Click to listen highlighted text!

“ЭНГ НАМУНАЛИ ҲАРБИЙ ОИЛАСИ” АНИҚЛАНДИ

15 май –Халқаро Оила куни муносабати билан Гулистон шаҳрида жойлашган 9252 –сонли ҳарбий қисм командир ва шартнома асосида хизмат қилувчи аскарлари оилалари ўртасида “Энг намунали ҳарбий оиласи” кўрик-танлови ўтказилди.
Гулистон шаҳридаги 2-сонли Академик лицей фаоллар залида бўлиб ўтган ушбу кўрик-танлов Мудофаа вазирлиги қошидаги жамоатчилик кенгаши вилоят бўлими ташаббуси билан вилоят хотин-қизлар қўмитаси, “Соғлом авлод учун” ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди вилоят бўлими, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, Гулистон шаҳар хотин-қизлар қўмитаси ҳамда “Ойдин йўл” газетаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Танловда 9 нафар кичик офицер ва шартнома асосида хизмат қилувчи аскарларнинг оилалари 5 та шарт бўйича ўзаро беллашдилар.
Дастлаб, турли вилоятлардан келиб хизмат қилаётган иштирокчилар оилалари билан таништирув қисмида шеърий сатрлар орқали танишилди.
Сўнгра, эр-хотинлар бирга чаққонлик ва эпчиллик шартини бажардилар. Турмуш ўртоқлари шиширган шарлар ичидан чиққан шартларни аёллар чаққонлик билан амалга оширдилар, бунда уларнинг тугма қадаш, погон тикиш, оқ ёқа қадаш каби майда, аммо нозик чеварлик санъати баҳоланди. Кейинги шартда иштирокчиларнинг фарзандлари ўзлари ёдлаган шеърлари билан беллашдилар. Яъни ким кўп шеър ёдлаган ва уни қойилмақом ифодали ўқиб беради, деб бошловчи эълон қилган шарт бўйича жажжи ўғил-қизлар бирин-кетин шеърлар ўқий бошладилар. Эътироф этиш керак, ўғил-қизларимиз нақ ярим соат тинимсиз шеър ўқишди.Улар ўзларининг ҳақиқий шеърият ихлосманди эканликларини намоён этибгина қолмасдан, балки мумтоз шеъриятимиздан ҳам хабардор эканликлари билан томошабинларни ҳайратга солдилар. Ахир, уларнинг энг каттаси 4-5 синф ўқувчилари, кичиклари мактабгача тарбия муассасалари тарбияланувчилари эдилар-да. Бошловчи ва ҳакамлар бир овоздан уларнинг ҳаммаси бу шарт бўйича ғолиб бўлганликларини эълон қилишдан ўзга чораси қолмади.
Тадбир шунингдек, чиройли рақсларга ҳам бой бўлди. Яъни, эркин мавзу бўйича хоразмча рақс тушган Матқурбоновлар оиласининг серзавқ “Лазги” куйига рақси томошабинларнинг олқишларига сазовор бўлди. Ёки бўлмасам, эркин мавзу бўйича аниқланишича, шартнома асосида ишловчи аскарлар ва кичик офицерларнинг аёлларининг кўпчилиги шеърият шайдоси эканлар, улар саҳнада ўз қаламларига мансуб шеърларни ифодали ўқиб бердилар.
Энг жиддий баҳс эркаклар учун автомат қуролни бузиш ва тузатиш бўлди. Йигитларнинг “шарақ-шуруқ”қилиб, кўз илғамас тезликда қуролни бузиш-тузатишларини кўриб, қойил қолмасдан илож йўқ. Фақат, “кўз тегмасин ватан посбонларига” деб қўяди киши беихтиёр.
Танлов якунида ҳакамлар ҳайъати бир овоздан Шартнома асосидаги оддий аскар Салоҳиддин ва Ситора Рустамовлар оиласини 3-ўринга, шартнома асосидаги оддий аскар Ҳусниддин Нуралиев ва турмуш ўртоғи Меҳринисо Ҳасановаларнинг чиқишларини 2-ўринга муносиб деб топдилар. Фахрли 1-ўрин кичик сержант Зикрулло ва Нмануахон Холқўзиевлар оиласига берилди. Албатта, улар эгаллаган 1-ўринда фарзандлари Марҳабохон ва Закариёларнинг алоҳида хизмати катта бўлди. Юқорида айтилганидек, болалар шеър ўқишда ҳам биринчи эканликларини кўрсатдилар.
Тадбир якунида сўзга чиққан вилоят хотин-қизлар қўмитасининг бош мутахассиси Нилуфар Ғафурова барчани 15 май-Халқаро оила куни билан яна бир бор қутлар экан, иштирокчиларнинг барчасининг оиласи “намунали оила” номига муносиб эканлиги, оилаларнинг аҳиллиги ва эру-хотиннинг саҳнада бир-бирларини сўзсиз тушуниб олганликлари таҳсинга лойиқлигини алоҳида таъкидлади.
Ғолибларга ҳамкор ташкилотларнинг эсдалик совғалари топширилди.

Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!