СИРДАРЁ ХАРИТАСИДАГИ ЯНГИ САҲИФА
Президентимиз Сирдарёга ташрифи чоғида қадимий Ховостепа ёдгорлиги, вилоятнинг тарихи ва маданияти акс этган топилмалар сақланиши билан танишиб, тегишли тавсиялар берган эди.
Ховос тумани, Ховособод мфй ҳудудида бунёд этилган Ҳасти Бузруквор зиёратгоҳи ва туман ўлкашунослик музейи Сирдарё харитасида янги саҳифа бўлди. Бу маскан бугун ҳар доимгидан гавжум. Вилоят тарихи ва маданиятидан баҳраманд бўлишга ошиқаётган инсонлар таассурот ва ҳайратларига гувоҳ бўлаётир.
-Гапнинг очиғи, вилоятда қарийб 2 минг 500 йиллик тарих, топилмалар борлигини кўпчилик, шу жумладан, вилоятликлар ҳам билмайди. Сақланган қабртошларига эшитилган ривоятларга кўра зиёратга келиб кетилган, холос, -дейди Сирдарё вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Рустамбек Турсунмуродов. -Бугунги ободлик сабаб тарихимизни чуқурроқ ўрганиш имконияти яратилди. Буюк тарихга эга эканлигимиздан қалбимиз ғурурга тўлаётир. Шу сабаб ҳам касаба уюшма фаолларининг зиёратини ташкил этдик.
Касаба уюшмалари вакиллари дастлаб музей фаолияти билан танишди. Музей ходимаси Дилфуза Қўшматова маданий топилмалар, археологик қазилма ишлари, туман тарихига оид илк фотосуратлар, уй-рўзғор буюмлари билан таништириш асноси бой тарихдан бахраманд қилди.
Шундан сўнг, қисқа фурсатда барпо этилган Ҳасти бузруквор, Бобо Жобир зиёратгоҳи, уларнинг ўғиллари Саъд ва Саид номидаги масжид, Шербобо, Юсуф бобо, Хадича оча мақбараси зиёратида бўлиб, уларнинг ҳақларига дуо ўқишди.
Мазкур саёҳат ва ҳудуддаги улкан ўзгаришлар барчада катта таассурот қолдирди.
Озода МАМАДАЛИЕВА