бидъат-хурофотга берилган калладан чиққан фикр, деди оқсоқол ҳис-ҳаяжон билан.
Вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Дилшод Бобомуродов оила муқаддаслиги ҳақида гапира туриб, “уни туздингми, сақлаб қола билиш керак” деди қатъий. Чунки, оила қурган йигитлар энди унга ишониб, бир ёстиққа бош қўйган хотини учун ҳам масъулиятни ҳис этишлари, ота-она ва хотини ўртасида кўприк вазифасини бажара билиши лозим. Ёшларимиз ҳали бир-бирига ўрганмай туриб, алоҳида яшашга интилиб, оилани барбод қилишмоқда.
Мирзаобод туманилик Азиза (исми ўзгартирилган) ва Баҳодир(исми ўзгартирилган) тўйдан кейин ниҳояти 36 кун яшашди. Азизанинг айтишича, уни тўйдан кейин эрининг уйидагилар ҳаммаси ёмон қабул қилган, эри эса бирор маротаба унинг ёнини олмаган. Бунга чидай олмаган келин чилласини ҳам чиқаришга чидамасдан отасининг уйига кетган. Баҳодир индамасдан турибди, бир оғиз “мен икки ўт орасида қолиб кетдим, нима қилишни билмадим” дея олди, холос. Бу ажримга товба қилиб, ёқа ушлайди, киши. Ахир 36 кунда наҳотки, келин ўзининг ниҳоятда ёмонлигини кўрсатгану қайнона-қайнота буни ҳазм қила олишмаган.
Суҳбатга қўшилган Фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди раиси Жўрабек Худойназаров ўзларининг оилада 6 фарзанд эканликларини айтиб, “агар бировимизнинг оиламизда озгина нотинчлик бўлса шу куни отам ухлай олмайдилар. Шавкат Миромонович мамлакатнинг отаси, ёшларнинг ўз тақдирларига, қолаверса, миллат тақдирига бефарқ ва енгил қараб, тўй ўтар-ўтмасдан ажрашишларига қандай қараб тура оладилар? Биз индамай қараб тураверсак, оила институтимизнинг йўқолиб кетишига, миллатимиз парокандаликка учрашига йўл қўйган бўламизку?” деб, ўз муносабатини билдирди.
– Шу ўринда, айтиб ўтиш жоиз, 2018 йилнинг 1 чорагида Фуқаролик ишлари бўйича судларга 480 та ажрашиш бўйича аризалар тушган, ФҲДЁ бўлимларида 90 та ариза турибди. Биз ёшларнинг ўз хатоларини англаб етишлари, турмушнинг биринчи мушти зарбасидан енгилишларига йўл қўймаслигимиз лозим, – деди Дилфуза Ўролова.
Шуни ҳам эътироф этиш лозимки, хотин-қизлар қўмитаси ажримларнинг олдини олишга жиддий киришди, апрел ойининг иккинчи ярмида туман-шаҳар ҳотин-қизлар қўмиталари психолог-мутахассисларни жалб этган ҳолда 1-2 тадан 5-6 тагача оилаларни ажримдан қайтариб, қайтадан бахт кошонасини тиклашларига кўмаклашяпти. Мисол учун, Ширин шаҳрилик Уйғун Назаров ва Альфия Ҳалимовалар ҳам севишиб турмуш қуришган. Алоҳида яшашади. Тирикчилик туфайли Уйғун Қозоғистон Республикасига бир неча бор бориб, пул ишлаб қайтди. Аммо, келин болага Уйғуннинг уни ёш гўдаги билан ташлаб, тез-тез Қозоғистонга кетиб қолиши ёқмайди. Турган гапки, ёш қалбга рашк оралайди. Шу туфайли эрининг сўзларига ишонмай, судга ажрашиш учун ариза беради. Қарангки, Фуқаролик ишлари бўйича Боёвут тумани суди уларга берилган 6 ой муддат ўтгач, ажримга ҳукм чиқарди.
-Аммо, ажрим ҳақида хабар топган Ширин шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Ҳуснора Бердиёрова бизнинг шунчаки ажрашиб кетишимизга йўл қўймадилар. Икковимизни қўмитага чақириб, суҳбат ўтказдилар. Дилимизда бор гапни тингладилар. Шу аснода биз ҳали ҳам бир-биримизга кераклигимизни пайқадик. Айниқса, фарзандимнинг ўгай ота қўлида ўсиши мумкинлигига қараб тура олмасдим. Шу боис, ярашишга қарор қилдик, – ҳикоя қилди Уйғун давра суҳбатида. Бахтини қайта топган Альфия гўдагини кўтариб, мамнун, турмуш ўртоғининг сўзларини маъқуллаб турди.
Фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди раиси Ж.Худойназаров ёшларга суд ажримини бекор қилиш бўйича маслаҳат берди.
– Хотин-қизлар қўмитаси бу борада фаолиятини қайта кўриб чиқди, энди ҳар бир оила ажримига “ҳаёт-мамот масаласи” деб қараймиз, ҳар бир никоҳланувчи ёш никоҳдан олдин мутахассислар ташкил этадиган “Оила масъулияти” курсини ўтадилар, маълум тушунчалар олганларидан сўнггина никоҳдан ўтадилар, -деди Дилфуза Ўролова суҳбат якунида.

Зебо Ҳайдарова ёзиб олди.

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!