Click to listen highlighted text!

“ЗОМИН” ДА ТАЪТИЛ СЕРЗАВҚ ЎТАДИ

 

Халқимиз    болажон    халқ.    Фарзанди   камоли,   саломатлиги,   унинг   бахтиёрлиги   орзусида   тиниб  –   тинчимайди.  Мамлакатимиз   ҳам   фарзандлари   баркамоллиги   йўлида  барча   шарт  –   шароитларни  муҳайё   этиб   келмоқда.  Очилиш   тантанаси   бўлиб   ўтган  Ўзбекистон   касаба   уюшмалари  Федерациясига   қарашли   “Зомин”   оромгоҳи  қурилиб, вилоятимизга   фойдаланишга   топширилиши   асосида  ҳам  ана   шу   эзгу   мақсад,  яхши   тилак   мужассам.

Ёз   мавсуми   давомида   дилбандлар  саломатлигини   тиклаш   ва   билимини   ривожлантиришда    ёзги   оромгоҳлар  алоҳида   аҳамиятга  эга.  Шу   муносабат  билан    уларнинг   сони  ва   сифати   оширилишига   доимо  жиддий   эътибор   берилади.   Жиззах    вилоятининг   Зомин   тумани   Қўриқ   қишлоғида  қисқа   фурсатда  қурилиши   якунланган     замонавий   оромгоҳ   сирдарёлик   болажонлар   учун    чинакам    совға  бўлди.

  • 3,2   гектар    майдондаги    оромгоҳ    қурилиш    ишлари    2018   йилнинг   апрел   ойида   бошланган   эди.  Бино  қурилиши,   пардоздаш  ва  жиҳозлаш   ишларига   жами  32   млрд  сўм  маблағ   сарфланди, – дейди  оромгоҳ  раҳбари  Акмал  Эшиев.  –  Бино    халқаро   меъёр   талаблари  асосида   болалар   ҳавфсизлигини   ўйлаб   икки   қаватдан  иборат,  архитектура   асосида,  қуш  кўринишида  бунёд   этилди.    Шунингдек,  асосий   бино  том   қисмида  томошагоҳ,  200   ўринли   конференция   зали,  ёзги   томошагоҳ,     ўйингоҳ   майдончаси,    очиқ     сузиш    ҳавзаси,  футбол  майдони,  катта   ва   қўл   теннис,   волейбол,   баскетбол   майдони    халқаро   стандарт  талабларига   тўла   мос   келади.   Айниқса,  сузиш  ҳавзаларига   такомиллашган   қурилма   ўрнатилган   бўлиб,   бунинг   натижасида   қишин –  ёзин    ҳарорат   26   градус   илиқликда   бўлиши   таъминланади.  Оромгоҳ   ҳудуди  кузутув  камералари  билан  жиҳозланган   бўлиб,  болалар  ҳавфсизлиги  тўлиқ   таъминланган.

Оромгоҳнинг   ҳар   бир   хонаси   болалар   дидига   мос   равишда   турлича   безаклар  билан    жиҳозланган.  8  кишидан  иборат  хоналар     бир  нафар   бола  учун    белгиланган   халқаро   меъёрдан  кўпроқ  ҳажмга   эга.      Шунингдек,   ота-  оналар  учун   қулайлик   мақсадида      кемпинг  уйлар  мавжуд  бўлиб,  бу   ерда   фарзандлари    билан  хордиқ   чиқариш,   ёзги  ошхонадан   фойдаланиш     мумкин.

Эътиборлиси,  бино  тўлиқ   газлаштирилган   бўлиб,    бунинг   учун  Зомин   туман  ҳудудидан  2,5  км   узунликда  газ   қувури  тармоғи келтирилди.  Бунинг натижасида  иншоот   йил   давомида   хизмат   кўрсатиш   имкониятига   эга   бўлди.

  • Мавсум   давомида    бу   йил   тўрт  навбатда  жами   800  нафар  болалар   дам   олдирилиши  режалаштирилган, – дейди Сирдарё  вилоят  касаба  касаба   уюшмалари  ташкилотлари  бирлашмаси  раиси  Рустамбек  Турсунмуродов. –  “Зомин”  оромгоҳи  вилоятимиз  болажонлари учун  ёзги мавсумга ажойиб туҳфа   бўлди.  Фарзандларимизни   табиати   мусаффо   бўлган   тоғ   бағридаги   сўлим    оромгоҳда   дам   олишлари,    ҳудуддаги   иккита   булоқ   сувларидан   баҳра   олишларини  кўриб  кўнглимиз  тўлди.

 

                                       Қўлларимни     бир     чўзсам…

 

  • оромгоҳларда аввал   ҳам   дам   олганман.  Бу   ер  менга,  жуда бошқача   ёқди, –  дейди  Гулистон  тумани   11 – умумтаълим  мактабининг   4   синф   ўқувчиси    Ҳикматилла  Холдоров. –  Бу ерда  баланд  тоғлар  жуда   яқиндан  кўринади,  худдики,  қўл   чўзсам    етгудек.  Таомлари  мазали,  ҳар   куни  мевалар,  ширинлик,   музқаймоқ   еймиз.  Ҳар  бир   тўгарак   мусобақалар  ўтказмоқда.  Мен   шахмат ва  шашка  тўгараги  танловида  қатнашиб   эсдалик   совға   билан   мукофотландим.
  • Мусиқа тўгарагига   ўртоқларим  билан  бирга  ёзилдим, – дейди  Оқолтин  тумани  1   -умумтаълим  мактабининг  5-синф  ўқувчиси  Беҳруз  Ибодуллаев. – Чолғу  асбобларидан  фойдаланишни  билмас  эдим.  Тўгарак  раҳбарим   Шодлик  Кубаев  ёрдамида  доира,  рубобда   машқ  қилишни  ўргандим.  Ҳозирда  “Қўшчинор”  куйини   ўрганмоқдаман.
  • Болалар билан   ишлашда   тажрибаси  бўлган  12   нафар   тарбиячи  ва   тўгарак   раҳбарлари   билан  иш   бошладик, – дейди  оромгоҳнинг  маънавий-  маърифий   ишлар   бўйича   директор  ўринбосари  Насиба  Юнусметова. –  Оромгоҳимизда  дам   олувчилар   учун   қизиқарли     машғулотлар   жуда  кўп.  12   та   йўналишдаги   китоблар,  миллий   ва   замонавий   мусиқа   асбоблари,  тринажёр  қурилмалари  барчаси  болаларга  муҳайё   қилинган.  Ниятимиз  болажонлар   ёзги   хордиғини  кўнгилдагидек  ўтишига  хизмат   қилишдир.  Бу   ердаги  барча   ёқимли   лаҳзаларни  эсдалик  суратлари,  тасмаларига   мухрлаб  хайрлашув  тадбирида  тақдим  этамиз.

Оромгоҳ   очилиш   тантанасида  вилоят  ҳокими   ўринбосари  Отабек  Абдуғаниев,  Ўзбекистон  касаба   уюшмалари  Федерациясининг    маданий  –   маърифий   ва   спорт  ишлари     бўлими   мудири   Шуҳрат  Деҳқонов,  вилоят  касаба  уюшмалари  ташкилотлари  бирлашмаси раиси  Рустамбек  Турсунмуродовлар   иштирок  этиб   оромгоҳ  рамзий   калитини  маскан   раҳбарига  тантанали   топширди.   Куйланган   куй   –  қўшиқлар   маросимга  ўзгача   завқ   бағишлаб,     маскан   бахтиёр   болалик   кўзларидан   ёришди.

 

 

ВКУТБ Маданий – маьрифий ва спорт ишлари бўлими

 

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!