Click to listen highlighted text!

СУВ – БЕБАҲО БОЙЛИК ЭКАНИНИ БОЛАЛИКДАН БИЛИШСИН

                    Сирдарё вилоятининг “Сирдарё” деб номланган болалар оромгоҳида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё минтақасидаги Экология марказининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда “Сувчи” жамоат бирлашмаси билан биргаликда “Ўзбекистонда сув ва атроф-муҳит масалалари бўйича хабардорликни ошириш ҳамда ҳамкорликни ривожлантириш” лойиҳаси доирасида болалар учун сув-экология масалалари юзасидан тадбирлар ўтказди.
Семинар-презентация сифатида ташкил этилган бу тадбирда оромгоҳда дам олаётган турли ёшдаги ўқувчилар, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича вилоятда фаолият юритаётган мутасаддилар, шунингдек, «Сувчи» жамоат бирлашмаси мутахассислари иштирок этди.
Тадбир бошланишида болажонларга ўз ичига лойиҳа рамзий белгиси туширилган футболкалар, болалар учун нашр этилаётган “Булоқча” (Родник) экология журналининг бир нечта сонлари ва бошқа тарқатма материаллар тақдим этилди. Шундан сўнг ёш иштирокчилар сув-экология масалалари билан боғлиқ бўлган презентация материаллари билан таништирилди.
“Сув – бу ҳаёт демакдир” деб номланган бу материални лойиҳа мутахассиси Бахтиёр Муҳаммадиев видеолавҳалар ва слайдлардан фойдаланиб, йиғилганлар ҳукмига ҳавола этди. Маърузачининг қайд этишича сув – ҳаёт шарбати бўлиб, у ер юзида энг бебаҳо неъмат сифатида қадрланади. Ер шари 71 фоиз сув билан қопланганига қарамасдан, унинг истеъмолга яроқли бўлган миқдори 2,8 фоизнигина ташкил этади. Шунингдек, маърузачи ўз сўзида яна юртимизда кейинги йилларда сувга бўлган эҳтиёж тобора ортиб бораётганлиги, унинг қай тарзда мамлакатимизда пайдо бўлиши, унинг нималарга сарфланиши борасида ҳам ахборот бериб ўтди. Республикамиздаги асосий сув ҳавзалари борасида (дарёлар, каналлар, сув омборлари ва ҳ.к лар) маълумотлар берди. Табиат неъматлари, шу жумладан, сувдан оқилона фойдаланиш учун одамлар, ёшлар, ўқувчилар нималар қилиши кераклиги хусусида тавсиялар берди. Бу жараёнлардан ўз тенгдошларини хабардор этишда мактаб ўқувчиларининг ҳам ўз ўрни борлигини таъкидлади.
Маъруза тугагач лойиҳа консультанти У.Сулаймонбеков ўқувчилар ўзлари яшаётган вилоят сув хўжалиги ҳақида ҳам маълумотларга эга бўлиши кераклигини таъкидлаб ўзи «Сирдарё вилоятининг сув-экология масалалари бўйича умумий ҳолати”, яъни Сирдарёда нечта дарё ва сойлар,сув омборлари, насос стациялари ва бошқалар мавжудлиги хусусида йиғилганларга ҳикоя қилиб берди.
Маърузадан сўнг мутахассисларга ўқувчилар ва бошқа йиғилиш иштирокчилари томонидан мавзулар бўйича саволлар берилди. Саволларга маърузачи ва бошқа сув хўжалиги мутасаддилари батафсил жавоблар қайтаришди. Тадбир, болажонлар томонидан тайёрланган табиат мавзусидаги шеърий композиция намойиши билан якунланди.
«Ўзбекистонда сув ва атроф-муҳит масалалари бўйича хабардорликни ошириш ҳамда ҳамкорликни ривожлантириш» лойиҳаси доирасида сув-экология масалалари бўйича Сирдарё вилояти мактаб ўқувчилари иштирокида «Сирдарё” номли болалар оромгоҳида ўтказилган семинар-тақдимот, савол-жавоблар ва шеърий композициядан йиғилганлар катта таассурот олишди.

 

                          Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!