ВАТАН ҲИМОЯЧИЛАРИ КУНИ КЕНГ НИШОНЛАНДИ

     Жорий йилнинг 12 январь куни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганининг 25 йиллигига бағишлаб, Гулистон шаҳридаги Хотира хиёбонида ўрнатилган Мотамсаро она ҳайкали пойига вилоят ҳокимлиги, ҳарбийлар, давлат ва жамоат ташкилотларининг вакиллари томонидан гулчамбарлар қўйилди.

     Сўнгра ҳарбий оркестр садолари остида Тошкент ҳарбий округига қарашли Гулистон гарнизонининг шартнома асосида хизмат қилувчи сержантлари ва офицерлари ҳамда вилоят ички ишлар ходимларининг ҳарбий паради бўлиб ўтди.

    Тадбир давоми ўлароқ Гулистон шаҳридаги Ёшлар марказида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

         Тадбирни вилоят ҳокимлиги  котибияти мудири Фарход Боқиев очди.

    Тадбирда сўзга чиққан Сирдарё вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев, Тошкент ҳарбий округи қўмондони ўринбосари, полковник Ойбек Исмоилов ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 25 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан  барча йиғилиш қатнашчиларини байрам билан самимий қутладилар.

   Нотиқлар, Биринчи Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз тинчлиги ва барқарорлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш бўйича тактик ва стратегик вазифаларни самарали ҳал этишга қодир, замонавий, ҳар томонлама яхши қуролланган миллий армиямизни ташкил этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилганлигини таъкидлади.

     Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг ташаббуси билан 1993 йил 29 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг қонунига биноан “14 январь – Ватан ҳимоячилари куни” деб эълон қилинди. Мазкур тарихий ҳужжатга асосан Ватан ҳимоячилари куни мамлакатимизда умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлаб келинмоқда.

      Ўзбекистон Республикаси Президени Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 28 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 25 йил” эсдалик нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ таъсис этилган эсдалик нишонлари давлатимизнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларни барпо этишга салмоқли ҳисса қўшган ҳарбий хизматчилар, Қуролли Кучлар фахрийлари ва  фидокорона меҳнат қилаётган фуқароларга эсдалик нишонлари, фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

   – Менинг камтарона хизматим юксак баҳоланиб, “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 25 йил” эсдалик нишони билан тақдирланганимдан бошим осмонга етди, – дейди Тошкент ҳарбий округига қарашли Гулистон горнизони бошлиғи, полковник Мустафо Кенжаев. – Бу мукофот нафақат менинг, балки горнизонимизнинг барча ҳарбийлари хизматига берилган баҳо деб ўйлайман.

    Байрам тадбирининг иккинчи қисми вилоят марказидаги “Наврўз” тўйхонасида бир пиёла чой устида атрофида давом этди.  Пойтахтдан ташриф буюрган ва вилоят санъаткорларининг концерт дастури йиғилганларда хуш кайфият уйғотиб, катта таъсурот қолдирди.

Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email