Click to listen highlighted text!

ИШЛАР КЎЛАМИ КЕНГ…

“Аёллар дафтари” рўйхатига олинган, оқибатда дардлари ариган қаҳрамонлар кўплаб топилади. Оқланган ишонч давом этиши керак.
Шу мақсадда ташаббус давом эттирилиб, навбатдаги босқич учун рўйхат шакллантирилмоқда. Бунинг учун жойларда хонадонма хонадон юриб сўровнома тўлдирилди. Боёвут тумани вилоятнинг энг катта ҳудуди бўлиб, айни пайтда 39 та маҳалла фаолияти йўлга қўйилган. Хатлов натижасида 25 минг 164 та сўровнома тўлдирилди. Тумандаги хотин-қизларнинг яшаш-шароитлари, муаммолари ўрганилиб уни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
“Ижодкор” маҳалласида яшовчи Маллаой Маннопованинг турмуш ўртоғи яқинда вафот этган. Оиланинг дарди оғир. Бунгача ҳам II гуруҳ ногирони бўлган оила бошлиғи рўзғорнинг камини тўлдира олмай кўп қарз-ҳавола билан кун кечириб келган. Оилада 4 нафар фарзанд тарбия топди. Маллаойнинг саломатлигида ҳам жиддий ўзгариш бошланган. Бўғимлари қаттиқ оғрийди. Яшаш хонадони тамирталаб бўлиб, хона деворининг сувоқлари кўчиб кетган. Зах ва бетон саломатлигига таъсирини ўтказяпти. Ҳовли бурчидан 3 хона уй қуришни бошлаб қўйгану, қўли калталик қилиб битира олмаяпти. Аёл рўзғорини тебратиш, қарзлардан қутилиш, фарзандлар тарбияси билан шуғулланиш каби ташвишлари билан бўлиб ўз саломатлигини тиклашни эътиборсиз қолдирмоқда. Энди муаммолари билан ёзғиз ўзи курашмайдиган бўлди. “Аёллар дафтари”нинг боқувчисини йўқ, эҳтиёжманд аёл тофасига киритилди.
“Муқимий” маҳалла фуқаролар йиғини “Буюк келажак” кўчасида яшовчи Мавжуда Қаюмова 3 нафар фарзандини вояга етказган. Шу кунгача ҳеч қаерда ишламади. Сабаби туғма ногиронлиги бўлган фарзандини 21 йилки, парваришлаб келяпти. Шунча йиллик кўнгил дарди, фарзанд деб ўзидан кечгани саломатлигига жиддий таъсир қилди. Бироз аввал ўзи ҳам бел чурраси билан оғриб, эмаклаб қолди. Маҳалла аҳли онаизордан тез-тез хабар олиб келгани учун бундан хабар топиши билан қарамоғида ногирон фарзанди бўлган эҳтиёжманд аёл рўйхатига тиркаб қўйди.
Хулоса қилиб айтганда, эзгу ташаббуснинг навбатдаги босқичи юқори шашт билан олиб борилаётир. Туман ҳокими ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб –қувватлаш бўлиб бошлиғи Зафар Камалов раҳбарлигида иш тартибини унумли, адолатли олиб бориш ташкил этилиб, сўровномалар асосида хаққоний рўйхат тузилмоқда. Ўтган йили икки навбатда олиб борилган ишлар натижасига маҳлиё бўлиб қолмай, тоза бурч билан меҳнат қилаётган фидоийлар сабаб кўпчиликнинг ҳаёти изга тушади, кунлари бахт деб аталади.

Бахтиёр ҲАЙДАРОВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари
Федерацияси Сирдарё вилоят Кенгаши бўлими бошлиғи.

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Click to listen highlighted text!