ТОШКЕНТ ШАҲРИГА САЁҲАТ
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича “Наврўз – қадриятларимиз тимсоли” номли тадбирлар режаси ҳамда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси қарорига асосан, Наврўз байрами шукуҳи давом этаётган ушбу шукуҳли кунларда Сирдарё вилоятининг олис туманларида истиқомат қилувчи 20 нафар ишловчи, эҳтиёжманд оилалар аёлларининг Тошкент шаҳрига саёҳати ташкил этилди.
Саёҳат ўтган йилда тўлиқ таъмирланиб, ўзгача қиёфа касб этган Зангиота зиёратгоҳи мажмуасидан бошланди.
– Мақбаранинг янги таъмирдан чиқарилган маҳобатли биноси, атрофнинг гулу-гулзорларга бурканганлиги бизда жуда катта тассурот қолдирди, – дейди Ховос туманидаги 9-умумтаълим мактаби фарроши Манзура Пардабоева. – Очиғи, мен бу ерга кўп йиллар давомида келмаган эдим. Ичкарига кириб, улуғ зот ҳаққига дуойи тиловат қилиб, замонамизга шукроналар келтирдик. Аллоҳга шукур, замонамиз тинч.
– Саёҳатимизни Зангиота зиёратгоҳидан бошлаганимиз кўнгилларимизни нурга тўлдирди, бу ерда олис вилоятлардан келган зиёратчиларни ҳам учратдик. Суратларга тушиб, олиб олдик, уйдагиларга кўрсатамиз. Насиб этса албатта, оила аъзоларимиз билан келамиз, деб ният қилдим, – Мирзаобод туманилик, Сирдарё АвтойўлБ корхонаси ишчиси Бозоргул Болтабоева.
Зиёратгоҳ ёнидаги замонавий «Миллий таомлар» кафесида мазали тушликдан кейин, саёҳатчилар Тошкент шаҳридаги Муқимий номли мусиқали драма театрига ташриф буюришди ва «Қайчи қуда» номли комедияни томоша қилишди.
-Ростини айтсам, театрга биринчи бор тушишим, илгарилари телевизордан спектакллар томоша қилганман, лекин ўз кўзи билан таниқли артистлар ижросидаги спектаклни томоша қилишнинг гашти ўзгача экан, – дейди Сирдарё туман ободонлаштириш бошқармаси фарроши Роҳила Ўзбекова.
– Комедия ҳам, артистлар ижроси ҳам бизга жуда ёқди, – дейди ҳаяжонланиб Сайхунобод тумани Шодлик МФЙда истиқомат қилувчи, вилоят реабилитация маркази ҳамшираси Мавлуда Поччаева. – Театр ҳақиқатан ҳам маданий дам олиш даргоҳи экан, ишга борсам жамоадошларимга кўрганларимни албатта гапириб бераман.
Спектаклдан сўнг саёҳатчиларнинг таклифига кўра автобусда Тошкент шаҳрининг кўркам кўчаларини айланиб, замонавий бинолар ва майдонларни томоша қилишди. Аёллар саёҳатдан олам-олам тассурот билан қайтдилар.
Зебо Ҳайдарова.