ЮРИДИК БЎЛИМ
Бирлашма юридик хизмати Фукароларнинг хукуклари, эркинликлари ва конуний манфаатлари, шунингдек, жамият ва давлат манфаатлари бузилишини юзага келтирувчи сабабларни уз вактида аниклаш ва бартараф этиш максадида аризалар, таклифлар ва шикоятларни белгиланган тартибда умумлаштиради хамда тахлил этиб боради. Касаба уюшмаларида хукукий ишларга рахбарлик килади. Касаба уюшмалари ташкилотлари ходимларининг юридик умумий укувини ташкил этишда ва утказишда катнашади, конунчиликни тушунтиришга оид ишларни олиб боради.
Барча судларда ва корхона, ташкилотларда хукукий масалаларни хал этиш жараёнида белгиланган тартибда касаба уюшмаларининг манфаатларини химоя килади. Ариза ва шикоятларни мазмунан куриб чикади ва зарур холларда конуний хукуклари поймол этилган ходимларнинг манфаатларини судда химоя этади. Мурожаат этган фукароларга, касаба уюшма аъзоларига юридик-хукукий маслахат бериб боради.
МЕҲНАТ ВАЗИФАЛАРИНИ БИР МАРТА ҚЎПОЛ БУЗИШ
РЎЙХАТИ – КОРХОНАНИНГ ЛОКАЛ ҲУЖЖАТЛАРИДА
Меҳнат қонунларининг иш берувчилар томонидан тўғри қўлланилиши ходимлар меҳнат ҳуқуқларининг риоя қилинишига самарали омил ҳисобланади. Бу борада айниқса ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаларининг иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишда Меҳнат кодексининг талаблари бузилиш ҳолатлари ҳамон давом этмоқда. Иш берувчи Меҳнат шартномасини ходимнинг ҳуқуққа хилоф ҳатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) натижасида бекор қилишида меҳнат интизомини таъминлаш ва бу борада бўлажак интизомсизликларни олиш воситаси сифатида интизомий жавобгарлик чораси сифатида меҳнат шартномасини бекор қилиниши алоҳида аҳамият касб этади. Интизомий жавобгарлик воситаси сифатида меҳнат шартномасини бекор қилишнинг эътиборли жиҳатларини қуйида тушунтириб ўтамиз.
Меҳнат кодексида меҳнат интизомига тегишли икки асос белгилаб қўйилганки, улар бўйича иш берувчи ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳуқуқига эга:
- ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузганлиги (Меҳнат кодекси 100-моддаси иккинчи қисмининг 3-банди) учун;
- ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлиги (Меҳнат кодекси 100-моддаси иккинчи қисмининг 4-банди) учун. Шартномани ушбу асосларга кўра бекор қилиш бир вақтнинг ўзида интизомий жазо (Меҳнат кодексининг 181-моддаси) чораларининг бир тури ҳисобланади.
Шу муносабат билан меҳнат шартномасини ушбу асосларга кўра бекор қилишда қонун иш берувчини нафақат интизомий жазо чорасини қўллаш тартибига, балки иш берувчи ташаббуси билан меҳнат шартномани бекор қилишда қонунчиликда кўзда тутилган барча талабларга риоя қилишга мажбур этади.
Меҳнат шартномасини Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисми 4-банди бўйича меҳнат вазифаларини фақат қуйидаги ҳоллар назарда тутилган бир марта қўпол равишда бузганлиги учун бекор қилишга йўл қўйилади:
- корхона раҳбарига нисбатан – корхона мулкдори (унинг мансабдор органи) билан корхона раҳбари ўртасида тузилган меҳнат шартномасида;
- интизом ҳақидаги низом ва уставлар қўлланиладиган айрим тоифадаги ходимларга нисбатан – интизом ҳақидаги тегишли устав ва низомларда;
- бошқа барча ходимларга нисбатан – корхонанинг Ички меҳнат тартиби қоидаларида. Бу вазиятда амалдаги қонунчилик кўрсатилган тартибда қўпол бузишлар рўйхатини аниқлашни талаб этмайди, балки уни аниқлашга имкон яратади. Агар корхонада қонун билан тақдим этилган имкониятдан фойдаланилмаса, яъни юқоридаги локал ҳужжатларида меҳнат шартномасини бекор қилишга олиб келиши мумкин бўлган ҳолатларнинг мавжуд бўлмаслиги, ёки Меҳнат кодексининг 174-моддасига асосан ички меҳнат тартиби қоидалари касаба уюшма қўмитаси билан келишилмасдан қўмита раиси билан келишилиб тасдиқланган тақдирда у ҳолда иш берувчи ходим билан меҳнат шартномаси ни ушбу асос бўйича бекор қилиш ҳуқуқини йўқотади. Агар ички меҳнат тариби қоидалари касаба уюшма қўмитаси раиси билан келишилган бўлса, ушбу қарор Устав талабларига кўра касаба уюшмасининг қарорлари коллегиаллик асосида қабул қилиниши тартиби бузилган ҳисобланиб ушбу локал ҳужжатнинг юридик кучи йўқлигига олиб келади.
Меҳнат кодекси қўпол деб тан олиш мумкин бўлган бузишлар сонини чекламайди. Бироқ ходимнинг ўз меҳнат мажбуриятларини бузиши қўпол характерга эга бўлган ёки бўлмаганлиги ҳақидаги масала содир этилган ножўя хатти-ҳаракат оғирлиги ва ушбу хатти-ҳаракат олиб келган ёки олиб келиши мумкин бўлган оқибатлардан келиб чиқиб ҳар бир муайян ҳолатда ҳал қилинади. Шунинг учун амалда рўйхатга биринчи навбатда прогул, ишхонада маст ҳолатда, гиёҳвандлик таъсиридан маст ҳолатда бўлиш, корхона мол-мулкини ўғрилаш, хавфсизлик техникасини қўпол равишда бузиш ёки ёнғин хавфсизлигини бузиш, тижорат сирини ошкор этиш каби ножўя хатти-ҳаракатлар киритилади.
Мунозарали вазиятларнинг олдини олиш учун ножўя хатти-ҳаракатни фақат рўйхатга киритмасдан, унга аниқ таъриф бериш керак.
Эътиборингизни яна шунга қаратамизки, Идоравий мансублиги, мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, корхона, муассаса, ташкилот ички меҳнат тартибининг намунавий қоидалари (рўйхат рақами 746, 1999 йил 14 июнь)нинг 2.38-бандида меҳнат вазифаларини бир марта қўпол бузишларга қуйидагилар кириши белгиланган:
- ижро интизомини бузиш (Ўзбекистан Республикаси Президентининг Фармонлари, фармойишлари ва топшириқларида, Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг қарорлари ва фармойишларида, юқори орган, ҳокимлик ва иш берувчининг қарорларида белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда амалга оширилишини таъминламаганлик);
- прогул (ишда узрсиз сабаблар билан иш куни мобайнида узлуксиз ёки вақти-вақти билан жами _____ соатдан кўпроқ бўлмаганлик (ушбу муддат корхонанинг фаолият хусусияти ва иш вақти режимидан келиб чиқиш мақсадга мувофиқ);
- ишда алкоголли ичимликлар, гиёҳвандлик ёки токсинли воситаларни истеъмол қилиб келиш, буни гувоҳларнинг кўрсатмалари ёки тиббий хулоса тасдиқлаган бўлса;
- иш жойида корхона мол-мулкини ўғирлашни содир этиш, буни гувоҳлар тасдиқлаган бўлса;
- тарбиячилик вазифаларини бажараётган ходимнинг мазкур ишда ишлашни давом эттириш мумкин бўлмаган ғайриахлоқий иш-ҳаракатни содир этиши;
- корхона ходимларининг, шу жумладан, тартиббузарнинг ҳам ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғдирадиган хавфсизлик техникасини, ишлаб чиқариш технологиясини қўпол равишда бузиш;
- ходим томонидан меҳнат мажбуриятлари бузилиб, Ўзбекистон Республикасида белгиланган энг кам иш ҳақининг _____ баравари ҳажмида моддий зарар етказилиши (ушбу моддий зарар миқдори аниқ белгинади, бу ўринда кам аҳамиятли қилмишларни инобатга олиш лозим);
- махфийлиги меҳнат шартномасида шарт қилиб қўйилган тижорат сирининг ходим томонидан ошкор қилиниши;
- бевосита пул ёки товар бойликларига хизмат қўрсатадиган ходим томонидан айбли хатти-ҳаракатлар содир этилиши, агар бу хатти-ҳаракатлар иш берувчи томонидан унга нисбатан ишончнинг йўқолиши учун асос бўлса.
Корхонада Қоидалар бўлмаган, уларни қонунчилик билан белгиланган тасдиқлаш тартиби бузилган (Меҳнат кодексининг 174-моддаси) ёки Қоидаларда меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузиш ходим билан меҳнат муносабатларини бекор қилишга олиб келадиган шундай бузишлар рўйхати йўқ бўлгани тақдирида ходим билан меҳнат шартномасини Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисми 4-бандига кўра бекор қилишга йўл қўйилмайди.
Агар Қоидалардаги меҳнат вазифаларини қўпол равишда бузишлар рўйхатида ходим билан Шартномани прогул учун бекор қилиш назарда тутилган бўлса, у ҳолда меҳнат муносабатларини шу хатти-ҳаракат учун Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисми 4-банди бўйича бекор қилиш Қоидаларда ходимнинг ишда узрсиз сабабларга кўра (тўлиқ иш куни, уч соатдан ортиқ ва ҳоказо) бўлмаган қайси даври прогул деб тан олиниши аниқланган ҳолдагина йўл қўйилади.
Ишда бўлмаганлиги деганда, ходимнинг иш вақтида корхона ҳудудидан ташқарисида ёки у буюрилган вазифани бажариши керак бўлган объект ҳудудидан ташқарида бўлганлиги тушунилади. Ходим ишда бўлмаганлигининг барча ҳоллари эмас, балки узрсиз сабабларга кўра бўлмаганлиги прогул деб тан олиниши муносабати билан ходимнинг ишда бўлмаганлигининг асл сабабини аниқлаш лозим. Сабаб узрли деб тан олинган тақдирда, меҳнат шартномани Меҳнат кодекси 100-моддаси иккинчи қисмининг 4-банди бўйича бекор қилиш ғайриқонуний деб ҳисобланади ва ходимнинг ишга қайтиши тўғрисидаги талаби қондирилади. Шартномани Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисми 4-банди бўйича прогул қилинганлик учун бекор қилиш ходим ишда иш пайтида узрсиз сабаблар билан Ички тартиб қоидалари билан аниқланган муддат давомида бўлмаганлиги тақдирида ҳам содир бўлиши мумкин.
Бундай ҳолларга қуйидагилар киради:
– таътилга сўроқсиз, иш берувчининг рухсатисиз кетиш ёки отгул кунларидан сўроқсиз фойдаланиш;
– иш берувчини огоҳлантирмасдан ишни қолдириш, жумладан, ходим ташаббуси билан иш берувчини Шартномани бекор қилиш тўғрисидаги огоҳлантиришнинг тарафларнинг келишувига биноан икки ҳафталик ёки бошқа қисқартирилган муддатигача қолдириш;
– Шартномани иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тўғрисидаги огоҳлантиришнинг қонунчиликда белгиланган ёки тарафлар келишувига биноан қисқартирилган муддатларигача ишни қолдириш ва ҳоказо.
Агар узрсиз сабаблар билан прогул қилган ходим Шартномани Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисми 4-бандига кўра бекор қилиш тўғрисидаги буйруқни чиқариш кунигача ишламаган бўлса, у билан меҳнат муносабатлари унинг ишга чиқмаган биринчи кунидан бошлаб бекор қилинади.
Шартнома Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисми 4-банди бўйича узрсиз сабаблар билан прогул учун бекор қилинган ходим билан ишга қайтиш ва мажбурий прогулни тўлаш ҳақида мунозараларни ҳал қилишда ишда узрсиз сабаблар билан бўлмаганлик аниқланган, лекин иш берувчи томонидан Шартномани бекор қилиш тартиби бузилган тақдирда, билдирилган талабларни қондиришда судлар ишга қайтарилган ходимга ўртача иш ҳақи бундай ҳолларда унинг ишга чиқмаган биринчи кунидан эмас, балки Шартномани бекор қилиш тўғрисидаги буйруқ чиққан кундан эътиборан ундирилиши мумкин, чунки фақат шу пайтдан бошлаб прогул мажбурий ҳисобланади.