СПАРТАКИАДАГА СТАРТ БЕРИЛДИ
Маълумки, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги ташкилот ва корхоналарда ишчи-ходимларнинг саломатлигига, соғлом турмуш тарзи тарғиботига жуда катта аҳамият берилади. Ҳар йили ходимлар ўртасида ўтказиладиган турли спартакиадалар, айниқса, «Касаба-тур» велопойгалари аллақачон оммалашиб кетган. Айтиш жоизки, йилдан йилга касаба уюшмалари аъзолари учун ўтказилаётган бундай мусобақалар гавжумлашиб, ҳаваскор спортчилар сафи кенгайиб бормоқда.
Сирдарё вилоятида ҳам касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси тизимидаги корхона ва ташкилотларда спорт мусобақаларини юқори савияда ўтказишга катта эътибор қаратилади. Хусусан, «Соғлом она ва бола йили»нинг бошиданоқ «Соғлом оила» спорт мусобақаларига старт берилди. Бу йўналишда спорт тадбирлари бошланғич ташкилотларда ўтказилиб, уларда минглаб ҳаваскор спортчилар иштирок этишмоқда.
– Хусусан, Гулистон тумани умумтаълим мактабларида спорт мусобақаларига алоҳида тайёргарлик кўрилиб, ўтказилмоқда, – дейди Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси тармоғи Гулистон туман кенгаши раиси Ўсарқул Усанов. – Спартакиадада иштирок этадиган ходимлар оилалари югуриш, акробатика, тўпни нишонга отиш, чаққонлик ва мерганлик эстафетаси, моҳир ҳужумчи (футбол тўпини тепиб дарвозга киритиш), «қаддимизни ростлаймиз, сакрашни боплаймиз», тезлик ва эпчиллик эстафеталари, арқон тортиш мусобақаси, бир жамоа эстафетаси каби шартлар бўйича беллашмоқдалар. Ғолиблар ва ғолиб жамоалар спартакиаданинг туман босқичида куч синашадилар, энг кучли ва чаққон деб топилганлар вилоят босқичида туманимиз шаънини ҳимоя қиладилар. Шуни алоҳида айтиш жоизки, спортсевар аъзоларимиз кенгашимиз томонидан доимий рағбатлантириб борилади.
Бундай мусобақалар ва ҳаваскор спортчиларни рағбатлантиришлар барча тармоқларга тегишли бошланғич ташкилотларда 15 январь – 1 феврал кунлари бўлиб ўтади, 8 февралдан – 23 февралга қадар туман, шаҳарларда (туман, шаҳар биринчилиги) тармоқлараро худудий кенгашларда ташкил этилган ташкилий қўмита раҳбарлигида, вилоят босқичи ташкилий қўмита раҳбарлигида 2016 йил 3 март куни Гулистон шаҳридаги “Алпомиш” спорт мажмуасида ўтказилади. Вилоят босқичида ғолибликни қўлга киритган спортсевар оилалар республика босқичига йўлланмани қўлга киритадилар.
Зебо Ҳайдарова.