Click to listen highlighted text!

СИРДАРЁЛИК УЧ АВЛОДЛАР САМИМИЙ СУҲБАТИ

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Сирдарё туман бўлинмаси томонидан 1-октябр ўқитувчи ва мураббийлар куни ҳамда 11-ноябр касаба уюшмалари куни муносабати билан «Уч авлод учрашуви» маънавий тадбири ўтказилди. Тадбирга уч авлод вакиллари – меҳнат фахрийлари, фидойи устозлар ва ёш ходимлар таклиф этилди.
Туман бўлинмаси раиси Муроджон Ҳайитқулов барча устоз-мураббийларни байрам муносабати билан қутлади ва соҳа ходимларининг бебаҳо хизмати, эришган ютуқ ва натижалари фахрга арзигулик эканлигини таъкидлади. Шунинг учун уч авлод учрашувлари янги авлод касбдошларни тарбиялашда, руҳлантиришда муҳим аҳамиятга эгалиги тўғрисида сўз айтди.
Ушрашувни Сирдарё педагогика коллежи биносида ўтказиш бежизга танланмаган. Илгари бу ерда вилоятнинг ягона олий ўқув даргоҳи – Сирдарё Давлат Педагогика институти фаолият юритган. Табиийки, таълим жараёни, юксак маҳоратли устозлар ва уларнинг кўплаб шогирдлари шу манзилда тарбия топиб камолга етказилган. Муҳит ҳозир ҳам давом этиб келмоқда. Учрашув давомида тадбир иштирокчилари тумандаги таълим бериш тажрибаси, устозлар фаолияти билан боғлиқ маълумотларга эга бўлдилар.
Меҳнат фахрийси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими фахрий унвони соҳиби Абдуқодир Сафаров, Халқ таълими аълочиси Мавлуда Нукурадзелар ҳаёти ва меҳнат фаолияти давомида тўплаган бой тажрибаси, ёшлик давридаги ўзига хос қийинчиликлар, меҳнат палласидаги машаққатлар, ниҳоят, нуронийлик пайтида кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиром ҳақида ўз дил сўзларини, самимий фикрларини билдирди.
Қизиқарли суҳбатдан сўнг, фахрийларга, шунингдек, бу йил ўзларининг юбилей ёшларини нишонлаётган бир гуруҳ устозларга эсдалик совғалари топширилди.
Бу йил олий таълим даргоҳларини битириб умумтаълим мактабларига биринчи бор ишга қабул қилинган 15 нафар ўқитувчи ходим касаба уюшмаси аъзолигига қабул қилинган эди. Ёш мутахассисларга тантанали равишда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг аъзолик билетларини фахрий устозлар тақдим қилди ва кенгашнинг эсдалик совғалари топширилди.
-Иш фаолиятимни бошлаганимга ҳали ҳеч қанча бўлмади, – дейди 40-сонли ихтисослашган давлат умумтаълим мактаби ўқитувчиси Замира Худайназарова. – Бугунги учрашувда таълим соҳасида фидойилик кўрсатган устозлар билан мириқиб суҳбатлашиб, ўзимга керакли маълумотларга эга бўлдим. Улар иш жараёнида нималарга эътибор бериш кераклиги, айниқса, билим бериш, дарсни муқаддас ҳисоблашни бот-бот такрорладилар. Уларнинг қўлидан касаба уюшмаси аъзолик билетларини қабул қилишимиз, бизга билдирган яхши тилаклари кўпроқ ҳаяжонга солди. Бу воқеа касаба уюшмаси ҳақидаги тасаввуримизни янада бойитди.
Эл-юрт равнақи йўлида мамлакатимиз раҳбарига яқин кўмакчи, камарбаста бўлиш лозимлиги уч авлодга мансуб таълим ходимлари ўртасида кечган самимий суҳбатлар бош мавзусига айланди. Айниқса, тадбир сўнгида бадиий чиқишларини намойиш этган болажонлар тилидан айтилган шеър матни қулоқларимизда қолди:
…фақат бир кишидан бўлади қарзим,
Оддий муаллим-да, оддий муаллим!

Алижон МАМАРАСУЛОВ, Ўзбекистон таълим ва фан
ходимлари касаба уюшмасининг Сирдарё вилоят бўйича
масъул ташкилотчиси

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Click to listen highlighted text!