Click to listen highlighted text!

БЕКТАРОР ВА БОҚИЙ СИЙМО

Гулистон шаҳридаги 1-болалар мусиқа ва санъат мактабида “Навоийни соғиниб” деб номланган адабий-бадиий кеча ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги  Республика халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлар илмий-методик маркази томонидан “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси, Сирдарё вилояти ҳокимлиги, халқ таълими бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда олимлар, ёзувчи-шоирлар, ёшлар иштирок этди.

Тадбирнинг очилишида Президентимиз эътибори билан Навоий сиймоси яна халқимиз ифтихорига айлангани таъкидланди.

Алишер Навоий – ўзбек халқи маънавияти юксалишига ғоят кучли таъсир кўрсатган, инсонийлик, тинчликсеварлик, юртпарварлик, маърифатпарварлик ғояларини тараннум этган буюк ижодкордир. Шоир асарларини ўқиш-ўрганиш ёшларни ана шундай қадриятлар руҳида камол топтиради.

Алишер Навоий сиймосини саҳнада гавдалантириш бир умрлик орзуим эди, – дейди тадбирда Навоий ролини ижро этган Олим Хўжаев номидаги Сирдарё вилояти мусиқали драма театри актёри Иброҳим Қосимов. – Ролга тайёрланиш асносида ҳазратнинг ҳаёти, муҳаббат, садоқат, эзгулик ғоялари йўғрилган асарларини қайта-қайта ўқиб чиқдим. Бу Навоийнинг буюк қалби, халқига муҳаббати, адолат йўлидаги хизматларини оз бўлса-да ҳис этишимга кўмаклашди.

Навоий сиймоси бетакрор ва боқийдир, – дейди Янгиер шаҳар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Мадина Маъмирова. – Ҳазрат яратган асарлар тонгдек шаффоф, мусиқага ҳамоҳанг. Навоий ўзининг жозибадор байтлари билан бу гулшанда саодатнинг калити одамларга яхшилик қилишда эканлигини уқтиради. Буни “Айлагач” ғазалини куйлаганимда янада теранроқ англадим.

Адабий-бадиий кечада Навоий ғазаллари билан айтилган қўшиқлар ижро этилди. “Сирдарё наволари” ашула ва рақс ансамбли ижросидаги миллий куй ва рақслар барчага кўтаринки кайфият бағишлади.

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!