Click to listen highlighted text!

МИРЗАОБОДДА ЯНГИ УЙЛАР ТОПШИРИЛДИ

                   Сирдарёлик 10 та кам таъминланган, эҳтиёжманд ва ногиронлиги мавжуд аъзолари бор оилалар учун 7 июнь – унутилмас сана бўлиб қолди. Шу куни Мирзаобод туманидаги Боғистон МФЙ Янгиобод массивида ушбу оилаларга янги уй калитлари топширилди. Бу маросим шодиёнага айланиб кетди. Тадбирни вилоят ҳокими Ғофиржон Мирзаев очди ва бахтдан ёниб, кўзлари севинч ёшларига тўлиб турган хонадонлар эгаларини қутлади. У ўз сўзида ушбу фуқароларимиз ҳамиша давлатимиз эътиборида экани, уларнинг ҳар бири жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида ўз ҳуқуқ ва имтиёзларидан фойдаланишлари, фарзандларини муносиб қилиб тарбиялаш учун етарли шароитга эга бўлишлари учун маҳаллий ҳокимият ҳам қўллаб-қувватлашини айтиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Камоловна Норбоева иштирок этди ва сўзга чиқди.
– Илгарилари Сирдарёга келганимда, Гулистон ва атроф туманлар ҳолати яхши эмаслиги, ободонлаштириш ишлари деярли йўқлигини кўриб, юрагим сиқилар эди. Мана икки йил ичида Гулистон Республикамизнинг чиройли шаҳарлари қаторига қўшилди, чиройли иморатлар, равон кўчаларни кўриб, кишининг дили яйрайди. Айниқса, кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларга бўлган муносабатни кўриб, хурсанд бўламиз, – деди Танзила Камоловна. – Янги уй эгаларининг деярли 90 фоизи ногиронлиги мавжуд ва боқувчисини йўқотган аёллар эканини кўряпман, азиз опа-сингиллар, ишонтириб айтаманки, эндиликда, ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 2 февралдаги Фармони билан хотин-қизлар қўмитасининг молиявий аҳволи тубдан яхшилангач, биз сизларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлашга имкониятимиз етарли. Бу йил Сирдарё вилоятида 112 нафар, янаги йилда эса 200 нафар эҳтиёжманд опа-сингилларимиз уйли бўлишади.
Мирзаобод туманидаги “Йўлдошобод” МФЙ да истиқомат қилувчи Хуршида Жалолованинг турмуши бўлмай, ота уйига икки фарзанди билан қайтиб келишга мажбур бўлди. Ота уйида акалар ва янгалар, уларнинг фарзандлари, хуллас, Хуршида уйга жуда-жуда муҳтож эди. Хотин-қизлар қўмитаси кўмагида дастлаб Ховос темир йўллари депосига касаначи сифатида ишга жойлашди, кейинчалик, корхонада иш ҳақи тўплангач, янги уйнинг бошланғич бадалига ўтказиб берилди.
-Хуршида ота-она “орзуси”деб, бахтсиз бўлган, оқибатда “ёлғиз она” мақомини олган эди, – дейди “Йўлдошобод” МФЙ хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси Раҳима Сарибоева. – Мана энди ўз уйига эга бўлди, ишли бўлди, уйда ўтириб ишлаб, энди икки фарзандини бемалол тарбия қила олади. Вазифам боис, оғир ижтимоий ҳолатга тушиб қолган аёллар билан ишлайман, уларга қўлдан келгунча кўмак берамиз, аммо, кейинги икки йилда улар учун амалга оширилаётган ишлар таҳсинга лойиқ.
Уйлар калити тантанали топширилгач, шу ернинг ўзида ногиронлик аравачасига муҳтож ўн нафар фуқарога янги аравачалар тақдим этилди.
-Ўзим 2 гуруҳ ногирониман, Оқолтин тумани, Сардоба шаҳарчаси, Навоий МФЙ да кўп хонадонли уйнинг икки хонали квартирасида икки акам, уларнинг оиласи ва онам билан яшар эдим, тиқилишиб қолган эдик. Ўтган йилда мен ҳам Ховос темир йўллар депоси билан касаначиликка шартнома туздим, мана бу йил уйнинг бошланғич бадалини тўлаб, уйли бўлдик, – дейди Шаҳло Тешабоева севинчидан кўз ёшларини тия олмай. – Шу ерда ўтирган бахтли опа-сингиллар қатори ўзимнинг уйим бўлишини жуда истаган эдим. Президентимизнинг ғамхўрликлари туфайли уйли бўлдим. Илоҳим, Президентмиз ҳам, шу савобли ишга бош қўшганларнинг барчаси ҳам саломат бўлишсин, дунё тургунча туришсин!
Ҳа, ушбу тадбирда тинимсиз дуолар қилинди, миннатдорчилик сўзлари севинч кўз ёшларига уйқаш бўлди. Айниқса, вилоят ҳокими Ғ.Мирзаев “Жавоҳир Фарҳод ҳамкор сервис” хусусий корхонаси раҳбари, қурувчи Азим ака Исмоиловга зардўзи чопон кийгазганида олқишлар мўл бўлди.
– 10 та 2 хонали, ошхонаси чиройли жиҳозланган уйларни 5 ой муддатда қуриб битирдик, 60-70 нафар маҳаллий аҳоли вакиллари бўлган қурувчилар тинимсиз меҳнат қилишди, – дейди А.Исмоилов. – Ушбу уйларнинг ҳар бирига 113 млн сўмдан маблағ сарфланди. Уйлар лойиҳалаштирилганда хонадон аъзоларига барча қулайликлар яратиш ҳисобга олинди. Савобли ишга бош қўшганимдан жуда хурсандман.
Уй топшириш маросими бир пиёла чой устида концерт дастурига уланиб, узоқ давом этди.

                   Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!