ИБРАТЛИ УМР
Маҳалламизда истиқомат қилувчи Саодатхон ая Жониқулова меҳнат фахрийси, элда эъзоз топган, шогирдлари бугун устоз даражасига етган онахонлардан бири.
Саодатхон ая 12 нафар фарзанд (6 ўғил ва 6 қиз) ни ўстириб, ўқитибгина қолмай, балки 30 йил давомида болаларга мактабда илк таълим сабоқларини берганЮ элнинг фарзандларини зиёга етаклаган. Бугунги кунда фарзандлари, келин ва неваралари ардоғида умргузаронлик қилиб келмоқда. 50 йил бирга турмуш қуриб, турмуш ўртоғи билан болаларда ўқишга, меҳнатга меҳр уйғотиб, эл корига ярайдиган инсон қилиб тарбиялади. Ота-онасиннг изидан борган ўғли Шуҳрат Жониқулов бугунги кунда маҳалламиздаги 38-умумтаълим мактабида ўқитувчи. Қолган фарзандлари ҳам бири шифокор, бири тадбиркор, боғбон.
Маҳалламизда Саодатхон аяни қайнона-келинларга ибрат қилиб, керак вақтида маслаҳат олиб ҳаётий тажрибаларини ўрганамиз. 6 нафар келин, 26 нафар невара ва 3 нафар чеваранинг меҳрибон бувиси Саодатхон аяга барчанинг ҳаваси келади.
Саодатхон ая неваралари билан ҳам шуғулланишдан чарчамайдилар. Қачон қарама, уларни атрофига йиғиб, ҳаётий сабоқлар бераётгани, ёки бўлмасам эртак ва ҳикоялар сўзлаб бериб ўтирадилар.
Ҳар кимга ҳам шундай олтин кексалик насиб этсин дея Саодатхон аяга узоқ умр тилаймиз.
Сурайё Бозорова, Боёвут тумани Совотобод маҳалласи ДММАТМ бўйича маслаҳатчиси