“ЗОМИН” БАҒРИДА
4 гектарда ястанган оромгоҳнинг гўзал манзаралари, шарқираб оқиб ётган сой,унда жўжаларини эргаштириб юрган ўрдагу ғозлар бу ерда дам олаётган болаларнинг завқини келтиради. Тўтиқуш, турли кабутарларга ўз қўллари билан дон дун бериб, товусларнинг хотиржам қанот ёйишларини кузатганларида она табиатга янада меҳрлари товланади.
“Зомин” болалар оромгоҳига биринчи навбатда дам олишга келган 260 ўғил-қизларнинг ҳар куни таасуротларга бой ўтмоқда.Улар ўзлари ёқтирган тўгараклар ва спорт ўйинлари билан машғул. Ўтаётган ҳар бир кунларининг номи бор. “Заковат”,”Эртаклар оламига саёҳат”, “Ҳарбий ватанпарварлик”, “Моҳир қўллар”, “Санъат ва истеъдод”, “Спорт” кунларида болалар ўз истеъдодларини намоён қилмоқдалар. Спортнинг футбол тури бўйича оромгоҳ раҳбарининг “Оромгоҳ кубоги” учун беллашувлари ташкил этилди. 8 кун давомида 3 тур доирасида ўтказилган мусобақалар жуда қизиқарли бўлди. Кўчма кубок “Аланга” жамоасига насиб этди. Шунингдек, жамолар лига давомидаги ўйинлари, меҳнатлари учун “Энг яхши ўйинчи”, “Энг яхши тўп урар”, “Энг яхши дарвозабон“, ”Энг яхши ҳимоячи” номинациялар билан тақдирланишди.
Билимли педагог тарбиячи ва етакчилар болаларнинг ҳар дами завқли ва фойдали ўтишида жон куйдиришмоқда. Тарбиячи Умид Маматқулов, етакчи Севинч Ўразалиевалар аллақачон дам олувчилар кўнглидан жой ола билишган.
Мазмунли, қизиқарли машғулотлар туфайли болалар 12 куннинг қандай ўтиб кетаётганини сезмай ҳам қолишаяпти. Энди улар бу гўзал маскандаги унутилмас хотиралар билан уйларига қайтишади. Беш маҳал таомланиш, моҳир бош ошпаз Жаҳонгир Маматов бошчилигида тайёрланган хуштаъм овқатлар, 50га яқин ишчи-ходимларнинг сидқидилдан кўрсатган хизматлари, шифокор Анвар Ҳотамовнинг доимий назорати,талабчанлигини қандай унутиш мумкин. Улар оромгоҳда дам олиб, саломатликларини мустаҳкамлабгина қолмай тўғри овқатланиш, спорт билан вақтида шуғулланиш, китоб билан ошно бўлишнинг фойдалари борасида бой тушунчаларга эга бўлишмоқда. Бир ярим минг китоб фондига эга кутубхонадан китоблар олиб ўқишди.Кутубхоначи Фарангиз Султонова ташкил этган викториналарда, “Заковат куни” доирасида “Китобхонлик ёрқин келажак пойдевори” мавзусидаги қизиқарли тадбирда қатнашишди.
-Менга айниқса тоғ манзаралари, ҳавоси, иссиқ кунларда бассейнда чўмилиш жуда ёқди,-дейди Шаҳзод Бодиев,- Бу ерда жуда кўп дўстлар орттирдим. Яна келаман. Унгача кўп китоблар ўқиб, “Заковат”га тайёрланаман.
“Зомин” болалар оромгоҳида бу йилги мавсумда 1500 нафар болалар соғломлаштирилиши кўзда тутилган.
Баҳор Холбекова