ТАНҚИДИЙ, ТАҲЛИЛИЙ РУҲДА
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Сирдарё вилоят Кенгаши ижроия қўмитасининг 2024 йил 1-ярим йил якуни бўйича навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда дастлаб меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими мудири Д.Пирмановнинг тармоқ касаба уюшмалари туман ва шаҳар Кенгашлари ҳамда бошланғич касаба уюшмалари қўмиталари хизматидаги корхона, ташкилот, муассасаларда иш берувчилар томонидан иш ҳақининг кафолатланган энг кам миқдорига оғишмай риоя қилиниши ҳамда иш ҳақидан муддати ўтган қарздорликни бартараф этиш борасида амалга оширилган ишлар аҳволи тўғрисидаги ахбороти тингланди. Унда таъкидланишича, вилоят Кенгаши мутахассисларининг амалий кўмаги билан прокуратура орқали фуқаролик ишлар бўйича Гулистон туманлараро судига 50 нафар ходимнинг 238 655,3 минг сўмлик, адлия органлари ва Бандлик бошқармасининг меҳнат инспекторлари орқали 61 нафар ходимнинг 203 918,4 минг сўмлик муддатида тўланмаган иш ҳақини ундириш юзасидан аризалар киритилиб, тегишли суд буйруқлари чиқарилган.
ЎКУФ вилоят Кенгаши ташаббуси билан Меҳнат низо комиссияси тузилиб, унинг мажлисларида 191 нафар ходимга муддатида тўланмаган 854 318,6 сўмлик иш ҳақидан қарзи ва 88 827,6 сўмлик касаба уюшмасига аъзолик бадалларини ундириш юзасидан қарорлар қабул қилинишига эришилган.
Жорий йилда касаба уюшмасининг меҳнат ҳуқуқ инспектори Ш.Умаралиевага 18 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 7 та мурожаат қаноатлантирилган. Жами 11,0 миллион сўм тўловлар ундириб берилган.
Йиғилишда Касаба уюшмаларининг “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” Дастури ижроси борасидаги амалий ишлари кенг таҳлил қилинди. Бу борада меҳнат жамоаларида кенг ахборот – тушунтириш ишлари ташкил этилгани,тадбирларда қатнашаётган ишчи-ходимларнинг сафлари янада кенгаяётгани таъкидланди. Ўтган олти ой давомида амалга оширилган ишлар талайгина. 215 нафар ишчи- ходимларнинг ота-оналарига касаба уюшма бюджети маблағлари ҳисобидан 927,0 миллион сўмлик имтиёзли, фарзанд кўрмаган 4 нафар ёш оилалар даволаниши учун “Умид гулшани” санаторийсига 18000,0 сўмлик, корхона, ташкилотларда ишлайдиган 4 нафар кекса ходимларга 16476,0 сўмлик йўлланмалар бепул берилгани шулар жумласидандир.
Маданий-маърифий, спорт ва туризм соҳасида амалга оширилган ишлар кўлами кенглиги алоҳида таъкидланаркан, “Раҳбар ва ёшлар” мавзуидаги учрашувлар кам ташкил этилаётганлиги уқтириб ўтилди.
Ўзбекистон Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмасининг вилоятдаги шаҳар ва туман бўлинмаси кенгашларида меҳнат қонунчилигини таъминлаш, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш аҳволи ва амалий ёрдам кўрсатиш натижалари, шунингдек, касаба уюшма бюджети маблағлари ҳамда санаторий йўлланмаларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш масалаларига танқидий ёндошилди. Жумладан, тарғибот ишлари саёзлиги, тадбирлар кам ўтказилаётганлиги, йўлланмалар беришда қўпол хатоликларга йўл қўйилаётганлиги, ҳужжатлар юритилишида қатор камчиликлар борлиги рўй-рост айтиб ўтилди.
Кун тартибидаги “Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмалари туман ва шаҳар бошланғич ташкилотларида санатория йўлланмаларидан фойдаланиш аҳволи тўғрисида” ҳам жиддий танқидий фикрлар билдирилди. Йўлланмаларни нотўғри бериш, уларни расмийлаштиришда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ўртага ташланди.
Дарҳақиқат, ишга танқидий назар билан ёндошув келгусида хатога йўл қўймасликка, масъулиятни оширишга, виждон уйғоқлигига сабаб бўлади.
Йиғилиш сўнгида кўрилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Бахтиёр Ҳайдаров,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Сирдарё вилояти Кенгаши Ташкилий ишлар бўлими мудири