ҲАРБИЙ ҚИСМ КУТУБХОНАСИГА КИТОБЛАР ТОПШИРИЛДИ
“Ватан муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!” шиори остида Сирдарё вилоят касаба уюшмалари тизимида қуролли кучлар куни муносабати билан қатор тадбирлар ўтказилди. “Касаба уюшмалари ҳарбийларга!” акцияси доирасида Янгиер шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмда ўтказилган тадбир улардан бири бўлди.
Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Гулистон шаҳар Кенгаши раиси Ботир Усмонов чегара хизматчиларини байрам билан қутлаб, тизимда ҳарбийларга бўлган доимий эътибор, ўтказиб келинаётган акциялар кўлами ҳақида гапирди.
Таъкидлаш жоизки, ҳарбий қисмда хизматчи ходимлар манфаатини ҳимоя қилиш мақсадида жамоа шартномаси тузилишига эришилган. Ҳозирда бошланғич ташкилот раиси Обид Мансуров 33 нафар аъзолар билан доимий равишда иш олиб бормоқда.
Касаба уюшмалари томонидан ҳарбий қисм кутубхонасига китоблар жамланмаси байрам совғаси сифатида тақдим этилди.
– Ҳар йилги байрамларимизда касаба уюшмаси фаоллари ташриф буюриб турли учрашув, суҳбатлар ташкил этади, – дейди ҳарбий қисм командирининг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари, катта лейтенант Дилшод Мамадинов. – Ушбу маърифий мулоқотлар учун барча ҳарбийлар номидан миннатдорчилик билдирамиз.
Озода МАМАДАЛИЕВА,
“Ishonch” мухбири