СОҒЛОМ КЕЛАЖАККА ҚЎЙИЛГАН ПОЙДЕВОР
Мамлакатимизда фарзандларимизнинг етук, баркамол инсонлар бўлиб улғайишлари, жисмоний ва маънавий жиҳатдан беками-кўст камол топишлари, уларнинг билим олишлари, айниқса, спортга бўлган қизиқишларини янада орттиришда кенг имкониятлар яратилаётганлигини бутун дунё аҳли тан олганлиги бежиз эмас, албатта.
Муҳтарам юртбошимиз 2016 йилни ”Соғлом она ва бола” йили деб эълон қилганликлари эса Ўзбекистонда она ва бола соғлигини мустаҳкамлаш, келгусида келажагимиз пойдевори бўлган соғлом фарзандларни дунёга келтиришда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
Яқинда Оқолтин туманидаги Сардоба шаҳарчасида жойлашган 1-умумтаълим мактаби спорт залида ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини жисмоний тарбия ва спортнинг оммавий турларига қизиқишини ошириш, айниқса оила аъзолари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш орқали ўз саломатлигига масъулият хиссини шакллантириш, спорт орқали саломатлигини тиклашга кўмаклашиш мақсадида ”Соғлом она ва бола” йили Дастури доирасида «Соғлом оила” шиори остида оилавий спорт мусобақаларининг туман босқичи ўтказилди.
Таълим, фан ва маданият ходимларининг оила аъзолари иштирокида ўтказилган оилавий спартакиадада 10 та оилавий жамоалар ўзаро беллашдилар. Мусобақалар “Соғлом оила” шиори остида ўтказиладиган Республика оилавий спорт мусобақаси Низоми асосида ташкил этилди.
Жамоалар спортнинг оммавий 8 та тури бўйича беллашадилар.
Мусобақа натижаларига кўра Андижон шаҳарчасида жойлашган 7-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Феруза Элтазарова оиласи 12 ёшдаги ўғил фарзанди билан ҳамда шу мактабнинг ишчиси Олимжон Ризоқулов оиласи 10 ёшли қиз фарзанди билан фахрли биринчи ўринни эгалладилар.
Ғолиблар таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси туман Кенгашининг фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари билан мукофотландилар.
”Соғлом она ва бола” йили Дастури доирасида ўтказилган ушбу спартакиада ходимлар оилалари ва фарзандлари соғлигини янада мустаҳкамлаш йўлида муҳим аҳамиятга эгадир.