СИРДАРЁДАГИ ОЧИЛМАГАН ҚЎРИҚ
Бу тепаликка чиқсангиз атроф пойингизда кафтдек кўринади. Чор тарафдаги яшиллик, тоза ҳаво руҳингизни яйратади. Қарийб 2500 йиллик тарихга эга бу улкан тепалик қаерда эканлигини биласизми? Ҳозиргача кичик бир қисми ўрганилиб, ундан ноёб топилмалар қазиб олинганидан хабарингиз борми? “Биби оча” (Биби Хадича) зиёратгоҳи, “Мозори пари”, “Етти пари”, “Етти қиз” номлари билан аталадиган қадамжо, етти ака-ука авлиёларнинг тўнғичи Бобо Жобир “Хасти бузургон” ҳақида эшитгандирсиз? Яна ўнлаб шундай қадамжолар Сирдарёда, десак ажабланишингиз табиий. Негаки Сирдарёни кўпчилик чўл зонаси сифатида билади. Кўз олдиларига Сардоба обидаси, дарё, балиқ, қовун-тарвуз, анор келади. Аслида эса қадим шаҳарлардаги каби зиёратгоҳлар воҳанинг Ховос туманидаги Ховособод қишлоғида жуда кўп. Уларнинг тарихи узун, жуда қизиқ, ривоятлар эшитгулик. Шулардан бири Кўҳна Ховостепа. Унда олиб борилган қазилма ишлари пайтида қадимий шаҳар қолдиқлари топилган. Энг ноёб осори атиқалардан бири эрамиздан аввалги II ва III асрга оид Анахита ҳайкалчасидир. X-XI асрларга оид тангалар, XII асрга оид ҳумо қуши тасвири туширилган чироқ дастаси, X-XI асрларга таалуқли махсус симоб идишчаси, VII-VIII асрларга оид идишларда қўлланилган муҳрлар, жами 200дан ортиқ тарихий ашёлар топилган бу тепалик аслида кўҳна Ховос қалъасининг бир қисми ҳисобланади.
Тасдиқланган манбааларга кўра, Ховос тумани ҳудудида жами 28 та мақбаралар бўлган ва ҳозирги кунда фақатгина 12 таси сақланиб қолган. Азизлар қўним топган жойлардан тожикистонлик, қозоғистонлик ва маҳаллий зиёратчиларнинг қадами узилмайди. Бу ерда қилинган дуолар ижобат бўлишига умид қилинади. Зиёратгоҳларнинг барчаси таъмирланиб, чор атрофи обод, кўкаламзор, соя-салқин, гўзал гўшага айлантирилган. Кунига 150 га яқин, бир ойда эса 4 минг сайёҳ ташриф буюрмоқда. Агарда транспорт, йўл қурилиши, меҳмонхоналар, вақтинчалик қўналғалар, меҳмон уйлари, умумий овқатланиш корхоналари, коммунал, маиший хизмат кўрсатиш, сервис соҳаси ва савдо тармоқлари хизмати кўнгилдагидай йўлга қўйилса сайёҳлар оқими янада ортиб, қишлоқ аҳолисининг кўпчилиги иш билан банд бўлади. Сайёҳларни кўпроқ қадимий қадамжолар, зиёратгоҳлар қизиқтиришини ҳисобга олсак тарихи ҳам, табиати ҳам диққатга сазовор бу манзил машҳур шаҳарлардан сира қолишмайди.
Воҳадаги кўҳна обидалардан яна бири “Ёғочли Сардоба” дир. Буюк Ипак йўлида жойлашган бу қадимий ёдгорлик кейинги пайтларда эътибордан четда қолган ва унга нисбатан одамларнинг қизиқиши ҳам камайган эди. Президентимизнинг 2017 йил 17 январ кунги Сирдарё вилоятига ташрифи давомида ўтказилган мажлис қарорига кўра Сардоба туманидаги маданий мерос объектини таъмирлаш-тиклаш учун республика бюджетидан 600,0 миллион сўм ажратилган, шундан 493,8 миллион сўмлик қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилганди. Бироқ, унинг чор атрофида сайёҳлар учун шароитлар етарли эмас. Яқинда бу масканни яхлит туристик мажмуага айлантириш лойиҳаси ишлаб чиқилиб, шу ернинг ўзида тақдимоти ўтказилди. Унга кўра М-39 автомагистраль йўли ёқасида қатор хизмат кўрсатиш ва савдо комплекслари, овқатланиш масканлари, санитария-гигиена шохобчалар, автомобилларга ёқилғи қуйиш станцияси, меҳмонхона ва автотураргоҳлар қурилади. Шунингдек, тарихий ёдгорликка ёндош бўлган Файзлиобод маҳалласи инфратузилмаси тубдан яхшиланади. Яшил майдон ва сайлгоҳлар барпо этилади. Энди ҳамма гап ана шу эзгу ишларнинг тез ва соз амалга оширилишига боғлиқ.
Сирдарё бўйлари ов, балиқ ови,экотуризм учун жуда қулай. Йўл бўйида агротуризм лойиҳалари (қовун ва тарвуз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлар, анор), экотуризм (балиқчилик, дам олиш масканлари) ҳамда саноат туризми йўналишлари объектлари ташкил этилган. Балиқ овлаш ва ўша ерда дам олишни ташкил этишда бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Сирдарё бўйида, Янгиер шаҳри билан Мирзаобод тумани туташган ҳудудда сайёҳлар учун интенсив ва сунъий кўлларда балиқ овлаш, ундан турли таомлар тайёрлаш, шунингдек тайёр балиқ маҳсулотларини тановвул қилиш учун “Балиқ маркази” ташкил этилиб, маҳаллий ва хорижий сайёҳларга хизмат кўрсатиш йўлга қўйилгани таҳсинга сазовор. Тиббий туризм соҳасида ҳам анчагина ютуқларга эришилмоқда.
2024 йилнинг май ойига қадар вилоятга 38 минг 400 нафар, шундан 12.100 нафари хорижликлар, 26 минг 300 нафари маҳаллий сайёҳлар ташриф буюришган. Бу ўтган йилга нисбатан яхши кўрсаткич.Бироқ, бундан ҳам юқорироқ натижалар учун имкониятлар бисёр.
Сирдарё туманидаги Камолот маҳалласида “Равон арена» МЧЖ томонидан 6.3 гектар майдонда ресторан, меҳмонхона, балиқ ови майдонлари, эко туризм маскани, чўмилиш ҳавзаси, болалар майдончаси ва спорт майдончаларини ўз ичига олган туризм комплекси лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг бошланғич қиймати 14 миллиард сўмни ташкил этиб, комплекс ишга туширилгач 50 та янги иш ўринлари яратилади.
Гулистон шаҳрида туризм кластери иш бошлайди. У 1200 кишини қабул қиладиган меҳмонхона ва даволаш клиникаси, савдо ва кўнгилочар масканларни ўз ичига олади. “Шохрух-Демирбек” МЧЖ томонидан барпо этилаётган қиймати 133,5 миллиард сўмлик мажмуа йил якунига қадар фойдаланишга топширилади. Корея давлатининг инвесторлари билан ҳамкорликда Гулистон шаҳрида 4 юлдузли замонавий меҳмонхона қурилади.Сайёҳлар оқимини ошириш мақсадида турли халқаро фестиваллар, жумладан август ойида “Қовун сайли” фестивали ўтказилади. Келган сайёҳлар учун меҳмонхоналар, уларда яратилган зарур шарт-шароитлар жуда муҳим. Бугунги кунда вилоятда 13 та меҳмонхона, 20 та қўналға(хостел), 15 та оилавий меҳмон уйлари фаолият кўрсатмоқда. 13 та меҳмонхоналарнинг барчаси замонавий талабларга жавоб бера олади. Тез орада улар қаторига яна 2 та янги меҳмонхона қўшилади.
Сирдарёнинг туризм салоҳияти ҳали очилмаган қўриқ. Амалга оширилиши керак бўлган лойиҳалар бисёр. Сайёҳларни қизиқтирадиган манзиллар эса сероб. Соҳада фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектлари қўллаб-қувватланса, туризм инфратузилмаси яхшиланса инвестиция ва экспорт кўпайиб, хорижий сайёҳлар сони режадаги 56 минг кишидан ҳам ошиб кетиши шубҳасиз. Бунинг учун эса юқоридаги хайрли лойиҳалар тўла тўкис, ўз муддатларида амалга оширилиши керак бўлади.
Сайёҳларнинг вилоятимиздаги диққатга сазовор жойлар ҳақида тўла маълумот олиши учун тарихни, урфу одатларимизни яхши биладиган билимли, тажрибали йўл бошловчиларга эҳтиёжи бўлади. Бу борада ҳам ҳали қилинадиган ишлар кўп.
Сирдарё жаҳонга қучоқ очмоқда. Бошланган лойиҳалар ниҳоясига етказилиб келгусида “Хоразм, Бухоро, Самарқанд ва бошқа ҳудудлардан бир гуруҳ сайёҳлар Сирдарёга жўнаб кетдилар” ёки “Энг кўп хорижлик сайёҳлар ташриф буюрган вилоят- Сирдарё” деган хабарлар ёйилса ажаб эмас.
Баҳор Холбекова