ШИФОКОРЛАР ШАРАФЛАНДИ
Тиббиёт ходимларининг шарафли ва масъулиятли меҳнатини эъзозлаш, самарали фаолият юритишлари учун зарур имкониятлар яратиш доимо эътиборда. Анъанага кўра, мамлакатимизда ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси – Тиббиёт ходимлари куни сифатида кенг нишонланади. Сирдарё вилояти ҳокимлиги, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси вилоят Кенгаши ташаббуси билан Гулистон шаҳридаги «Муҳташам” тантаналар мажмуасида байрам тадбири ўтказилди. Соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган бундай муҳим тадбирлар инсон манфаатларини муҳофаза қилиш, халқимизни тиббий-ижтимоий ҳимоялаш кўламини кенгайтириш, аҳоли соғлиғини мустаҳкамлаш, жамиятимизда соғлом турмуш тарзини шакллантиришда муҳим омил бўлаётир.
Тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, аҳоли саломатлигини ишончли муҳофаза қилиш, жамиятда соғлом турмуш тарзини мустаҳкамлашдек масъулиятли вазифада ўзларини аямасдан меҳнат қилаётган соҳа ходимларини касб байрамлари билан қутлаган вилоят ҳокими Акмалжон Махмудалиев сўнгги йилларда бу соҳанинг жадал ривожланиб бораётгани, эришилаётган натижалар ва янги марралар ҳақида тўхталиб ўтди.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Хуршид Хакимов барчани тиббиёт ходимлари куни билан табриклаб, жамиятимизнинг барча соҳалари қаторида, мамлакатимизда тиббиётнинг ривожланиши, халқимизнинг сифатли тиббиёт хизматларидан фойдаланишлари, шифокорларнинг билимлари, кўникмалари, маҳоратларини оширишлари учун кенг имкониятлар яратилаётганлиги ҳақида гапирди.
Тадбир давомида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш Вазирлиги ва Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши қўшма қарори асосида ташкил қилинган “Йилнинг энг яхши шифокори” кўрик-танловининг республика босқичида фахрли ўринларни эгаллаган шифокорларга қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни амалга оширишда фаол иштирок этаётган тиббиёт ходимларини ижтимоий тамойиллари асосида моддий ва маънавий рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ҳамда вилоят Кенгашининг фахрий ёрлиқлари ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
Байрам тадбири санъат усталари ҳамда бадиий ҳаваскорлик жамоалари иштирокидаги концерт дастури билан давом этди.
Раъно Абдалимова