ЁШЛАР ЎЗАРО БЕЛЛАШДИЛАР
“30-июнь – Ёшлар куни” муносабати билан Ўзбекистон транспорт, йўл ва капитал қурилиш, Қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси вилоят кенгаши томонидан “Янги Ўзбекистон ёшлари бирлашайлик!” шиори остида спортнинг стол тенниси ва сузиш турлари бўйича мусобақалар ўтказилди.
Ўзбекистон транспорт, йўл ва капитал қурилиш, Қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси вилоят Кенгаши раиси Шоҳруҳ Шамсиддинов ёшларни байрам билан табриклаб , мусобақа иштирокчиларига омад тилади.
Вилоят корхона ва ташкилотлари ишчи-ходимларидан иборат 15 та жамоа, йигирма нафардан ортиқ иштирокчилар стол тенниси ва сузиш мусобақасида ўзаро беллашиб, ғолиблик учун кураш олиб боришди.
Стол тенниси мусобақасида Уй жой коммунал бошқармасидан Бегзод Ахмадов 1-ўринни қўлдан бермаган бўлса, Гулистон қурилиш коллежидан Носир Жўрабоевга 2-ўриннасиб этди. Оқолтин касб-хунар мактабидан иштирок этган А.Қодиров эса 3-ўринни эгаллади.
Cузиш ҳавзасида спорт ихлосмандлари қизғин баҳсларнинг гувоҳи бўлишди. Спортнинг бу тури бўйича ғолиблик Гулистон ТЙФДМ дан Бобур Райимбековга насиб этди. Ахаджон Икромов 2-ўринни, Шухрат Махмудов 3-ўринни қўлга киритдилар.
Мусобақа якунида ғолибларга Ўзбекистон транспорт, йўл ва капитал қурилиш, Қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси вилоят Кенгаши томонидан эсдалик совғалари топширилди.