Click to listen highlighted text!

ХОТИРА ТУРНИРИ ЎТКАЗИЛДИ

9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида Янгиер шаҳрида 2005 йилда таваллуд топган болалар ўртасида футбол бўйича Бахтиёр Давлатовнинг хотирасига бағишлаб ўтказилган хотира турнири ўтказилди.
Янгиер футболи ривожига ўзининг катта ҳиссасини қўшган, ўзбек футболида ҳам муносиб ўринга эга Давлатовлар сулоласи ташкил этган ушбу мусобақада қўшни Тожикистон Республикасининг “Истарафшон”, Бекобод шаҳрининг “Металлург”, Жиззах шаҳрининг “Жиззах”, Самарқанд шаҳрининг “Самарқанд”, Муборак шаҳрининг “Машъал”, Гулистон шаҳрининг “Гулистон” Янгиер шаҳрининг “Янгиер-1” ва “Янгиер-2” болалар жамоаси иштирок этди.
– Президентларимизнинг саъй-ҳаракатлари билан давлатларимиз чегаралари очилгани айниқса биз спортчиларни беҳад қувонтирди, – дейди Тожикистон Республикаси Ўратепа вилояти Истарафшон шаҳри болалар ва ўсмирлар футбол мактаби мураббийси Шуҳарат Шамсиев. – “Янгиер” футбол клуби базасидаги футбол жамоалари учун яратилган шарт-шароитлар таҳсинга лойиқ. Хотира турнири аъло даражада ташкил этилибди, минг раҳмат.
Янгиер футболи, умуман, ўзбек футболи бизга бегона эмас. Кўплаб тожикистонлик футболчилар, шахсан ўзим ҳам бир неча йил “Янгиер” ва бошқа бир қатор ўзбек клубларида тўп сурганмиз. Ўз навбатида янгиерликлар ва бир қатор ўзбек футболчилари, жумладан, марҳум Бахтиёр Давлатов ҳам Тожикистон клублари номидан майдонга тушишган.
“Янгиер” жамоаси Ўзбекистон чемпионати олий ва биринчи лигасида иштирок этган йиллари Тожикистондан мухлислар автобусларда келиб, ишқибозлик қилишарди. Ўшанда Зафаробод (Тожикистон) – Янгиер – Гулистон йўналишида автобус қатнар эди. Биздаги турнирлар янгиерликларсиз, бу ердаги мусобақалар бизларсиз ўтмас эди. Худо хоҳласа, буларнинг бари мана яна қайта тикланяпти.
Мен Давлатовларнинг хонадонида жуда кўп бор меҳмон бўлганман, туз-намак еганман. Биз тожикларда: “Туз еган жойидан тонган ўнгмайди” деган мақол бор. Биз ҳам жорий йилнинг июль ойида турнир ташкил этишни режалаштирганмиз. Шу турнирга бугун майдонда куч синашган барча жамоаларни таклиф қилдик. Ўйлайманки, энди икки халқ ўртасидаги биродарлик ришталари футболда, спортда ва барча соҳаларда янада жипслашиб бораверади.
6 кун давомида жамоалар хотира турнири ғолиблиги учун ўзаро баҳс олиб боришди. Муросасиз ва қизиқарли беллашувларга бой бўлган финал баҳсида Янгиер футбол мактабининг “Янгиер-1” болалар футбол жамоаси Тошкент вилояти Бекобод шаҳрининг “Металлург” жамоасига қарши майдонга чиқди. Асосий вақтда ғолиб аниқланмагач, турнир регламентига кўра пенальтилар сериясига мурожаат қилинди. Бу баҳсда омад “Металлург” жамоасига кулиб боқиб, Бахтиёр Давлатов хотира турнирининг бош совринини Тошкент вилояти футболчилари ўзлари билан олиб кетишди. Иккинчи ўрин “Янгиер-1” жамоасига, учинчи ўрин эса Тожикистоннинг “Истаравшан” жамоасига насиб этди.
Ғолиб, совриндор ва барча мусобақа иштирокчилари ташкилотчилар ҳамда Давлатовлар оиласининг диплом, эсдалик медали ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.
А.ҚАЮМОВ,ЎзА мухбири

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!