МАТОНАТЛИ МАЪМУРА
Болалигимда полиомиелит касаллиги билан оғриганман. То 4-5 синфгача қўлтиқтаёқда юрдим. Дадам Сорабек Холмуродов журналист бўлганлар, зиёли одам эмасми, менинг, кенжа қизининг саломатлиги, билим олиши ҳақида жуда қайғурган эдилар. Дастлаб, Тошкентда, ногирон болалар мактаб-интернатида, сўнгра ногиронлиги мавжуд ёшлар касб-ҳунар коллежида таҳсил олдим. Дадамга доим “сизга ўхшаб журналист бўламан”, дер эдим. Дадам нима учундир бу интилишимни маъқулламаганлар, “қиз бола учун бу касбнинг нони қаттиқ, сен тикувчиликни танлагин” дея маслаҳат бердилар. Гарчи хоҳламасамда тикувчилик йўналишига топширганман ўшанда. То уч ой ўтгунга қадар ўқиш ёқмаган, “нотўғри қилдим”деган фикр қалбимни кемирган. Кейин…устозим қалбимда ниманидир ёқди. Тикувчиликни жону жаҳдим билан ёқтириб қолдим…
Қаҳрамонимиз Маъмура Исломова Сардоба туманидаги Пахтаобод қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежининг бўш ётган яшаш биносида тикув цехи очиб, шу бугунги кунда 20 нафар аёлни икки сменада иш билан таъминлаган.
-Албатта, бу иш силлиқ кечмади. Авваламбор, коллежни битирганимдан кейин Сардобага қайтиб, коллежга уста лавозимига ишга кирдим. Қизларга ҳунар ўргатдим. Кейинчалик Тошкент шаҳридаги дугоналарим қўнғироқ қилишиб, у ерда янги фирма ташкил қилишгани ҳақида хабар беришди ва мени ишга таклиф қилишди. У ерда айтишим керакки, бизнес сир-асрорларини ўргандим. Ҳар ойлик маошимни тийинигача тўплаб, тикув машинкалари сотиб ола бошладим. Чунки, барибир Тошкентда қолиб кетмаслигимга, ота уйимга қайтишим кераклигига ақлим етарди. Хуллас, икки йил мобайнида 15 тача тикув машинкаси сотиб олдим ва қадрдон чўл бағрига қайтиб келдим. Дастлаб, бозор ҳудудида битта хонани ижарага олиб, иш бошладик. Кейинчалик, буюртмаларимиз кўпайиб яна битта хонани ижарага олдик. Буюртмачиларни Тошкент шаҳрида ишлаб юрганимдаги топганман. Болалар футболкалари, енгсиз ва енгли курткалар тикамиз. Буюртма кўп бўлса, қизлар тиним билмай ишлашади ва шунга яраша ҳақ олишади.
Яқинда Сардоба тумани ҳокимига жой сўраб мурожаат қилган эдим, мурожаатим жавобсиз қолмади. Пахтаобод қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежининг бўш ётган ётоқхонасидан жой беришди. Мана шу жойга келиб жойлашдик.
Электрон тикув машинкасида шириллатиб болалар курткасини тикаётган қизлар билан танишамиз. Ўзини Зуҳра Эсиргапова деб таништирган сардобалик қиз илгари Тошкент шаҳридаги хусусий цехлардан бирида ишлаб келганини айтади.
– Қизлар билан ётоқхонада турардик, иссиқ овқат берарди, ойлик маошим 600-700 минг сўмни ташкил этарди, – дейди Зуҳра. –Фақат уйимни, ота-онамни жуда соғинар эдим. Балки эркатой, кенжа қиз бўлганим учунми, шундай эди. Аммо, тикишни мукаммал ўрганиб олдим. Бунинг учун устозларимга раҳмат айтаман. Ҳозирда Маъмура очган цехда ишлаяпман, уйимга жуда яқин, пиёда бориб-келаман, тушликни шу ерда, қизлар билан бирга қиламиз.
– Мен бу йил коллежни тамомлаб, ишга кирдим, – дейди Нилуфар Абдуқодирова. – Маъмура опам ўз ишбилармонликлари ва меҳнатсеварликлари билан барчамизга ўрнак бўлди. Тикишни коллежда ўрганганман, аммо, бу ерда, қизлар жамоасида янада тез ва сифатли бажаришни ўргандим.
Маъмура билан шахсий ҳаёти ҳақида тўхталамиз. Чиройли кўзлари ёшга тўлган қаҳрамонимиз бошида умидсизликка тушгани, “тенгимни топа оламанми-йўқми” деган фикр доим юрагида тошдек ётганини айтади.
-Ва ниҳоят бахтимни топдим, турмуш ўртоғим Жавлон ака жуда яхши йигит, зиёли оиладан, оиласидагилар ҳам мени жуда яхши қабул қилишди, – дейди бахтдан кўзлари порлаб Маъмура. – Ҳозир жуда бахтлиман. Яқинда она бўламан. Мени раҳматлик дадам Сорабек Холмуродовнинг руҳи қўллаб турганини доимо ҳис қиламан. Чунки дадам менинг соғайиб кетишимни ва бахтли бўлишимни жуда ҳоҳлагандилар. 20 йил давомида даволанишимни назорат қилдилар. Ҳар бир ишимни у киши билан бамаслаҳат қилдим ва бахтга эришдим. Кейинги пайтда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида қатор қарор ва Фармонлар чиқарилгани, маҳаллий ҳокимиятлар томонидан ушбу ҳужжатлар оғишмай амалга оширилаётгани бизга ўхшаган, нолдан оёққа турган тадбиркор аёлларга ҳам жуда қўл келмоқда. Барчаси учун барчага раҳмат!
Зебо Ҳайдарова