Click to listen highlighted text!

МЕҲНАТ МУҲОФАЗАСИ МАДАНИЯТИ-БИРГАЛИКДА ШАКЛЛАНАДИ

28 -апрель – “Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни”га атаб ҳар йили давра суҳбати ўтказиш анъанага айланган. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Сирдарё вилояти кенгашида “Меҳнат муҳофазасининг ижобий маданиятини биргаликда шакллантирамиз” шиори остида бўлиб ўтган тадбир иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Унда вилоятнинг ҳамкор ташкилот вакиллари, шунингдек, Тадбиркорлик, бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳалари ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Улуғбек Муҳамедов иштирок этди.
Давра суҳбатида сўзга чиққанлар мавзуга оид тушунтириш ва кўникмалар берди. Жумладан, меҳнат жамоаларида ташкил этилган меҳнат шароитини ўрганиш, жамоа шартномасининг меҳнат муҳофазасига оид бандининг мукаммал тузилишига эришиш, касб касаллигига чалиниш ва саломатлигининг бошқа хил шикастланиши туфайли етказилган зарарни тўлаш қоидалари тушунтирилди. Айниқса, меҳнат жамоалари дуч келаётган муаммолар, қонунларимизда қандай ечим борлиги тўғрисида атрофлича муҳокама қилинди.
Шундан сўнг, Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш юзасидан Республика танловининг вилоят босқичи ғолиблари тақдирланди.
Меҳнат жамоасида олиб борилган ишлар баҳоланиб “Энг яхши ташкилот”, “Энг яхши касаба уюшмаси қўмитаси”, “Энг яхши меҳнат муҳофазаси вакили” ва “Меҳнат муҳофазаси бўйича ёш мутахассис” номинациялари бўйича муносиблар эътироф этилди.
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиали “Энг яхши ташкилот” номинациясида тармоқда 1-ўринни қўлга киритди. Ташкилотда қарийб 5 йилдан буён Вали Эргашев меҳнат муҳофазаси бўйича вакил лавозимида ишлаб келмоқда. Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича битимда мўлжалланган чора-тадбирларни амалга ошириш учун 75 млн. сўм маблағ сарфланган. Ҳар бир ходимга сарфланган ўртача маблағ эса 1 млн. сўмни ташкил этади. Умуман, тиббиёт марказида ходимлар учун яратилган шароит, бажарилган ишлар видео слайд кўринишида давра қатнашчиларига намойиш этилди.
– Сайҳунобод туман тиббиёт бирлашмасида 1 минг 300 нафар ходим меҳнат қилмоқда. Ҳаракатларимиз натижасида бугунги кунда барча ходимларнинг тиббий кўрик давомида чиқимдор бўлмасликлари таъминланган, -дейди “Меҳнат муҳофазаси бўйича ёш мутахассис” номинацияси ғолиби Илҳом Мажитов. – Айни пайтда мутахасисилигим бўйича таълим оляпман. Асосан кўча шароитида ишловчи патронаж ходимлар хавфсизлигини тўлиқ таъминлаш бўйича изланиш олиб бориб ўз таклифларимни соҳа вакилларига бериб бормоқдаман.
– Хавфсиз ва соғлом меҳнат шароити яратиш фақатгина билим, малака ва доимий назоратни талаб қилади, -дейди кўрик-танлов ғолиби Равшан Мирзамуротов. – Бунда ҳар йили ўтказиладиган давра суҳбати ва танлов яқин кўмакчи бўлаётир. Йилдан йилга камчиликлар тўғирланиб, намунали бўлиш чоралари кўрилмоқда. Айтишганидек, рағбат иштиёқ уйғотмоқда.
Ғолибларга диплом, эсдалик совғалари топширилди.

Бердимурод АБДУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси
Сирдарё вилоят кенгаши меҳнатни муҳофаза қилиш
хизмати етакчи мутахассиси

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Click to listen highlighted text!