Санаторийларга йўлланма олиш тартибини биласизми?
Ижтимоий тармоқларда тез-тез “Санаторийларга йўлланма олиш тартибини биласизми? Кимлар имтиёзли ёки бепул йўлланма олиш ҳуқуқига эга?” каби саволларга дуч келамиз. Биз уларга аниқ жавоб олиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Ижтимоий суғурта бўлими мудири ўринбосари Эркинжон ЮСУПОВга мурожаат қилдик.
– Санаторий ва дам олиш уйларига йўлланма олиш тартиби қандай?
– Ўзбекистон касаба уюшмаларининг устувор йўналишларидан бири ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштиришдир. Жумладан, бу йил тизимда 29 та санаторий фаолият юритмоқда. Уларда 6 753 та ўрин мавжуд бўлиб, 170 мингдан зиёд дам олувчиларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш режалаштирилмоқда.
Ишловчи ходимларга санаторий ва дам олиш уйларига йўлланмалар корхона, ташкилот ва муассасаларнинг касаба уюшма қўмиталари томонидан, ижтимоий солиқ тўловидан йўналтирилган маблағлар ҳамда касаба уюшмаси аъзолик бадаллари ҳисобидан икки йилда бир марта ўрнатилган навбат бўйича берилади. Шунингдек, касаба уюшмаси аъзолик бадаллари ҳисобидан санаторий ва дам олиш уйларига йўлланмалар ишчи-ходимларнинг оила аъзолари (ота-онаси, турмуш ўртоғи ва фарзандлари)га ҳам берилиши мумкин.
Ходим йўлланма олиш учун ўзи ишлаётган корхона, ташкилот ва муассаса касаба уюшма қўмитасига мурожаат қилиши ҳамда қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари лозим:
– ариза;
– тиббий маълумотнома;
– санаторий–курорт картаси (0.7.2./У–шакл);
– паспорт нусхаси;
– меҳнат дафтарчаси нусхаси;
– меҳнат таътили берилгани тўғрисидаги буйруқдан кўчирма;
– йўлланма қиймати тўлиқ ёки қисман (45 фоиз) тўлангани тўғрисидаги тўлов қоғози (квитанция).
– Кимлар имтиёзли йўлланма олиш ҳуқуқига эга?
– Касаба уюшмаси аъзоларининг барчасига йўлланмалар имтиёзли нархларда, яъни 45 ёки 100 фоизли тўлов асосида, устама нархларсиз берилади.
Имтиёзли йўлланма тушунчасини иккига бўлиб, яъни 45 фоизли ва бепул йўлланмаларга ажратадиган бўлсак, 45 фоизли тўлов асосида, юқорида таъкидланганидек, барча касаба уюшма аъзоларига берилади. Бепул йўлланмалар эса, ижтимоий солиқ тўловидан йўналтирилган маблағлар ҳисобидан, 10 фоизгача бепул ва 90 фоизгача қиймати қисман ундирилган ҳолда берилади.
Бепул йўлланмалар, биринчи навбатда, ишловчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига, байналминалчи жангчиларга, ядро полигонларида ва ядро радиацияси мавжуд объектларда ҳарбий хизматини ўтаган шахсларга (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 31 майдаги 188-сонли қарорига асосан), ўз ҳарбий бурчини бажариш пайтида соғлиғига шикаст етганларга, Чернобиль АЭСдаги авария оқибатларини тугатишда иштирок этганларга, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатганларга, ишловчи меҳнат фахрийлари ва ногиронларга, кўп болали (тўрт ва ундан ортиқ), кам таъминланган оилаларнинг ишловчи аъзоларига берилади.
Касаба уюшмаси аъзоларига имтиёзли йўлланмалар икки йилда бир марта берилиши белгиланган.
– Санаторийларга йўлланмалар нархи қанча?
– Касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги санаторийларда даволаш хусусиятидан келиб чиқиб, дам олувчиларни соғломлаштириш муддатлари 12 ва 10 кунни ташкил этади. Бу санаторийларга йўлланмаларининг ўртача нархи, даволаш муддати 12 кун бўлганда 3 млн. 710 минг сўмни ва 10 кун бўлганда эса 3 млн. 100 минг сўмни ташкил этади.
Демак, касаба уюшмаси аъзоси ушбу йўлланмаларни имтиёзли нархда, яъни 45 фоизли тўлов асосида сотиб оладиган бўлса, даволаш муддати 12 кунлик бўлган санаторийларга 1 млн. 670 минг сўм ва даволаш муддати 10 кунлик бўлган санаторийларга 1 млн. 395 минг минг сўм тўлашлари керак бўлади.
– Берилган йўлланмадан бошқалар фойдаланиши мумкинми?
– Касаба уюшмаси аъзолари саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида Федерация Ижроия қўмитасининг меъёрий ҳужжатларига асосан, берилган йўлланмалардан фақат йўлланма олган шахс фойдаланиши белгилаб қўйилган.
Йўлланма уни берган касаба уюшмаси томонидан тўлиқ тўлдирилади ва санаторийга ушбу йўлланмада исм-фамилияси ёзилган шахс қабул қилинади.
Феруза РАҲИМОВА,
Ishonch.uz