Click to listen highlighted text!

МАЖБУРИЙ МЕҲНАТГА БАРҲАМ БЕРИЛАДИ

Сирдарё вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси фаоллар залида Халқаро Меҳнат Ташкилоти вакили Асуде Оруклу ва вилоят ҳокимлиги, вилоят ташкилотлари ва муассасалари ходимларининг вилоят тармоқ касаба уюшмалари фаоллари иштирокида “Мавсумий ишларга жалб этиш ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш” мавзусида семинар-тренинг ўтказилди.
Семинар ишини вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси Камолиддин Оқбўтаев очди ва олиб борди. Шунингдек, К.Оқбўтаев ва вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Д.Уролова юртимизда болалар меҳнатига қатъий чек қўйилганлиги, шунингдек, 2018 йил 13 апрел куни Сайхунобод туманида бўлиб ўтган вилоят фаоллари билан учрашувда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бюджет ташкилотлари ходимлари учун ҳам мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шаклини юртимизда таъқиқлаш борасида айтган сўзлари, Бош вазиримиз А.Арипов ўтказган видеоселекторда бу борада берилган тавсиялар ва қабул қилинган чора-тадбирлар тўғрисида сўзлаб бердилар.
Халқаро Меҳнат Ташкилоти вакили Асуде Оруклу дастлаб иштирокчиларга “Мавсумий ишларга жалб этиш ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш” мавзусини слайдлар орқали тушунтириб берди. Иштирокчилар томонидан Мажбурий меҳнатнинг олдини олиш борасида энг яхши фикр-мулоҳазалар ўртага ташланди.
Семинар-тренинг ишида, шунингдек, Ёқилғи Энергетика комплекси ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши масъул ходими Саидносир Саидмаҳмудов “Мажбурий меҳнатнинг олдини олиш меъёрларини тартибга солиш бўйича халқаро ва миллий қонунчилик ҳақида асосий тушунчалар” тўғрисида иштирокчиларга батафсил тушунчалар берди.
– Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Конвенцияларидан 14 таси Ўзбекистонда ратификация қилинган бўлиб, ушбу конвенцияларнинг айримлари, яъни, Бола меҳнатининг оғир шаклларига барҳам бериш, зўрлаб ишлатиш ёки мажбурий меҳнат, оналикни муҳофаза қилиш, мажбурий меҳнатни тугатиш тўғрисидаги конвенцияларга юртимизда риоя этилиши бўйича бир неча йилдан буён ХМТ экспертлари томонидан ўрганилмоқда. Тадбирда ўрганиш натижаларига кўра, экспертлар томонидан бола меҳнатининг оғир шаклларига барҳам берилганлиги ҳамда мажбурий меҳнатни тугатилиши бўйича ижобий ишлар амалга оширилганлигини таъкидлаб ўтилди, – дейди бирлашма юридик бўлими мудири Ш.Умаралиева. – Бу борадаги тарғибот ишлари касаба уюшмалари томонидан йил давомида жойларда ташкилот ва корхоналар, муассасалар ишчи-ходимлари ўртасида ўтказилиб келинмоқда.
Семинарнинг иккинчи ярмида иштирокчилар гуруҳларга бўлиниб, мажбурий меҳнатга барҳам бериш услублари ишлаб чиқилди ва тақдимот қилинди.
Худди шундай семинар-тренинглар вилоятимизнинг 11 та туман ва шаҳарларида ўтказилади.

Зебо Ҳайдарова.

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!