ЁШЛАР- КАСБДА МЕҲРЛИ, ИШДА ШИЖОАТЛИ
Ёшларга оид давлат сиёсати таълим-тарбия, маданий-маърифий, ижтимоий-сиёсий жабҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар муваффақиятида муҳим аҳамият касб этмоқда. Мамлакатимизда ёшларнинг пухта билим олиб, қизиққан йўналиши бўйича касб-ҳунар эгаллаши учун зарур шароит ва имкониятлар яратилган. Бугун биз эга бўлган имкониятларга катта авлод вакиллари, хорижий давлатлардаги тенгқурларимиз ҳавас билан қарамоқда. Бизнинг таълим олишимиз, меҳнат фаолиятимизнинг дастлабки уч йиллик жараёни ғамхўрлик билан назорат қилинади.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши жамоа шартномалари ва ҳудудий келишувлар орқали корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ёш мутахассисларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаати ҳимоясини янада кучайтириш, уларнинг касбий билими ва малакасини ошириш, иқтидорли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бу йўналишда қўшимча имтиёзлар яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.
Илк иш фаолиятини бошлаётганларда ҳали жамоада ишлаш кўникмаси шаклланмаган бўлиб жамоанинг ўзига хос жиҳатларига мослашиш учун устозлар кўмаги муҳим ҳисобланади.
Сўнгги йилларда битирувчи ёшларнинг меҳнатга оид масалалар, ҳуқуқий билимлар билан таништирилиш ишларининг йўлга қўйилганлиги ўз самарасини бераётир. Ўтган йилнинг апрел ойида Федерация Кенгаши томонидан касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун ишга жойлаштиришда имтиёзлар ва меҳнат кафолатлари тўғрисидаги қўлланма ишлаб чиқилиб, ўтган йил май ойида вилоятнинг 46 та коллежида ўтказилган ўқув-семинарларида ушбу қўлланмалар барча коллеж ўқувчиларига таништирилди, 9678 нафар битирувчиларга Федерация Кенгаши томонидан ишлаб чиқилган буклетлар ҳам тарқатилди.
Бундан ташқари вилоятда «Касб-ҳунар коллежларининг битирувчиларини, кейинчалик эгаллаган касблари бўйича ишга жойлаштиришни назарда тутган ҳолда, ишлаб чиқариш амалиётини ўташ учун аниқ корхона ва ташкилотларга – иш берувчиларга бириктириш ҳамда ишга жойлаштиришни ташкил этиш бўйича тадбирлар» мазмунида коллежларда ўқув семинарларини ўказиш бўйича режа-жадвал ва намунавий Дастур тасдиқланиб, жойларга етказилди. Ушбу режа-жадвалга биноан ўқув семинарларида тегишли маърузалар билан иштирок этиш учун вилоят касаба уюшмалари, Ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси, Давлат солиқ бошқармаси, Марказий банк бош бошқармаси ҳамда тижорат банклари, Савдо-саноат палатасининг вилоят бошқармаси вакиллари вилоятдаги 46 та касб-ҳунар коллежларига бириктирилиб чиқилди. Вилоят Касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси аппарати бўлим мудирлари, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашларининг вилоят бўйича масъул ташкилотчилари, туман кенгашлари раислари томонидан режа-жадвалда белгиланган саналарда “Меҳнат соҳасидаги халқаро стандартлар ва миллий қонунчилик, ёшлар меҳнатини тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари, Жамоа шартномалари ва улар орқали белгилаб қўйиладиган ёшларнинг меҳнат ҳуқуқлари тўғрисида”ги ўз маърузалари билан иштирок этишди. Кўриб турганингиздек, ёшларни меҳнат ҳуқуқи билан таништириш, иш бошлашлари учун таянч билим ва имтиёзлар бериш пухта тизим асосида олиб борилмоқда. Кўрсатилаётган бу каби ғамхўрликларни англаган ёшларнинг танлаган касбларига меҳри ошмоқда. Бу эса мамлакатимиз учун керакли мутахассисларни етиштиришда муҳим аҳамият касб этади.