Click to listen highlighted text!

БАЙРАМЛАР БИР-БИРИГА УЛАШИБ КЕТДИ

Байрамларга тўла баҳорнинг илк ойи юртимизга ўзгача шукуҳ бағишлайди. Диёримизнинг ҳар бир бурчагида байрамлар муносиб нишонланади. Дастлаб 8 март-Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан ҳар бир муассаса, корхона, ташкилотларда байрам дастурхонлари ёзилиб, хотин-қизларга, кексаларга байрам совғалари улашилади. Ушбу байрамга бағишланган тадбирлар тугар-тугамас Наврўзи оламни муносиб кутиб олишга тайёргарликлар бошланиб кетади.

Жамиятимизда меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик, инсонийлик, бағрикенглик ва бунёдкорлик, хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтириш ҳамда Наврўз байрамини муносиб кутиб олиш ва уни ўтказишда касаба уюшмаларининг фаол иштирокини таъминлаш, ЎКУФК ҳамда ВКУТб раёсатларининг қарорлари ижроси юзасидан вилоятдаги барча меҳнат жамоаларида байрам тадбирлари ташкиллаштирилмоқда.

– Жамоамизда 8 март байрамини юқори савияда ташкиллаштирдик, корхонада фаолият юритаётган 58 нафар аёлга қимматаҳо совғалар ва гуллар тарқатилди, улар учун байрам дастурхони ёзилди, – дейди «ОқолтинДон маҳсулотлари» АЖ бошланғич касаба ташкилоти раиси Ғайбулла Тагаев. – Шу кунларда жамоамиз Наврўз байрамига тайёргарликни бошлаб юборган. 12-13 март кунлари барча ишчи-ходимларимиз билан корхона ҳудудида ҳашар ташкил қилдик. Ҳудуддаги боғимизга мевали ва манзарали кўчатлар экдик. Энди Наврўз ва Сумалак сайли ўтказиш тараддудидамиз. Байрам кунлари албатта, корхонамизда кўп йиллар ишлаб, нафақага чиққан, ҳозирги кунда кексалик гаштини сураётган  фахрийларимиз ҳолидан хабар олинади, уларни бир пиёла чойга таклиф этиб, совғалар бериб, кўнгилларини кўтаришни режалаштирганмиз.

– 18 март куни таҳририятимиз ходимлари учун  Наврўз байрами тадбирини ўтказишни режалаштирганмиз, – дейди «Сирдарё ҳақиқати-Сирдарьинская правда» газеталари бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Холида Пардабоева. – Бунинг учун касаба уюшма қўмитаси ва иш берувчидан маблағ ажратилди. Ўйлайманки, тадбиримиз фаолларимизда яхши таассуротлар қолдиради.

Наврўз байрамини нишонлаш умумхалқ ҳашаридан кейинги кунларданоқ бошланиб кетган. Меҳнат жамоаларида ушбу байрам ўзига хос равишда, муносиб нишонланмоқда. Наврўз – меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик, инсонийлик, бағрикенглик ва бунёдкорлик, хайр-саховат байрами ҳамдир. Шу кунларда Давлат муассасалари ва жамоат хизмат ходимлари касаба уюшмаси тизимидаги ташкилотлар ҳудуддаги иккита «Мурувват» ногирон аёллар учун интернат-уйларида истиқомат қилувчи 240 нафар аёллар ҳолидан  хабар олиб, улар учун кийим-кечаклар тақдим этишмоқда, ёлғиз кексалар ва фахрийларга дори-дармон ва озиқ-овқат тўпламлари олиб берилмоқда.

Ушбу хайрли тадбирлар март ойининг сўнгги кунигача давом этади.

 

Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!