СИРДАРЁДА КООПЕРАЦИЯ УСУЛИДА ТАДБИРКОРЛИК РИВОЖЛАНТИРИЛАДИ
Сирдарё вилоятида кооперация ташкил қилиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича вилоят комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда вилоят ишчи гуруҳ рахбари Эркин Байниязов, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Анвар Каримов хамда ҳудудларда кооперация ташкил қилиш истагини билдирган тадбиркорлар иштирок этди.
Давлат раҳбари ташаббуси билан бошланган навбатдаги бандлик сиёсати тадбиркорлар фаолиятини осон кенгайтириши ва аҳолини тадбиркор қилиши билан аҳамиятли. Кооперация йўналишлари ҳудуднинг имкониятларини таҳлил этган ҳолда белгиланмоқда. Чунончи, ижтимоий-иқтисодий, транспорт ва логистика, энергетика ва коммуникация, иқлим ва географияси, маҳсулотларни сотиш бўйича бозор ва экспорти таҳлил асосида эътиборга олинмоқда.
Вилоятда 10 та истиқболли лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди. Тикувчилик, чарм-поябзал, балиқчилик, қуёнчилик, асаларичилик, кўчат ва боғдорчилик, парранда ва чорва йўналишидаги фаолият бўйича тажрибали тадбиркорлар аниқ ҳисоб-китобли лойиҳа билан таништиришди.
Шу куни корхона эгалари ишлаб чиқариладиган маҳсулот тури ва ҳажми, молиявий манбалари, жалб этиладиган хонадонлар сони ҳақида аниқ рақамлар кўрсатишди.
Йиғилишда таъкидланганидек, тайёргарлик жараёнида аниқ иқтисодий асосланганлиги, ҳаётийлиги, ишга тушгандан кейин мустақил фаолият юрита олиши инобатга олинди.
Ҳусусан Гулистон шаҳридаги “Моҳир аёллар” МЧЖ раҳбари Манзура Жиянова, “Омадли аёллар” МЧЖ раҳбари Дилрабо Носировалар шаҳардаги маҳаллаларда тикувчилик фаолиятини ривожлантириш, Боёвут туманида “Наслли қуёнлари” МЧЖ рахбари Қурбонали Махмудов қуёнчилик фаолиятини йўлга қўйиш орқали ички ва ташқи бозорларга сифатли қуён гўшти билан таъминлаш истагини билдирди.
Баҳодир ҲАМИДЖОНОВ,
ЎЗбекистон касаба уюшмалари Федерацияси
Сирдарё вилоят Кенгаши раиси ўринбосари