“МЕҲР ҚУЁШИ-АЁЛ”
Аёл ва гул нафосатда, нозикликда, гўзалликда баҳслашади. Иккиси бир бўлганида буларнинг бари жамланади. ЎКУФ Сирдарё вилояти Кенгашининг муҳташам анжуманлар залига йиғилганлар бунинг гувоҳи бўлишди. Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан аёлларга эҳтиром кўрсатилди, гуллар берилди.Тизимда узоқ йиллар меҳнат қилган фахрийлар, нуронийлар, айни пайтда фаолият кўрсатаётган аёллар таклиф қилинган “Меҳр қуёши-аёл” деб номланган тадбирни вилоят Кенгаши раиси Рустамбек Турсунмуродов табрик сўзлари билан бошлади.Соҳага меҳнати сингган фидойи опа-сингиллар тилга олинди.Сирдарёнинг фахри бўлган етакчи хотин-қизлар ибрат қилиб кўрсатилди.Бу нозик хилқат вакиллари меҳр қуёшига қиёс қилинди. Кенгаш раиси йиғилганларни чин кўнгилдан табриклаб, уларга қимматбаҳо совғалар тақдим этди.
-Касаба тизимида ишчи-ходимлар, меҳнаткашлар манфаатларини ўз манфаатларидан устун қўйганлар узоқ ишлайдилар,- деди нуронийлар номидан сўз олган касаба фахрийси Моҳира Умарова,- Шу соҳада озми, кўпми қилган меҳнатимизни қадрлаб кўрсатилаётган ҳурмат учун миннатдорчилигимни билдираман. Бу соҳада бугунги кунда ишлаётганларга ҳавасим келади. Негаки, касабанинг нуфузи ортиб бормоқда. Касабақўмлар кексаю ёшнинг ғамхўрига айланиб бораётир.Эътибор, эҳтиром учун яна биир бор катта раҳмат.
Тадбирда вилоят санъаткорлари томонидан куй-қўшиқлар ижро этилиб, рақсларга уланиб кетди.
Бахора Холбекова