СИРДАРЁДА “ЭНГ УЛУҒ, ЭНГ АЗИЗ” ТАНЛОВИНИНГ ВИЛОЯТ БОСҚИЧИ ЎТКАЗИЛДИ
2018–“Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” нинг Мустақиллик айёмини Сирдарё вилоятида ҳам улкан янгиланишлар, кенг кўламли ислоҳотлар ва ютуқлар ила кутиб олинмоқда.
Шу ўринда айтиш жоизки, мустақиллик йилларида Сирдарё вилоятида ҳам мақтаса арзигулик ишлар амалга оширилди. Мислсиз бунёдкорлик ишлари натижасида вилоят маркази – Гулистон шаҳри кундан-кун чирой очиб, таниб бўлмас даражада гўзаллашиб бормоқда Сирдарё, Мирзаобод туманларидаги, Гулистон шаҳридаги кўзни қувнатгувчи ўзгаришлар юртимизда ўтказилайтган ислоҳотлар самарасидир. Қишлоқларимиз йилдан йилга ободонлашиб бормоқда, буни “Ховособод” қишлоғининг қайтадан чирой очиши тимсолида кўришимиз мумкин. Буларнинг барчаси ёзувчилар асарларида, шоирлар шеърларида, журналистлар мақолаларида тараннум этилмоқда, суратлар, рассомлар картиналарида, кино ва ижтимоий роликларда акс этмоқда. Ана шу ижод аҳли ўртасида Мустақиллик байрамига бағишлаб, “Энг улуғ, энг азиз” байрамини ўтказиш анъанага айланиб қолди.
Бу йил Гулистонда “Энг улуғ, энг азиз” республика кўрик-танловининг вилоят босқичига ҳам пухта тайёргарлик кўрилди.
Вилоят Матбуот ва ахборот бошқармаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, вилоят телерадиокомпанияси, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси вилоят бўлими, вилоят маданият бошқармаси, Ўзбекистон Бадиий академияси вилоят бўлими, “Ўзбеккино” МА вилоят бўлими билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасининг 27 йиллигига бағишланган “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида «Энг улуғ, энг азиз» танловига 60 дан ортиқ муаллифлар жами 400 та ижодий иш топширдилар. Айниқса, босма ва интернетдаги ОАВ ходимлари ҳамда радио ижодкорларининг материаллари йўналишларида топширилган мақола, кўрсатув ва эшиттиришларнинг сони 350 тадан ошиқроғини ташкил этди. Барча номинациялар бўйича иштирокчиларнинг материаллари холис баҳоланди.
Бу йилги танлов Сирдарё вилоятида янги чеҳралар, интилувчан ёшлар кўп эканлигини кўрсатди. Хусусан, босма ОАВ ходимлари ўртасида энг сермаҳсул ижодкор деб “Ишонч”газетасининг вилоятдаги мухбири Озода Мамадалиева топилди. Ўзбекистон Ахборот агентлигининг 300 тадан ошиқ мақола топширган мухбири Абдужалол Қаюмов интернет журналистлари ўртасида мутлоқ ғолибликни қўлга киритди. 20 йилдан узоқроқ телерадио соҳасида ишлаб, элга танилган, тожик ва ўзбек тилларида ижод қилувчи тележурналист Рисолатбону Гулова ҳам ҳамкасблари ўртасида бир овоздан 1-ўринга муносиб деб топилди. Ёш ва умидли рассом Бобур Турсунбоев асарларидан ташкил топган галерея тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.
Тадбирни вилоят ҳокими ўринбосари Отабек Абдуғаниев очди ва байрам қатнашчиларига вилоят ҳокими Ғофиржон Мирзаевнинг табригини ўқиб эшиттирди. Тадбирда иштирок этган “Тасвирий оина” ижодий уюшмаси бош директори Исфандиёр Латипов, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги бош директори Фурқат Зокиров, Ғафур Ғулом нашриёти бош директори Темур Кулиевлар барчани байрам билан қутлаб, ғолибларга вилоят ҳокимлигининг қимматбаҳо совғаларини топширдилар.
-Тўғриси, Сирдарёда ташкил этилган тадбир мен кутганимдан ҳам зиёда ташкил этилди, – дейди Ғафур Ғулом нашриёти бош директори Темур Кулиев. – Менга танлов иштирокчилари орасида ёш ижодкорлар кўплиги, айниқса, ёқди.
-Бундай рағбатлантириш бизни янада фаолроқ бўлишга, ватанимизнинг чекка ҳудудларида бўлаётган янгиланишлар, ижобий ўзгаришларни, одамларимиздаги кўтаринки кайфиятни бутун дунёга тезкор ва холис етказишга, ўз вазифамизга янада масъулият билан ёндошишга ундайди, – дейди ЎзА мухбири Абдужалол Қаюмов. –Албатта, мен, соҳада яқин 30 йил меҳнат қилган журналист сифатида айтаманки, матбуотнинг қадри ҳеч қачон бугунгидек баланд бўлмаган.
Тақдирлаш қисмидан байрам сўнг Гулистон шаҳридаги “Аср” тантаналар мажмуасида бир пиёла чой устида давом этди.
Зебо Ҳайдарова