ФАОЛИЯТДА ЯКДИЛЛИК БЎЛСА…
Боёвут туманидаги 52- умумтаълим мактаби касабақўм раиси Нодир Мелқўзиев ёш етакчилардан. Ҳисобот-сайловда унга ишонч билдирилгач, енг шимариб ишга киришди. Жамоада ишлаётган 75 нафар аъзонинг меҳнат ва дам олиш шароити билан қизиқди.
Касаба уюшма қўмитаси ходимларга ғамхўрлик кўрсатиш мақсадида маъмурият билан ҳамкорликда иш олиб бораётир.
Мактаб янги бинода фаолият бошлагач, сиғими 345 ўринга эга бўлди.
Эндиликда 10 та замонавий синф хонаси,16 та методик ва маъмурий хона, халқаро тадқиқот ва мажлислар учун техник шароитларга эга бўлган жами 26 та хона мавжуд.
Шунингдек, интернет тармоғи ва техникаси билан жиҳозланиб, хона ва коридорлар кузатув камераси ва радиоузел аппарати билан таъминланган.
Энг муҳими, мактаб директори Бахром Алиевнинг ташаббуси билан мактаб касаба уюшма қўмитасига хона ажратилди. Компютер техникаси ва жиҳозлар билан таъминланганлиги қўмита фаолиятига кўмак беради.
Умуман, мактабда ходимлар ҳимояси, иш ҳақлари мунтазам равишда, ўз вақтида берилиши ҳамда жамоа шартномасининг барча бандлари бажарилиши касаба уюшмаси қўмитаси билан хамкорликда олиб борилмоқда.
Шунингдек, меҳнат хавфсизлиги, муносиб иш ўрни назорати йўлга қўйилган.
Мактабда бу соҳада меҳнат муҳофазаси бўйича вакил ва комиссия фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг ижобий ишлари натижасида ҳеч қандай бахтсиз ходиса рўй бермади. «Йўл харакати хавфсизлиги», «Ёнғин хавфсизлиги” ҳамда «Техника хавфсизлиги» бурчаклари ташкил этилган бўлиб, «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонун талабларини бажарилиши назоратга олинган.
Мактаб жамоа шартномаси 2020-2022 йилларга мўлжалланиб тузилган бўлиб, 16 та бўлимнинг 139 та бандидан иборат.
Яқинда жамоа шартномаси бажарилишига бағишланган умумий йиғилишда мактаб директори ва касабақўм раиси ҳисоботи тингланди.
Таъкидланганидек, мажбурий мехнатни олдини олиш бўйича қатор ишлар амалга оширилди ва ходимлар ишдан ташқари вақтларда бошқа ишга жалб этилмади.
Долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларни муҳокама қилиш учун давра суҳбатларини ташкил этиб борилмоқда.
Кам таъминланган, ёрдамга муҳтож ёшлар, хотин-қизларни, шунингдек тизимда ишлаб нафақага чиқиб кетган меҳнат фахрийлари, ёлғиз кексалар ва ногиронларни қўллаб-қувватлаш ишларига алоҳида эътиборни қаратилаётир.
Ўқув-педагогик юкламанинг режаси, дарсларни ўтказиш жадвалини ҳамда педагог ва ходимларнинг маошлари, устама ва қўшимча ҳақ миқдорини тасдиқлашда касаба уюшмаси вакилининг қатнашиши таъминланган.
Ўқитувчилар ва ходимларни аттестациядан ўтказиш комиссияси таркибига ҳам касаба уюшмаси раиси киритилган.
Айни вақтда кичик ёшдаги фарзандлари бўлган ва хомиладор аёлларга етарли шароит яратилган. Яъни, уч ёшга тўлмаган болалари бор аёлларга 1 соатга қистқартирилган иш куни белгиланди, 2 ёки ундан ортиқ 12 ёшгача фарзанди бўлган аёлларга ҳар ойда 1 кундан иборат иш ҳақи сақланмайдиган дам олиш куни ҳамда ҳар иш кунида иш ҳақи сақланган ҳолда 1 соат қисқартирилган иш вақтини белгиланди. Икки ёшгача фарзанди бўлган аёлларга, болани овқатлантириш учун хар уч соатда 30 дақиқадан танаффус берилиши ташкил этилди.
Жамоа шартномасида белгиланган ҳолда ходимга оилавий шароитига (ўзининг тўйи, боласининг тўйи, оила аъзоси(ота, она, фарзанд, ака, ука, опа, сингил)нинг ўлими ва бошқа узрли сабабларга) кўра қонун доирасида иш ҳақи сақланган ҳолда таътил берилмоқда.
Ўтган йилда 8-март “Халқаро хотин-қизлар куни” байрами, 1-октябр «Ўқитувчи ва мурабийлар куни» байрами муносабати билан маданий тадбир ташкил этилиб, фаоллар эсдалик совғалари билан тақдирланди.
“Спорт- саломатлик гарови” шиори остида аёл ходимлар ўртасида спортнинг волейбол, эркак ходимлари ўртасида спортнинг футбол турида мусобақалар ташкил этилди.
2020 йилда жами ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган касаба уюшма аъзоларининг 7 нафарига моддий ёрдам кўрсатилган.
Юқорида маъмурият ва касаба уюшма ҳамкорлиги яхши йўлга қўйилгани ҳақида сўз юритдик. Жамоатчилик асосида фаолият юритиб келаётган касаба уюшма қўмитаси раиси Н.Мелқўзиевга ишонч ва рағбат сифатида спорт тарғиботчиси вазифаси юклатилди. Эндиликда ҳар иш куни ходимлар ишлаб чиқариш гимнастикаси билан шуғулланади, ҳамда тарғиботчининг базавий лавозим маошига қўшимча 20 фоиз ҳақ тўланадиган бўлди.
Озода МАМАДАЛИЕВА,
«Ishonch»