ХОДИМГА ТЕГИШЛИ ҲАҚЛАР УНДИРИЛДИ.
Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси номига маслаҳат поликлиника врач-проктолог бўлиб ишлаган А.Матқуловнинг турмуш ўртоғи Д.Матқулова ариза билан мурожаат этган.
Фуқаро Д.Матқулова аризасида турмуш ўртоғи Абдухалил Матқулов 1986 йилдан буён вилоят шифохонасида врач-проктолог хирург вазифасида ишлаганлигини, 2018 йил 22 октябрдан буён ишимик инсульт касаллиги билан чалиниб, унга биринчи гуруҳ ногиронлиги тайинланганлигини, лекин ишлаган даврида кўп йиллар меҳнат таътилига чикмаганлиги ва унга меҳнат шартномаси бекор қилинганда фойдаланилмаган меҳнат таътиллари учун кам ҳақ тўланганлигини кўрсатиб, амалий ёрдам сўраган.
Аризани ўрганиш жараёнида, А.Матқулов вилоят шифохонасида 1986 йилдан врач-проктолог лавозимида, 2009 йил 9 июлдан вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази маслаҳат поликлиникаси врач-проктолог лавозимида ишлаб келган.
2019 йил 9 апрелдан А.Матқулов аризасига кўра унинг билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган. Буйруқда унинг ишлаган даври фойдаланилмаган меҳнат таътиллари учун 30 кундан иборат пуллик компенсация тўланиши нотўғри кўрсатилган.
Шундан сўнг, А.Матқулов 10 йиллик ишлаган даврида меҳнат таътилларига чикмаганлиги аниқланиб, унга шу даврлар фойдаланилмаган меҳнат таътиллари учун пуллик компенсация қайта ҳисоб-китоб қилиниб, ходимга тўлаб берилиши талаб қилинди. Бунинг билан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 151-моддаси талаби бузилганлиги кўрсатиб ўтилди.
Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан иш берувчи номига тақдимнома киритилди ва вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг берган маълумотига кўра А.Матқуловга фойдаланилмаган 10 йиллик меҳнат таътиллари учун жами 19 533 446 ( ўн тўққиз миллион беш юз ўттиз уч минг тўрт юз қирқ олти) сўм компенсация пуллари ҳисобланиб, 2019 йилнинг 11 июнь куни 1270800522-сонли тўлов топшириқномасига асосан ходимнинг пластик картасига ўтказиб берилди.
Юридик бўлими мудири Ш.Умаралиева