УНГА ШУНДАЙ ТАЪРИФ БЕРИШАДИ: “EHTIROM”ГА МУНОСИБ ИНСОН
Байрамлар доимо менга ёққан. Ҳар гал шодиёналарда бошқача хуш кайфиятда юраман. Бу хушнудликни атрофимдагиларга ҳам юқтиргим келади. Янги йил байрами қувончлари ҳам анча кун аввал бошланадиган бўлди. Кутилмаганда мукофотланганим хабарини, барчанинг қутловини олдим. Шунча йиллик меҳнат эвазига келган тухфа ҳар қандай ёшда ҳаяжонга солар экан…
Ушбу таассуротлар касаба уюшмаларининг бош мукофоти – “Эҳтиром” нишони билан тақдирланган Рахматулла Султоновга тегишли.
У билан суҳбатлашган киши борки, билимлилик, масъулиятлилик каби хислатларни кўради. Мирзаобод туманида туғилиб ўсган Рахматулла касаба уюшмалари тизимида 35 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. Чинакам тажрибали мутахассис, сабаби 1990- йилда Касаба уюшмалари ҳаракати олий мактабини тамомлаган, ҳатто. Дўстимиз 1983- йил вилоят касаба уюшмалари Кенгаши ижтимоий суғурта бўлими йўриқчи-тафтишчиси лавозимида ишга жойлашди. Шундан буён тизимнинг турли йўналишларида, агросаноат ходимлари касаба уюшмаси вилоят қўмитаси ижтимоий суғурта бўлимида мудир, Давлат муассасалари ходимлари касаба уюшмаси вилоят қўмитасида раис ўринбосари, вилоят қўмита раиси, ва 1999- йилдан ҳозирги кунга қадар вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ижтимоий суғурта бўлими мудири лавозимида ишлаб келмоқда. Яхши ҳамкасб, ҳурматга сазовор дўст сифатида ҳамиша қадрлайман.
Ўтган йиллар давомида доимий қайноқ меҳнат жараёни билан банд бўлди. Соҳанинг барча қонунлари, талабларини яхши тушунади. Керак бўлса, дунё тажрибаларини солиштириб умидли ташаббус билан доимо ўз фикрини айтиб келмоқда. Айниқса, бошланғич ташкилотлар билан ишлаш ҳадисини олган. Қўлига ташкилотнинг ҳужжатлари тушиши билан сира эринмай барча рақамларга эътибор беради. Ижтимоий ҳимоя ва меҳнат муносабатларига оид барча масалаларда бошланғич касаба уюшма ташкилотларига доимий амалий ёрдам берувчи ходим. Шу боис ҳам доимо бошланғич ташкилотлар билан гоҳ ўзининг, гоҳ ўрганувчининг иш столида сабоқ бериш, ҳужжат “гапиртириш” жараёни билан банд ҳолда учратасиз. Вазифасига сусткашлиқ билан қарагани, ишига қизиқиши сўнганини сира кўрмаганман.
Мутахассислиги бўйича иқтисодчи бўлган Рахматулла Султонов тизимда иш бошлаганидан буён вилоят, туман, шаҳар тармоқ касаба уюшма қўмиталарининг меҳнаткашларни ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ишларида, касаба уюшмаларига тегишли бўлган маблағлардан самарали ва мақсадли фойдаланиш ишларида ўзининг салмоқли хиссасини қўшиб келмоқда.
Айниқса, касаба уюшмалари фаолиятига оид бўлган барча масалалар бўйича етук мутахассис сифатида меҳнат жамоасининг эътирофини аллақачон қозонган.
Касаба уюшмалари фаолиятини такомиллаштириш ва янгича ташкил этиш ишларида фаол қатнашиб, таклифлари билан иштирок этадиган, юқори касаба уюшма ташкилотларининг қарорларини ўз вақтида бажарилишида талабчан ва ташаббускор ходимлардан бири бўлиб келмоқда. Қовун қовунни кўриб ранг олади, деган нақл ҳақрост. Фидоий инсон албатта, шогирдлар чиқаришга, атрофидагиларга ижобий таъсир қилмай қўймайди. Касбга муносабат, ишга синчковлик ҳамкасбларига ҳам “юққан”. Касаба уюшмалари вазифаларини яхши тушунган ҳолда ҳаётга тадбиқ этиш борасида юқори тажриба ва билимга эга бўлганлиги учун вилоятдаги барча касаба уюшмалари қўмиталари ва фаоллари орасида катта обрў- эътиборга эга. Уни тизимдаги барча танийди ва эҳтиромга муносиб инсон сифатини билади.
Ундаги бой тажрибага ҳавас қилиб жуда кўп жойларга ишга таклиф қилишган. Баъзан иккиланиб қолган вақтлари бўлди. Шунда: “Столинг ташқарида қолсаям, сени ҳурмат қилган жамоадан кетма”, деган маслаҳатга кўниб, севимли жамоаси билан бирга қолди. Тилагимиз, мукофотлари давомли бўлсин. Зеро сизнинг барча хизматларингиз бунга арзийди.
Қаршибой ЭШНАЗАРОВ,
Сирдарё вилоят касаба уюшмалари
ташкилотлари бирлашмаси раис маслаҳатчиси