МЕҲНАТНИ МУНОСИБ ҚАДРЛАШ
Ота-онам мактаб ўқитувчиси бўлишган. Шу сабабли болалик кезларим илм одами бўлиш, дарс ўтишни муқаддас ҳисоблаб, устозлик касбини улуғлардим. Мен ўқиган китобларда ҳам ўқитувчи шахси зиёли, ҳурматли ва бадавлат тасвирланарди.
Лекин ёшим улғаявергач, ота-онам мисолида ҳаётда бунинг аксини кўравердим. Онам физика-математика фанидан, отам рус тилли мактабларга ўзбек тилидан дарс берарди. Баъзан улар 6-8 ойлаб уйга маош олиб кела олишмасди. Тўпланган ойликлар ҳам тўлиқ олинмас, ҳар ой учун турли ушланмалар чиқаверарди. Бу албатта, болалигим дунёсига таъсир қилган. Истакларимиз одатда чекланар эди.
Катта қийинчиликлар сабаб уларнинг сафдошлари севган касбини ташлаб бошқа юмуш билан шуғулланишга мажбур бўлишган. Касбга садоқатлари, ўз ўқувчиларини севганлари учун ҳам ота-онам мактаб даргоҳидан кетмай, сабр билан кўп йиллар устозлик қилишди.
Ўзим коллежни битириш арафасида ўқитувчи касбини танладиму, ичимдан афсусландим. Сабаби коллеж яқинида малака ошириш институти жойлашган бўлиб, у ерга келиб – кетувчи ўқитувчиларнинг униққан кийим-боши, бирортасининг автомобили йўқлиги бизга маълум эди.
Лекин зиёли оилада муносабат, суҳбатлар, фарзандларга эътибор каби ижобий жиҳатлар борлиги учун ҳам танловимда қатъий қолганман.
Мана салкам 16 йилдан буён бошланғич синфларга дарс бериб келаман.
Давлатимиз раҳбарининг “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим- тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори кўпчиликнинг кўнглидаги иш бўлди дейишим мумкин. Унга кўра жорий йилнинг 1 сентябридан умумий ўрта таълим муассасалари бошланғич синф ўқитувчилари учун 1,1 бараварга, 2019 йилнинг 1 январидан тоифали ўқитувчилар учун қўшимча оширилиш белгиланган.
Шунингдек, қарорда ҳар йили қишлоқ ва шаҳарларда арзон уй-жойлар қуриш дастурлари асосида қурилаётган уйларнинг бир қисмини педагог ходимларга 25 йил муддатга имтиёзли ипотека кридети сифатида бериш, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури асосида имтиёзли кредитлар бериш, автотранспорт воситаси сотиб олиш учун кредитлар бериш белгиланди. Ўзим ҳам автомобил олиш учун ариза бердим.
Ўқитувчининг моддий таъминоти яхши бўлса, пулли тайёрловга эътибор бермай, тўгарак машғулотлари сифати яхшиланади. Ўзи истаган китобларни ҳарид қилиш қилиш қобилияти пайдо бўлади. Моддий таъминоти учун қўшимча даромад изламай, ўз устида ишлаб малакасини оширади. Фан янгиликларига оид ойнома ва рўзномаларга мустақил обуна бўла олади.
Яна бир гап, сўнгги пайтда мактабларда эркак ўқитувчилар сони камайиб кетганлиги ҳақида кўп гапирилди. Ўзгаришлардан сўнг мактаб жамоамизда уларнинг сони ортгани гувоҳи бўлдик. Бунинг тарбия тизимига ижобий таъсири билан бирга, мактаб жамоаси учун ҳам аҳамияти бор. Ўқитувчи ва мураббийлар меҳнатини муносиб қадрлаш учун давлатимиз ва жамиятимиз эътибор бераётган экан, биз ҳам бор куч ва имкониятимизни эртанги кунимизни ҳал қилувчи кучи бўлган фарзандларимиз камолотига қаратамиз.
Гавҳар СУЛТОНОВА,
Гулистон шаҳридаги 11 умумтаълим мактаб
Бошланғич синф ўқитувчиси
(О.Мамадалиева уюштирди)