Click to listen highlighted text!

САРДОБАЛИК АЁЛЛАР УЧУН 80 ТА ИШ ЎРНИ

Суратдаги аёл- Улуғжон Каримова. Бу чеҳра ва номни Наманганда яхши танишади. Бу йилдан сирдарёликлар ҳам “опа”нинг яхши тадбиркор, адолатли раҳбар эканлигини билиб олди. Гап шундаки, асли Наманганнинг Чуст туманидан бўлган Улуғжон Каримова Сардоба туманида тикув корхонаси фаолиятини йўлга қўйиб 80 нафар аёлни иш билан таминлади.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тадбиркорликда 16 йиллик тажрибага эга, 3 та текстил корхона юритувини салоҳият билан амалга ошираётган тадбиркор аёлга талофат кўрган Сардоба туманида иш ўринлари яратиш таклифини берди. Бошида иккиланиш бўлди, бироқ раҳбариятнинг ишончига жавоб қайтариш, аёллар бандлигига кўмаклашиш ниятида иш бошлашга қарор қилди. Оғир талофат кўрган Қўрғонтепа қишлоғида 100 ўринли корхона ташкил қилишга ваъда берди.
Ҳудуддаги сувдан зарарланган бино берилди. Икки қават бўлган бино дастлаб савдо дўкони, тошқинга қадар эса яшаш хонодонига айлантирилган бўлган. Иш, албатта, таъмирлашдан бошланди.
Оз фурсатда 80 та тикув машинаси билан жиҳозланиб, барчаси “Аёллар дафтари”да бўлган 80 нафар хотин-қиз ишга қабул қилинди.
-Ишга қабул қилишда тикув ҳунарини эгаллаганми, йўқми, сўраб ўтирмадик, -дейди “SARDOBA SOF TEKSTIL” MCHJ раҳбари Улуғжон Каримова. – Аёл борки, тикиш унинг қўлидан келади. Қолаверса, ишлаш давомида чок турлари билан таништириб, ўқувни биргаликда олиб бормоқдамиз. Бошланишига содда бичимдаги махсус иш кийимлари, эркаклар либосларини тайёрладик. Ишимизнинг дастлабки 25 кунида 14 минг дона эркаклар шими тайёр қилиниб, шу ернинг ўзидан Қирғизистонга экспорт қилинди.
Тажрибали тадбиркор тезда маҳсулот турларини кўпайтиришга улгурди. Айни пайтда мактаб формаси, аёллар костюм юбкаси бежирим ва юқори сифат билан тайёрланмоқда. Энг қувонарлиси, ушбу маҳсулотлар яқингинада “ишсизман, қўлимда ҳунарим йўқ” деб тушкун ўтирган опа-сингиллар томонидан тайёр этилмоқда.
-Ҳеч қаерда ишламаганман, -дейди қўрғонтепалик Санобар Санақулова. – Тикишни ҳам шу ерда ўргандим. Қачондир бизнинг қишлоғимизда ишлаб чиқариш, фабрика қурилармикин, тоза, енгил ишларда меҳнат қилсам эди деб орзу қилардим. Мана ниятларимиз ушалди, қўлимизга пул тегиб рўзғоримиз бутлигига ҳисса қўшяпмиз.
Корхона ишчиларига тушликда иссиқ овқат берилиши йўлга қўйилган. Шунингдек, маҳсулотни ташкилотларга таништириб, буюртма қабул қилган ходимга ишнинг 10 фоизи қўшимча даромад сифатида тўлаб берилмоқда.
Корхона раҳбарининг айтишича, тез орада ходимлар сони 100 нафардан ошади. Бунинг учун ҳаракатлар аллақачон бошланган. Корхона ёнидаги бўш турган ерда туман ҳокимлиги рухсати билан улгуржи савдо дўкони, овқатланиш шаҳобчаси қурилиши олиб борилмоқда. Дарвоқе, туман марказида 40 ўринли тикув цехи очилиш тадориги кўрилган. Шунча миқдордаги тикув машиналари ўрнатилиб иш бошлашга ҳозирлик бошланган.
Ишлаш истагида бўлган, ҳалол луқма топиб, рўзғорини бутлаш ниятини қилган опа-сингиллар қувончига сабаб корхоналар сони кўпаяверсин, деймиз.

Озода МАМАДАЛИЕВА,
«Ishonch»

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!